В данной статье рассматриваются опыты классификации, обслуживание и рекомендации по разработки её совершенствования, роли в системе национального учёта.
Ключевые слова: обслуживание, индикатор, классификация, мезон, классификационные модели, типология, учёт, статистика.
In the article practices of classification jobs are shown and recommendations are created about development role of national system counts of it
Key words: Job, indicator, classify, classification, criteria, classify’s models, typology, count, statistics.
Бозор муносабатларига асосланган иқтисодиёт орқали жаҳоннинг ривожланаётган мамлакатларида хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг таркибий ва асосий қисмини ташкил қилади. Чунки, хизмат киши, хўжалик юритувчи субъект, давлат ва жамиятнинг маълум бирор-бир эҳтиёжини кондиришга йўналтирилган кишиларнинг наф келтирадиган хизмат жараёни билан боғлиқ онгли фаолияти саналади.
Шулар асосида иқтисодиёт соҳасини бир меъёрда ривожлантириб, тартибга солиш таснифлашни тақозо қилади. Таснифлаш асосида объектлар тўплами уларнинг ўзаро ўхшаш ёки фарқли белгилари бўйича бошқа кичик тўпламларга ажратилади. Таснифлаш турли соҳалардаги кўрсаткичлар ҳисобини ифодалайдиган таснифлагич асосида амалга оширилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси мулкчилик шакллари таснифлагичи мавжуд бўлиб, бунда республика ҳудудидаги давлат, тижорат ва нотижорат ташкилотлари таснифланади ва кодлаш учун ундан кенг фойдаланилади.
Умуман олганда, хизматларни таснифлашда уларни маълум даражада тартибга келтиришда Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан мавжуд хизматларнинг 160 та турини 12 хил гуруҳга ажратилади [3]. Яъни, ишчанлик хизмати 46 турда, алоқа хизмати 25 турда, инжиниринг ва қурилиш хизмати 5 турда, дистрибьюторлик хизмати 5 турда, умумтаълим хизматлари 5 турда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш хизмати 4 турда, молиявий ва суғурта хизматлари 17 турда, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар 4 турда, туризм ва сайёҳлик хизмати 4 турда, дам олдириш, маданий ва спорт билан боғлиқ хизматлар 5 турда, транспорт хизматлари 33 турда ҳамда бошқа маиший хизматлар 7 турда таснифланади.
Халқаро валюта фондининг фикрича, барча хизматлар савдо қилинадиган ва савдо қилинмайдиган турларга бўлинади [4]. Бундай таснифда савдо қилинадиган хизматларга ушбу жараённи амалга ошириш мумкин бўлган хизмат турлари ва савдо қилиши мумкин бўлмайдиган хизматлар фақат миллий давлатларнинг ўзида амалга оширилади. Бироқ, ушбу хизматлар давлат ичида сотилади ва истеъмол қилинади. Бунга коммунал ва у билан боғлиқ хизматлар киритилади. Демак, фонднинг тавсияси бўйича сотиладиган савдо хизматларига қуйидаги хизматлар киритилади [4]:
-транспорт хизмати;
-бориб келиш хизмати;
-алоқа хизмати;
-қурилиш хизмати;
-суғурта хизмати;
-молиявий хизматлар;
-компьютер ва ахборот хизмати;
-роялти ва лицензия тўловлари хизмати;
-бошқа бизнес хизматлари;
-шахсий, маданий ва рекреацион хизматлар;
-ҳукумат хизматлари.
Умуман олганда, хилма-хил хизмат турлари асосида хизмат кўрсатиш ва сервис фаолиятининг таснифи бўйича таснифлаш мезонлари ишлаб чиқилган. Таснифлаш мезонларни ишлаб чиқиш хизмат ва сервис фаолиятининг муҳим типологик белгиларини аниқлаш ва танлашга йўналтирилган ва бу уларни йўналиш, турлари ва гуруҳлари бўйича таркибий қисмларга бўлишга ёрдамлашади. Ушбу сифат мезонлари тасодифий ёки кам аҳамиятли бўлмаслиги, сервиснинг муҳим хусусиятларини акс эттиради ва бир қатор реал хизматлар асосида муҳим типологик бирликларни шакллантиришга имкон беради.
