Аннотация: Педагогик технология таълимнинг янги лойиҳаси ривожлантирувчи таълим тамойилларига асосланган бўлиб, ўқувчи шахсига йўналтирилмоғи керак. Илғор педагогик технологиянинг марказида эса таълим жараёнининг раҳбари ҳамда шу жараённинг субъекти-ю объекти бўлган ўқитувчи ва ўқувчи туради.
Калит сўзлар: Таълим, тарбия, дарслик, маҳорат, санъат, метод, технология, педагогик технологиялар, мезон, сиёсат.
Аннотация: В данной статье речь идёт об основанности педагогических технологий новым развивающим принципам. В центре педагогических технологий стоит руководитель, субъект и объект образовательного процесса- учитель и ученик.
Ключевые слова: образование, воспитание, учебник, мастерство, искусство, метод,технология, педагогические технологии, критерии, политика.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллика эришгач, таълим давлат сиёсатида марказий ўринлардан бирини эгаллади. Бу эса “Таълим тўғрисидаги” Қoнун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг” яратилишига асос бўлди. “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонун қоидаларига мувофиқ, миллий тажрибанинг таҳлили ва таълим тизимидаги, жаҳон миқёсидаги ютуқлар асосида тайёрланган ҳамда юксак умумий ва касб-ҳунар маданиятига, ижодий ва ижтимоий фаоликка, ижтимоий сиёсий ҳаётда мустақил равишда мўлжални тўғри ола билиш маҳоратига эга бўлган истиқбол вазифаларини илгари суриш ва ҳал этишга қодир кадрларнинг янги авлодни шакллантиришга йўналтирилгандир [1]. Натижада таълим жараёнида таълим мазмунининг янги лойиҳаси-илғор педагогик технологияларга ўтиш зарурияти вужудга келди.
Олий мажлиснинг ХIV сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Президенти И.А.Каримов “Янги дарсликларни, замонавий педагогик ва ахборот технологияларини ўз вақтида ишлаб чиқиш ва жорий этишни таъминлашни алоҳида назорат остига олиш зарур”лигини уқтирган эдилар [2].
Маълумки, ҳар қандай педагогик технология таълимнинг янги лойиҳаси ривожлантирувчи таълим тамойилларига асосланган бўлиб, ўқувчи шахсига йўналтирилмоғи керак. Илғор педагогик технологиянинг марказида эса таълим жараёнининг раҳбари ҳамда шу жараённинг субъекти-ю объекти бўлган ўқитувчи ва ўқувчи туради. Шундай экан, бу икки шахснинг ҳамкорлиги, ўзаро мулoқoти, бир-бирига кўрсатадиган таъсири энг замонавий ва миллий талаблар асосида ташкил топиши лозим. Бунинг учун биринчи навбатда, ўқитувчи таълим-тарбия жараёни олдига қўйилган талаблар, таълимни ташкил этиш ва бошқариш принциплари ҳамда йўллари, ўқувчини ақлий ва жисмоний жиҳатдан ривожлантириш усуллари, у билан ҳамкорлик қилиш, уни ўқишга, ўрганишга йўналтириш, ўқувчи шахси фаолиятини тўғри ташкил этиш, улар билан мулoқoтга киришиш, муаммо ва келишмовчиликларни бартараф этиш, синфда ижодий, ишчан муҳитни вужудга келтириш, ўқувчи фаолиятини аниқ ва тўғри баҳолаш методлари билан қурoлланган бўлиши лозим. “Технология” юнонча сўз бўлиб, “techhe” - “маҳорат”, “санъат” ва “logos” - “тушунча”, “ўрганиш” демакдир. Технология сўзи замирида жараёнларни амалга ошириш усул ва воситалари ҳақидаги билимлар йиғиндиси, шунингдек, объектда содир бўладиган сифат ўзгаришлар тушунилади [3].
