Оламнинг лисоний манзараси ва семантик майдонларга бўлиниши | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Спецвыпуск

Опубликовано в Молодой учёный №3 (107) февраль-1 2016 г.

Дата публикации: 10.02.2016

Статья просмотрена: 1263 раза

Библиографическое описание:

Эргашева, М. В. Оламнинг лисоний манзараси ва семантик майдонларга бўлиниши / М. В. Эргашева. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2016. — № 3.1 (107.1). — С. 59-62. — URL: https://moluch.ru/archive/107/25694/ (дата обращения: 18.12.2024).



 

 

Бизни қуршаб турган олам системавий табиатга эгадир. У қисмларининг ўзаро бир-бирини тақозо этувчи шартланган муносабатдан ташкил топган бутунликдир. Олам узвлари инсон онгида турлича акс этади. Оламнинг инсон онгида акс этиши унинг манзараси саналади. Шунга кўра оламнинг диний, афсонавий, илмий, лисоний манзаралари тушунчалари майдонга келди. Оламнинг лисоний манзараси деганда, олам системасининг тил орқали ифодаланиши тушунилади. Тил онгда акс этган объектив оламнинг ифодаловчиси экан, демак, у ҳам системавийлик хусусиятига эгадир. Тилнинг ана шундай системавий табиати Ф.де Соссюр диққатини жалб этди ва у жаҳон тилшунослигида илк бор субстанция билан шаклни ажратган ҳолда, тил субстанция эмас, балки соф шаклдир, деган ғояни олға сурди [1]. Бу билан тил ва нутқнинг ўзаро фарқланишига, тилнинг белгилар системаси эканлигига асос солди. Ф.де Соссюр лингвистик белгининг икки томонлама моҳиятга эга эканлигини, у ифодаловчи ва ифодаланмиш муносабатидан ташкил топган бутунлик эканлигини кўрсатиб берди.

Лингвистик бирликларни мазмуний семантик майдонларга бўлиб ўрганиш ҳам семантиканинг бир йўналиши саналади. Лингвистик семантиканинг структур семантика, концептуал семантика каби йўналишлари мавжудлиги тил бирликларини майдон асосида ўрганиш учун қулайликлар яратди. Ўзбек тилшунослигига майдон назариясининг кириб келиши тил бирликларига нисбатан систем-структур методларнинг қўлланила бошлаши билан боғлиқ. Бу борада амалга оширилган илмий тадқиқот ишлари ичида И.Қўчқортоев, А.Нурмонов, Ҳ.Неъматов, Р.Расулов, Э.Бегматов, Т.Мирзақулов, Ш.Искандарова, О.Бозоров, Р.Сафарова, Б.Қиличев, М.Нарзиева, Д.Ҳожиева каби тадқиқотчиларнинг илмий кузатишлари ўзбек тили лексикасини майдон назарияси асосида ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Майдон тушунчаси ва унинг тилшуносликка кириб келиши ҳақида Ш.Искандарова ва А.Собиров тадқиқотларида батафсил маълумот берилган [2].

Ҳозиргача мазмуний майдон тадқиқига бағишланган ишларда бу тушунча турлича талқин қилинмоқда. Уларни жамлаган ҳолда йирик икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳдаги олимлар муайян маъно асосида бирлашган тенг қимматли лисоний бирликлар синфини бир мазмуний майдон деб баҳолайдилар. Бундай вақтда майдон лингвистик парадигма билан умумийликни ташкил этиб қолади. Шу сабабли улар мазмуний майдон билан парадигма тушунчаларини бир-биридан фарқлашга ҳаракат қиладилар ва икки тушунча ўртасидаги дифференциал белги сифатида турли сатҳлилик ва бир сатҳлилик белгисини оладилар. Бунга кўра мазмуний майдон тушунчаси фақат бир умумий майдон атрофида бирлашган лексемалар муносабатига кўра қўлланилса, яъни фақат лексек сатҳга нисбатан қўлланилса, парадигма деярли барча сатҳ бирликлари учун қўлланила беради. Бундай вақтда парадигма тушунчаси муайян умумий маъно асосида бирлашган лексемалар синфини ҳам, синтаксемалар синфини ҳам, шунингдек, маълум умумий белги асосида бир синфга бирлашган фонемалар синфини ҳам ўз ичига олади.

Иккинчи гуруҳ олимлар эса парадигма, мазмуний майдон ва турли сатҳлик ўртасидаги дифференциал белги сифатида ана шу бир сатҳлилик ва турли сатҳлилик белгисини олган бўлсалар ҳам, лекин бу белгини парадигма ва майдон таркибидаги аъзолар ўртасидаги муносабатга нисбатан қўллайдилар. Биз мазмуний майдонга иккинчи нуқтаи назардан ёндошамиз ва бир мазмуний майдонга бирлашган аъзоларнинг турли сатҳлилигини эътироф этамиз.