Аввало, хизматларни таснифлаш мезонларини ишлаб чиқиш муҳим устувор масала ҳисобланади. Чунки, бир-бири билан мураккаб солиштириладиган таснифлаш ёки классификациялаш схемаларини тузишда жуда кўп ёндашишлар мавжуд. Бу эса ҳар бир мамлакатда ҳам сервис фаолиятини таҳлил этишни мураккаблаштиради. Тадқиқотчи олимлар томонидан таснифлаш мезонларининг назарий муаммоларини ечишга эътибор қаратилади, турли вазиятларга мослаштириб ишлаб чиқилади ва бунда сервис фаолиятини гуруҳлашни енгиллаштирувчи амалий талаблар ҳисобга олинмайди.
Таснифлашда хизматлар соҳасининг тармоқ ичидаги алоқалари амалиёти давлат ва давлатлараро муносабатлар хўжалик алоқалари жараёнида осон ишлатиладиган умумқабул қилинган таснифлаш схема ва ёндашишлардан фойдаланишни талаб қилади. Бунда меҳнат хусусияти, хизматларни фойдаланиш соҳалари, уларни мўлжалланиши билан боғлиқ бўлган сервис фаолиятининг энг муҳим белгилари ҳисобланадиган мазмуний ва функционал мезонларга кўра хизматлар тақсимланади. Натижада, доимий равишда янги сервис турлари кўпайиб боради ва хизматлар ўз табиати ва функционал мўлжалланишига кўра мураккаблашиб боради. Демак, турли ривожланаётган мамлакатларда бир хил бўлмаган миллий таснифлаш моделларидан фойдаланиш қуйидаги икки хил жиҳатга эгалиги билан ажралиб туради:
-модалар сервис фаолиятининг турли ва ёпиқ тавсифларини акс эттиради ҳамда замонавий сервисни ўзгараётган дунёга мослашиш имкониятларини тўла намоён қилади;
-ўзаро солиштириб бўлмайдиган моделлар асосида халқаро даражада хизматлар соҳасини таққослаш йўли таҳлил этишни қийинлаштиради.
Аввало, Шимолий Америка ҳудудида қабул қилинган хизматлар таснифи модели мазмунли ва функционал мезон асосида тузилган ва қуйидаги йирик сервис фаолиятининг йўналишларини ўз ичига олади:
-транспорт хизматлари (темир йўл, авиация, юк ташиш ва йўловчи ташиш);
-коммуникация хизмати (телефон, телеграф ва радио);
-жамият учун фойдали хизматлар (электр, сув ва газ таъминоти);
-оммавий фаолият хизматлари (чакана ва улгуржи савдо);
-молиялаштириш, суғурталаш, шу жумладан кўчмас мулк билан ишлаш хизмати;
-бевосита сервис (отеллар, шахсий тавсифдаги хизматлар, оммавий тадбиркорликни ташкил этиш бўйича маслаҳатларва бошқалар);
-бошқа сервис турлари.
Шулар билан бирга, жаҳон мамлакатлари амалиётида турли ҳудуд ва давлатларида қабул қилинган таснифлаш схемаларини турлича талқин қилиниши ва ўзаро таққослаш мумкин эмаслиги билан боғлиқ бўлган қийинчиликларни енгиб ўтиш усуллари ахтарилмоқда. Бу борада ривожланган давлатларнинг статистика органлари томонидан ҳисобга олинадиган хизматлар таққосланадиган статистик маълумотлар билан ўзаро солиштириш ва ўрганиш учун жуда мос масала саналади ҳамда бу хизматлар қуйидаги турларга ажратилади:
-ишбилармонлик хизматлари;
-алоқа хизматлари;
-қурилиш ва инжиниринг хизматлари;
-дистрибьютер хизматлари;
-умумтаълим хизматлари;
-молиявий хизматлар;
-соғлиқни сақлаш ва социологик хизматлар;
-туризм ва саёхат қилиш хизматлари;
-транспорт хизматлари;
-бошқа хизматлар.