Ўқитувчилар ўз иш фаолиятини қуйидаги технологик жараёнга бўйсундиришлари керак: тартибга солиш, бир тизимга келтириш, илгаридан лойиҳалаштирилган таълим жараёнини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш.
“Таълим технологияси” тушунчаси “Таълим методикаси” тушунчасига нисбатан кенгдир. “Таълим методи”-ўқув жараёнининг комплекс вазифаларини ечишга йўналтирилган ўқитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликда фаолият кўрсатиш усули. “Таълим методикаси” эса муайян ўқув предметини ўқитишнинг илмий асосланган метод, қоида ва усуллар тизимини ифодалайди.
“Таълим технологияси” тушунчаси таълим мақсадига эришиш инструментарийси, яъни илгаридан лойиҳалаштирилган таълим жараёнини яхлит тизим асосида босқичма-босқич амалиётга жорий этиш ва шу мақсадга эришишнинг метод, усул ва воситалар тизими, таълим жараёнини бошқаришни ифодалайди.
“Педагогик технология”нинг моҳияти дидактик мақсад, талаб этилган ўзлаштириш даражасига эришиш ва уни тадбиқ этишни ҳисобга олган ҳолда таълим жараёнини илгаридан лойиҳалаштиришда намоён бўлади.
Ўқитувчининг актив фаолият кўрсатишига йўналтирилган, дарснинг методик ишланмасидан фарқли ўлароқ, таълимнинг педагогик технологияси таълим олувчиларга йўналтирилган бўлиб, болаларнинг шахсий ҳамда ўқитувчи билан биргаликдаги фаолиятини ҳисобга олган ҳолда, ўқув мате-риалларини ўзлаштиришга қаратилади. Педагогик технологиянинг марказий муаммоси ўқувчи шахсини ривожлантириш орқали таълим мақсадига эришишни таъминлашдан иборат.
Ўқув материалини эсда сақлаб қолишга ва кўникмаларни ҳосил қилишга йўналтирилган билим ва маҳоратлар даражаси ўқувчиларнинг репродуктив ва маҳсулдор (продуктив) фаолиятларини уйғунлаштиришни талаб қилади.
Ўқув-билув фаолияти изланувчи, эвристик характер касб eтганда, юқoри даражадаги муаммоли, муаммоли-ривожлантирувчи таълим методи, вазиятларни таҳлил қилувчи топшириқлар методи, ишчан ўйинлар, мустақил ишлар, муаммоли характердаги топшириқлардан фойдаланиш зарур. Бу даражанинг педагогик технологияси эвристик технология деб аталади.
Таълим жараёнининг дидактик таркиби қуйидаги педагогик технологияларни ажратишга имкон беради: муайян ўқув тарбия мақсадларини бажаришга сабаб бўлувчи омилларни яратишга асосланган педагогик технология (келгусида ўқув омилларини яратиш технологияси), фаолият кўрсатишга асосланган педагогик технология ва бошқаришга асосланган педагогик технологияси. Таълим-тарбия жараёнининг мавзуси бутун дарс давомида ўқувчининг фаоллигини, мунтазам тарзда қизиқувчанлигини уйғотишга ундаш мақсадини кўзда тутади. Ўқув омилларини яратишга асосланган педагогик технология ўқувчиларни тезкорлик билан ўқув ёки ўқув-ишлаб чиқариш фаолиятига жалб қилишга имкон беради. Акс ҳолда, заиф, етарли даражада тушунарли бўлмаган ва натижани кўзламаган топшириқлар мавзунинг беқарор бўлишига олиб келади.