Семантик майдон — у ёки бу семантик қатламда қайд этилган ўхшашликка эга бўлган ва специфик семантик муносабатлар билан боғланган семантик бирликлар йиғиндисидир.

Сигнификатив қатлам учун бундай ўхшашликлар айрим тушунчалар йиғиндиси сифатида талқин этилади. Денотатив қатлам учун ташқи муҳитнинг бир хил объектлари йиғиндисининг алоқаси сифатида, экспрессив қатлам учун нутқий бўлакларнинг бўлаклари ўртасидаги синтактик алоқалари йиғиндисининг алоқаси сифатида талқин этилади. Шундай қилиб, ҳар бир семантик қатламда семантик майдонлар мавжуд.

Архибирликларнинг ҳам семантик майдонларга бирлашуви кўриб чиқилиши мумкин (масалан, сигнификатив-денотатив бирликларнинг ажратилмаган ҳолда кўрилиши) [3].

Семантик майдон тил лексик-семантик системасининг йирик систем-структур бирлиги ҳисобланади. У умумий интеграл белгилар асосида нафақат якка лисоний элементларни (якка лексемалар, лексик-семантик вариантлар), балки турли хил лексик парадигмаларни ҳам бирлаштиради ва шу тариқа майдоннинг ҳар бир бирлиги унда бутун парадигматик комплексда намоён бўлади.

Семантик майдон ҳам бошқа системалар сингари структурдир. Анъанавий жиҳатдан структура — элементларнинг нисбий барқарор бирлиги, уларнинг муносабатлари ва объектнинг бутунлигидир; системанинг инвариантли аспектидир.

Ушбу тушунчанинг қўлланилиши лисоний маконни ҳар бири ўзаро узвий боғланган ва ўзаро таъсир этувчи кўплаб бирликлардан иборат бўлган гомоген ташкил этувчи қисмларга ажратишга имкон беради.

Семантик майдон алоҳида тил системаси сифатида мураккаб лисоний структурага эга. Майдоннинг структур ўзагини барча парадигматик гуруҳлар йиғиндиси ташкил этади. Парадигматик муносабатлар турли хил характерда бўлиб, у ёки бу мазмуний белгилари билан яқин бўлган лексик бирликларнинг ҳар-хил синфлари ёрдамида намоён этилиши мумкин. Парадигматик муносабатлар бир чизиқли эмаслиги билан фарқланади. Чунки маълум бир сўз бир вақтнинг ўзида турли лексик-семантик парадигмага мансуб бўлиши мумкин. Бунда сўзлар маълум бир семантик белгилари асосида ўзаро қарама-қарши қўйилиши мумкин.

Ю. Н. Караулов луғат составининг турли соҳаларини семантик майдонларга (масалан, хурсандчилик майдони), лексик-семантик гуруҳларга (масалан, ўзгариш маъносига эга бўлган сўзлар гуруҳи), мазмуний гуруҳларга (масалан, қушларнинг номи), синонимик қаторларга (масалан, ботир инвариант маънога эга бўлган қатор), ономасеологик гуруҳларга (масалан, рус тилида отлар ёрдамида вақт тушунчасининг ифодаланиши) ажратиш зарурлигини таъкидлайди [4].

И. В. Сентенберг тилнинг лексик-семантик системасида иерархиянинг семантик муносабатида турувчи қуйидаги асосий лексик-семантик парадигмалар ажратилишини кўрсатади: 1) лексик-семантик майдон; 2) лексик-семантик гуруҳлар; 3) мазмуний қаторлар (лексик-семантик подгруппалар); 4) кўп маъноли сўзлар; 5) синонимик, антонимик қаторлар, конверсивлар [5].

Майдон остида маъно умумийлиги (баъзан шаклий кўрсаткичлар умумийлиги) билан бирлашган ва ҳодисаларнинг тушунчавий, предметли ёки функционал мослигини акс эттирувчи лексик бирликлар йиғиндиси тушунилади.

Майдон тушунчасига Г. С. Шчур томонидан аниқлик киритилади. У майдонга умумий (инвариант) хусусиятларга эга бўлган лингвистик элементларнинг гуруҳланиши ва мавжудлик усули, деб таъриф беради [6].

Сўзларнинг лексик-семантик гуруҳлари лексик-семантик майдоннинг муҳим ташкил этувчи қисмлари (компонентлари) ҳисобланади. Семантик майдонларнинг қисмларини- лексик-семантик гуруҳлар, деб тасаввур қилиш мумкин. Яъни семантик майдон ва лексик-семантик гуруҳ (ЛСГ) тур-жинс муносабатида бўлади [7].