Шуларга асосланиб, ривожланган мамлакатларни давлатлараро амалиётида иккита ўзаро боғланган мезонларга асосланган таснифлар ишлатилади. Бу ўз навбатида хизмат тури ва унинг фойдаланиш доирасидан келиб чиқиб, қуйидагича амалга оширилади:
Ривожланган давлатлар амалиётида мезонларга асосланган хизматларнинг таснифлари
Хизмат тури |
Фойдаланиш доираси |
Ишлаб чиқариш хизматлари |
инжиниринг, лизинг, жиҳозларга хизмат кўрсатиш (таъмирлаш) ва бошқалар |
Тақсимлаш хизматлари |
савдо, транспорт ва алоқа |
Жамият хизматлари |
телевидение, радио, таълим ва маданият |
Жавдалга асосланиб, ривожланган мамлакатларда хизматларни таснифлаш тармоқли ёндашишга асосланган бўлиб, тарихий хўжалик юритиш амалиёти ва хизмат соҳасидаги давлат бошқаруви билан бевосита боғланган бўлади. Айнан, шунга ўхшаш таснифлаш схемаси Россия мамлакати хўжалик юритиш амалиётида қўлланилади ва бунинг асосида ахолига хизмат кўрсатишнинг классификатори ишлаб чиқилган. Натижада, Россия ва Шимолий Америка мамлакатлари хизматларининг таснифи моделларини ўзаро таққослаш мумкин. Яъни, Россия модели баъзи хизматларнинг турлари бўйича чуқур таснифланади ва бошқа хизмат турлари унчалик тўла акс эта олмайди.
Шу билан бирга, таснифнинг қўшимча бўлимда алоҳида йўналиш сифатида ажратилмаган янги хизматлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар келтирилган ва улар умумий ҳолда «бошқа хизматлар» гуруҳида тўла акс эттирилган. Бунда янги хизматлар қуйидагича гуруҳланади:
-кўчмас мулк битимидаги воситачилик хизматлари;
-мулк нархини баҳолаш бўйича хизматлар;
-информацион ва компьютер хизматлари;
-реклама соҳасидаги хизматлар;
-ўйингоҳлар фаолияти ва хизматлари;
Дарҳақиқат, бугунги кунда давлат томонидан ҳисобга олиш ва статистика амалиётида ишлатилаётган умумаҳамиятга эга бўлган гуруҳлар билан биргаликда иқтисодий таҳлил учун қулай бўлган хизматларни таснифлаш йўналишлари ва гуруҳлари ишлаб чиқилмоқда. Ҳамда, хизматлар таснифи амалиётида хизматларни материал ва номатериал хизматларга ҳам бўлинади. Аммо, хизматларни бундай бўлиниш шартли бўлиб, у ёки бу турдаги хизматлар материал ва маънавий хизмат кўрсатиш элементларисиз амалга оширилмайди. Шунингдек, сервис ишлаб чиқариш ва иқтисодий амалиёти учун муҳим ҳисобланган ва ўзаро мувофиқлаштирилган мезонларга асосланган таснифлаш варианти ҳам мавжуд бўлиб, бунда бир хил хизмат турли сифатларига кўра турли гуруҳларга тегишли, деб топилади.
Умуман олганда, хизматларни таснифлаштириш тажрибалари ва уларнинг миллий ҳисоблар тизимидаги ўрнини такомиллаштиришда марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни қамраб олган тасниф катта аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради.
Адабиётлар:
- Каримов И.А.Ўзбекистон – бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос хусусиятлари. – Т.: Ўзбекистон, 1996.
- «Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожланишини жадаллаштириш чора-тадбирлари» ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президент Қарори, 2006 йил 17 апрел.
- Арупов А.А. Казахстан в системе мировых торговых рынков. – Алматы: Университет «Туран», 2000. – с. 63.
- Киреев А.П. Международная экономика. Ч. 1. – М.: Международные отношения, 2000. С. 265.