Ўқув омилларини яратишга асосланган педагогик технологияни тадбиқ этиш ва унинг мақсадига эришиш ўқитувчининг педагогик маҳорати, мулoқoт маданияти, нутқининг тўғрилиги коммуникатив маҳоратининг ўқувчиларга таъсири, педагогик техниканинг эгалланганлик даражаси ва бу техникани бевосита дарсда қўллашга улгура олишига боғлиқдир. Бу фаолият ўз навбатида янги коммуникатив технологияга асосланган ҳолда амалга оширилиши керак. Бу жараёнда ўқитувчи турли кўринишдаги фаолиятларда иштирок этади. Худди шундай педагогик фаолият шаклларидан бири ўқитувчининг ўқувчилар билан мулoқoтига асосланган биргаликдаги фаолиятидир. Мулoқoт якка шахсга ҳам йўналтирилган бўлиши мумкин, яъни ўқитувчининг ўқувчи билан ҳамда бир ўқувчининг иккинчи бир ўқувчи билан мулoқoти сифатида. Мулoқoт йўли билан ўқувчилар мавжуд нарса ва ҳодисани билиб оладилар, янгидан-янги ахборотларни қабул қиладилар. Бошқа бир томондан эса, ўқитувчи ўқув дастури талабларидан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи шахсини ўрганади.
Ўқитувчининг ўқувчи билан мулoқoти педагогик характердаги мулoқoт бўлиши, аниқ педагогик вазифани бажаришга йўналтирилиши керак. Жумладан: оптимал, яхлит, қулай ўқув муҳитини, руҳий вазиятни, ўқув фаолиятини оптималлаштириш, ўқитувчи ва ўқувчилар орасидаги муносабатни ташкил этиш ва шакллантириш назарда тутилади.
Ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги муносабат инсонпарварлик мезонлари асосида ташкил этилиб, нохуш ҳиссиётларни бартараф этишга йўналтирилмоғи лозим. Бу эса ўзаро педагогик таъсирни ташкил этиш учун алоқа воситаси, “кўприк”ни вужудга келтиради. Бошқа бир томондан олиб қараганда, педагогик мулoқoтнинг таркибий қисми бўлган коммуникатив фаолиятни қуйидаги схема асосида татбиқ этиш мумкин: педагогик жараённи моделлаштириш, синф билан мулoқoтга киришиш, бевосита мулoқoтни (коммуникатив ҳужумкорликни) ташкил этиш, ривожлантирувчи педагогик жараёнда мулoқoтни бошқаришни ташкил этиш, кўзда тутилган фаолиятни амалга ошириш давомида мулoқoт тизимини моделлаштириш.
Таълим-тарбия ишини ташкил этишда ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги ўзаро муносабат ва мулoқoтнинг турли йўллари (стиллари) мавжуд. Уларни қуйидагиларга ўқитувчининг ўқувчилар жамоасига нисбатан барқарор-ижобий, суст-ижобий ҳамда беқарор муносабатларига ажратиш мумкин.
Ўқув омилларини яратишга асосланган педагогик технология ўқитувчиларнинг ўқувчиларга коммуникатив таъсир этиш йўлларини ҳам ўз ичига олади. Кенг тарқалган методлар ёки коммуникатив таъсирлар қуйидагилардан иборат: ишонтириш методи, исботли натижаларга асосланиш методи, бевосита ва билвосита таъсир методи, ўз-ўзини тарбиялаш ва ўзаро таъсир методлари.
Педагогик технологиянинг фаолият кўрсатиши ҳисобига таълим жараёнининг мотивацияси кучайтирилиши мумкин. Маълумки, тайёр ҳолда олинган билимлар, одатда, уларни амалиётда қўллашни қийинлаштиради, бу айниқса, аниқ масалаларни ечишда намоён бўлади. Шунинг учун билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштиришда бевосита ўқувчиларнинг ўзлари фаолият кўрсатишлари талаб этилади. Бу муаммоларнинг ечими бевосита бошқарувга асосланган педагогик технологиянинг қўлланилиши билан боғлиқдир.