Л. М. Васильев лексик-семантик гуруҳ атамаси ҳатто бир умумий лексик парадигматик сема ёки бир умумий семантик кўпайтирувчи билан бирлашган сўзларнинг семантик синфини ифодалаши ҳақида фикр билдиради [8].

Бундай ўзаро муносабат бир лексик-семантик гуруҳ билан бирлашган сўзларнинг маъносида уларни бир-бирига боғлаб турувчи, ҳаммаси учун умумий бўлган бир семантик белгига асосланади. ЛСГлар синфининг ҳар бир лексик бирлигида доимий такрорланувчи, идентификацияловчи семалари ҳамда микромайдон структурасидаги бошқа лексемаларга зидловчи, ўзига хос дифференцияловчи семалар асосида ажратилади. Бир ЛСГнинг асосий парадигматик хусусияти шундаки, уларнинг маъносида умумий категориал лексик сема мавжуд. Бу сема гуруҳнинг семантик асосини ташкил этади ва ҳар бир алоҳида сўзда дифференциал сема ёрдамида аниқланади. Масалан, ошламоқ (дубить) (терини махсус эритмаларда ивитиш орқали қайта ишлаш) феълининг маъносидан қайта ишлаш лексик-категориал семасини аниқлаштирувчи дифференциал семалар бир типли, такрорланувчандир. Категориал сема эса ўзининг аниқланишида қандайдир аниқ, маълум бир аспектларга таянади. Ушбу аспектлар доирасида намунавий (типик) дифференциал семалар шаклланади. Бунинг натижасида ҳар бир алоҳида ЛСГда дифференциал семалар йиғиндиси ўзига хосликка эга бўлади. Худди шундай феъллардаги кўчиш, силжиш категориал семаси қуйидаги аспектларда аниқланади: йўналиш, кўчиш, силжиш воситаси, муҳит, иштирокчилар, интенсивлик ва бошқалар. Бир хил (тип), такрорланувчи семаларнинг мавжудлиги гуруҳ доирасидаги сўзларни маълум оппозициялар асосида боғлайди. Барча оппозицион алоқаларнинг йиғиндиси шундай гуруҳларнинг ички парадигматик структурасини шакллантиради. Структура поғонали иерархик характерга эга. Сўзлар гуруҳининг барча аъзолари асосий, таянч сўз билан приватив алоқада бўлади.

Таянч бирликнинг маъноси умумий характерга эга. Унда категориал семадан ташқари бир ёки икки дифференциал белги мавжуд холос. Масалан, олмоқ (брать) феълининг семантик структурасида грамматик ва лексик-грамматик семадан ташқари “объектнинг қўшилиши” — ҳаракат мақсадини ифодаловчи категориал сема ва “қўл ёрдамида” дифференциал сема мавжуд. Приватив боғланган сўзларнинг поғонавий занжири тугамайди, балки уларга қўшиш ҳаракатининг конкрет ва махсус ифодалари қўшилиб боради. Солиштиринг: олмоқ, қабул қилмоқ (получать), топиб олмоқ(добывать); қабул қилмоқ асраб олмоқ; олмоқ, чиқариб олмоқ, қазиб олмоқ; олмоқ, ёлламоқ ва ҳ.к. Приватив оппозиция асосида тартибли боғланган ушбу сўзлар занжири сўзлар ЛСГнинг ички структурасига кўппоғонали, (иерархик) система кўринишини беради.

ЛСГ аъзоларида мантиқий муносабатларнинг икки типи ажратилади: эквиполент ва приватив оппозиция. Приватив оппозицияда специфик семага оппозициянинг фақат бир аъзоси эга бўлган ҳолда киритувчи (включения) муносабат ифодаланади. (Говорить лгать, говорить+ложь). Эквиполент оппозиция учун кесишиш муносабати хосдир (лгать говорить+ложь), острить (говорить+остроты). Бу микросистемаларнинг ажратилишига экстралингвистик омиллар асос бўлади. А. А. Уфимцева бундай гуруҳларнинг ўрганилиши қуйидаги типлар асосида ўзига хос инвентаризациялаш билан чегараланишини белгилайди: уй-рўзғор буюмлари, тана аъзолари, кийим турлари, қурилмалар ва ҳ.к. Ҳатто сўзларнинг ички семантик боғланишларини ёритиб бериш ҳам уларнинг вазифаси сифатида белгиланмайди [9].