Ривожлантирувчи таълим технологиясининг етакчи принциплари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: инкорпорация-системали ёндашув асосида турли фанларга оид билимларни бирлаштириш, мослашганлик турли таълим муассасаларида таълим шакли, методи ва усулларининг қўлланилувчанлиги, уйғунлилик-муайян ўқув предметига оид ўқув материали мазмунининг шахсни ривожлантириш шакли, методи ва усуллари билан уйғун тарзда боғланиши, яратувчанлик-турли ўқув муассасалари педагогларининг педагогик технологияларни яратиш имкониятлари, табиийликни ҳис қила олишлик- шахснинг генетик ва ижтимоий жиҳатларига асосланган ҳолда ўқувчиларнинг ўзига хослигини индивидуал ҳусусиятларини ҳисобга олиш.
Таълим-тарбия жараёни учта ўзаро алоқадор бирлик таълим, тарбия ва ривожланиш сифатида кўриб чиқилади. Бу уч бирликни баробар тадбиқ қилиш жараёни модуллашган технологияни қўллашни осонлаштиради. Модуллашган технологиянинг характерли қирраларидан бири таълим мазмунини тартибга солишдан иборат бўлиб, бунда барча ахборотлардан фақатгина шундайларини қатъийлик ва қунт билан танлаб олиш керакки, улар давлат таълим стандартлари доирасида ўқувчилар фаолиятини зарурий етарли даражада муваффақиятли амалга оширишни таҳминлаши лозим.
Ўқув элементи ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади: фаолиятнинг аниқ элементларини ўргатиш билан боғлиқ бўлган назарий ва амалий ахборотлар, таълим учун зарур бўлган фаолиятни таҳминловчи материаллар ҳақидаги маълумотлар, мақсадлар идентификацияси, яъни таълим олувчиларни ҳаракатлантирувчи мақсадлар, ўқув материаллари ва ўқув шароитини назорат қилиш инструментлари, чунончи, ўқувчиларнинг кўзланган натижаларга эришишлари учун зарур бўлган шарт-шароитлар, тестлар, мақсад эталони ва бошқалар.
Таълим технологияси жараёнининг умумий мақсади бир неча даражаларда ойдинлашади: биринчиси - таълим муассасасининг мақсади ҳамда педагог ва унинг методик фаолияти идентификацияси, иккинчиси-ўқув предметининг мақсади, педагог ва унинг методик фаолияти идентификацияси, учинчиси- ушбу модул (ўқув элементи)нинг мақсади ва унинг ўқувчилар фаолиятидаги идентификацияси. Шундай қилиб, таълимнинг умумий мақсади алоҳида модулга ҳам, унинг ташҳис қилинадиган охирги натижаларига ҳам ўтказилади.
Янги педагогик технологияларни тузишда анъанавий таълим ва тарбия методларидан нималарни олиш мумкин? Ҳурматли Президентимиз И.А.Каримовнинг “Янгисини қурмасдан эскисини бузма” ибораси таълим тизимига ҳам бевосита оиддир. Анъанавий таълим ўқувчилар билан бевосита алоқа, оғзаки сўров, ёзма ишлар олиш, иншо, мустақил дизайн ва расм, чизмакашлик, амалий ишларни коғоз, ёғоч, юнг, метал, пластмасс материаллардан тайёрлаш мутолаа ва ҳ.к
Ҳар қандай мустақил давлатнинг ўз мафкураси бўлмоғи даркор. Таълим ва тарбияда умуминсоний қадриятлар билан бирга миллий ўзига хослик нисбати, мувозанати алоҳида аҳамиятга эга. Президентимиз И.А.Каримовнинг “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли”. “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат” рисолаларида ва ижодкор зиёлилар билан ўтказган учрашувида мустақил Ўзбекистон Республикаси мафкурасининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Бизга, Мовароуннаҳрга таълим назарияси қаердан келган? Овропаданми? Россияданми? Кўп сонли тадқиқотларга, тарихий манбаларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, таълим назариясини таълим-тарбия мазмуни, шакли ва услубларининг асосий жиҳатлари Шарқда ишлаб чиқилиб, Овропа орқали ўзгариб, ривожланиб ҳамда бузилиб, яна Мовароуннаҳрга қайтиб келди.
Бундай фикрни тасдиқлаш учун бир неча далилларнинг ўзи кифоя. Дунё тарихий педагогик жараёнида умуминсонийлик ва миллий масалаларни таҳлил қилиш ҳозирги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади. Бу борада Шарқ улуғи мутафаккирларининг ғоялари аҳамиятга моликдир. Маълумингиз бўлсинки, Ал-Форобий, Ибн Сино, Беруний, Ал-Хоразмий ва бошқаларнинг ғоялари дунё ижтимоий-педагогик жараёнига кўп жиҳатдан таъсир этиб, маълум даражада уйғониш даврининг асосий шарт-шароитларини яратиб берган.
Абу Али ибн Синонинг педагогик ғояларга тўла “Зийракли - Тирик ўғлон” асари испан адиби Ибн Туфайланинг “Якзон ўғли Хайя” ҳақидаги повестининг ёзилишига асос бўлади. Бу асарлар лотин тилида нашр қилинган бўлиб, Ж.Ж.Руссога таниш эди. У ўзининг “Eмилк ёки тарбия ҳақида” асарини ёзишда юқoридаги китоблардан фойдаланган. Испаниянинг педагогик олими Гундисалва (ХИИ аср) “Фалсафанинг бўлиниши” асарида Ал Форобийнинг “Фанлар саноғи” асарини лотинчага ижодий таржима қилади.
Оксфорд университетининг профессори Роджер Бекон (ХII аср) Ал Форобий ва ибн Синоларнинг хулосаларини чуқурлаштириб, ўзининг “катта”, “ўртача” ёхуд “кичик” қомусий китобларини ёзади. Бу асарлар, шубҳа йўқки, Овропода тарқалади ва маълум даражада ХV-XVI асрларда педагогикадаги пансофик ҳаракатга туртки беради. Пансофик ҳаракатининг ёрқин намояндаларидан бири чет эл педагоги Ян Амос Коменский эди. XVI асрда яшаб ижод қилган Я.Коменский педагогиканинг дидактикасини ривожлантиришга, таълимда ўқув плани, ўқув йили, синф-дарс системасини тадбиқ этишга катта ҳисса қўшган. Албатта, ҳозирги, муассасаларни оммавий тайёрлаш шароитида таълимни ташкил этишнинг синф-дарс системасидан бошқа шакли таклиф этилгани йўқ. Лекин Ўрта шарқда, IX асрда ҳали Овропонинг кўп жойларида, жумладан, Россияда ҳуснихат ишлатилмаган бир вақтда кўќна Хивада-Маъмун академаясида қанча-қанча тиббий, табиий, астрономия, математика, коинот илмлари бўйича йирик фан намоёндаларини Ал Беруний раҳбарлигида синф-дарс системасисиз тайёрланганлиги кишини ҳайратга солади.
Шарқ мутафаккирларидан Жалолиддин Давоний “Ахлоқ бу ироданинг маҳсули” деган эди. Шундай ибораларни Ал Беруний, ибн Синода ҳам учратиш мумкин. Бу иборанинг тагида жуда катта маъно ётади. Андишанинг оти ҳақиқатда ҳам қўрқоқлик ёки андишалилик, босиқлик, тўзимлилик, бу иродавийлик, кучлилик белгисими? Бир гапдан қолишлик бу қўрқоқликми ёки маданиятлиликми? Бу ва шунга ўхшаш ҳислатлар тушунчаси умуминсоний қадриятлар билан миллий ўзига хослик ўртасидаги мувозанатни белгилайдиган мезонлардан хисобланади.
Адабиётлар:
- Кадрлар тайёрлаш миллий дастури “Олий таълим: меъёрий ҳужжатлар тўплами”.-Т.:2001. 20-бет
- Олий мажлиснинг ХIV сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг сўзлаган нутқи.
- Хасанбаева О., Хасанбоев Ж., Хомидов Х. “Педагогика тарихи”-. Т.: “Ўқитувчи” 1997.