Семантик майдон структурасида лисоний ва концептуал аспектлар намоён бўлади. Майдон таркибидаги лексик-семантик ва тушунчавий элементларни кескин қарама-қарши қўйиш (таққослаш) мақсадга мувофиқ эмас. Семантик майдоннинг асосий вазифаси, аввало, воқеликнинг маълум бўлагини адекват лисоний акс эттиришдир. Шу тариқа семантик майдон уни ҳосил қилувчи сўзлар воситасида воқелик билан алоқада бўлади. Сўзнинг воқелик билан муносабати, ўз навбатида, денотатив ва сигнификатив маънолари асосида амалга оширилади: денотат сўз билан ифодаланган реалиялар синфини атайди, сигнификат эса бир турдаги реалияларнинг ўзига хос белгиларига ишора қилади. Лексикани тавсифлашда майдон орқали лисоний тушунча томон ҳаракат қилишда алоҳида маъноларни умумлаштириб тил лексик составининг бўлинишини белгиловчи асосий тушунчалар тўпламига эга бўламиз. Бу асосий тушунчаларга луғатларнинг мазмуний томонини таърифлаш имконини берувчи семантик компонентлар сифатида қараш мумкин.

Семантик майдонни системавий ташкил этишда семантик майдонларнинг структур элементлари бўлган уя (гнездо)нинг сўз ясовчи категориялари муҳим аҳамиятга эга.

Лексик-семантик майдонларни структурал таҳлил қилиш муаммоси жуда мураккаб, чунки парадигматик гуруҳлар бир чизиқли эмас, кўп поғоналидир. Сўзлар ўртасидаги парадигматик муносабатлар борлиқдаги воқеалар ўртасида мавжуд бўлган муносабатларга боғлиқ. Муносабатларнинг нолисоний шартланганлиги, жиҳоз, тана аъзолари, ҳаракат воситалари, аҳоли пунктлари каби сўзлар умумлашмалари орқали ифодаланувчи конкрет лексикада кузатилади. Улар предметлар гуруҳларини борлиқда акс эттиради.

Семантик майдон структурасининг асосий хусусиятларидан бири унинг бутунлиги ҳисобланади. Бу, хусусан, қуйи сатҳ бирликларига юқори сатҳ бирликларининг ҳодисаси сифатида қаралиши натижасида, яъни, кичик бирликларнинг катта бирликлар таркибига киришини кўрсатувчи поғонали муносабат асосида амалга оширилади [10].

Семантик майдонларни лексик-семантик гуруҳларга, сўзлар синфига бўлиш иерархиянинг юқори, лекин ягона бўлмаган поғонасидир. Ҳар бир лексик-семантик гуруҳ, ўзининг индивидуал структурасига эга. Лексик-семантик гуруҳ структурасининг элементи синонимия, антонимия, гипонимия ва ҳ.к.муносабатлар асосида бирлашган лексик-семантик вариантлардир. Ҳар бир гуруҳнинг умумлаштирувчи (интеграл) семаси сифатида, майдон архисемадан ташқари, гуруҳга ном берувчи инвариант сема юзага чиқади. Дифференциал семалар тўплами ҳар бир гуруҳ учун индивидуалдир. У бир ЛСГни бошқасидан ажратиб турувчи аниқ дифференциал белгини ифодалайди. Ушбу ҳолат билан семантик майдонларнинг бир турли эмаслиги унинг ажралмас, ядро ва перифериал зоналар майдонида намоён бўлувчи хусусиятлари сифатида тушунтирилади. Майдоннинг ядроси каби периферияси ҳам гуруҳли тузилмалар комплексидан, айрим элементлардан ва лексик-семантик варантлардан иборат. ЛСМ ўзига хос система ҳосил қилувчи бирлик сифатида ўзига хос ва мураккаб структурага эга.

 

Адабиётлар:

  1. Соссюр Ф. де. Труды по языкознанию. – Москва: Наука. 1977, с. 53.
  2. Искандарова Ш. Ўзбек тили лексикасини мазмуний майдон асосида ўрганиш. Филол.фанлари докт...автореф.Т.,1999;Собиров А.Ўзбек тилининг лексик сатҳини системалар системаси тамойили асосида тадқиқ этиш.Т.,”Маънавият”, 2004.
  3. Городецкий Б.Ю. К проблеме семантической типологии.-Москва:1969.-173 с.
  4. Караулов Ю.Н.Общая и русская идеография.- Москва: Наука, 1976.314 с.
  5. Сентенберг И.В. Лексическая семантика английского глагола.- Москва: Наука, 1976. 314 с.
  6. Щур Г.С. Теория поля в лингвистике.-Москва: Наука, 1974.255 с.
  7. Денисов П.Н. Лексика русского языка и принципы её описания.-Москва: Русский язык;1980.127 с.
  8. Васильев Л. М. Современная лингвистическая семантика. –Москва: Высшая школа, 1990. 175 с.
  9. Уфимцева А.А. Опыт изучения лексики как системы. (На материале английского языка). -Москва: Наука,1962.287 с.
  10.                     Солнцев В. А. Виды номинативных единиц.// Вопросы языкознания. 1987.№ 2.133с.

 

 

Основные термины (генерируются автоматически): семантика, Москва, дифференциал, парадигматика, сема, Лексика, лингвистика, Наука, парадигма, Русский язык.


Задать вопрос