Ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини такомиллаштиришга муносабат: изланишлар, муаммолар, йечимлар | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Библиографическое описание:

Искандаров, К. А. Ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини такомиллаштиришга муносабат: изланишлар, муаммолар, йечимлар / К. А. Искандаров. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2016. — № 29.3 (133.3). — С. 13-17. — URL: https://moluch.ru/archive/133/37854/ (дата обращения: 18.12.2024).



В статье описаны облик современного учителя, важные особенности для деятельности педагога, педагогическая этика, а также педагогическая одаренность.

Ключевые слова: педагогическая этика, педагогическая одаренность, педагогическое творчество, учитель.

Annotation: In article is described look of the modern teacher, important particularities for activity of the teacher, pedagogical ethics, as well as pedagogical gifts.

Keywords: pedagogical ethics, pedagogical gifts, pedagogical creative activity, teacher.

Ўқитувчи деярли ҳар куни ўқувчилар билан учрашади, савол жавоб қилади, уларнинг яхши ишларини маъқуллайди, билимини баҳолайди, ножўя хатти-харакатлари учун танбеҳ беради. Албатта ўқитувчининг фикри, мулохазаларида нисбийлик, субъективлик аъломатлари мавжуд. У ҳаммага айнан бирдек жуда тўғри муносабатда бўла олмаслиги мумкин. Лекин у ҳамма ўқувчиларга нисбатан холис ниятли яхшилик қилишга интилувчи, адолатли киши эканлигига барчани ишончи комил бўлмоғи даркор. Синфда ўқитувчи яхши кўрадиган, ёмон кўрадиган, ўқувчилар бор деган таъассурот туғилмаслиги керак.

Хуллас, обрў ўқитувчилик фаолияти учун зарур хусусиятдир. Обрў кишининг чуқур билими, юксак аҳлоқий сифатлари, ҳаёт тажрибаси, илмий тадқиқот ва жамоат ишларида фаол иштирок этиши туфайли орттирилган, кўпчилик томонидан эътироф этилган таъсир нуфузидир.

Педагогик фаолият ўз моҳиятига кўра ижодий характерга эга. Маълумки, инсон олдида бирор муаммо тургандагина ижодкорликка эҳтиёж туғилади. Ўқитувчилик фаолияти ана шундай хусусиятга эга педагогик ижодкорликнинг асосий моҳияти, педагогик фаолиятининг мақсади ва характери билан боғлиқ. Педагогик фаолият киши шахсини, унинг дунё қарашини, эътиқодини, онги, хулқ-атворини шакллантиришдек умумий мақсадга бўйсунган сон-саноқсиз педагогик масалалар ечиш жараёнидир.

Ўқитувчи фаолиятидаги ижодкорлик ана шу масалаларни ечиш усулларида, уларни ҳал қила олиш йўлларини қидириб топа билишларида ифодаланади. Педагогик ижодкорлик манбаи — бўлган педагогик тажрибадир. Педагогик тажриба муаммоли вазиятларга жуда бойдир. Илғор педагогик тажриба деганда биз ўқитувчининг ўз педагогик вазифасига ижодий ёндашишини, ўқувчилар таълим-тарбиясининг янги, самарали йўл ва воситаларини қидириб топишни тушунамиз.

Илғор педагогик тажриба ўқитувчи томонидан қўлланадиган иш шакли ва усуллари, услуб ва воситаларидир. Улар воситасида ўқув-тарбиявий ишларни энг юқори натижаларига эришилади.

Илғор педагогик тажрибани ўрганиш, унга асосланиб янги педагогик ҳодиса ва қонуниятларни очиш, ўқув-тарбия жараёнига яхши сифатли ўзгаришлар киритиш, ўқувчиларнинг билим фаолиятини бошқариш, янги кўринишдаги ўқув жараёнини моделлаштириш муаммоларини ечишга сабаб бўлади.

Ижодий ишлайдиган ўқитувчи фақатгина болаларни муваффақиятли ўқитиш ва тарбиялаш, илғор ўқитувчилар тажрибаларини ўрганиш билангина чекланиб қолмасдан тадқиқотчилик кўникма малакаларига ҳам эга бўлиши зарур [1].

Ҳозирги замон фан ва техника тараққиёти ўқитувчининг ижодкор бўлишини, фаннинг муҳим муаммолари юзасидан эркин фикр юрита олиши, фан ютуқларини ўқувчиларга етказа олишини тақозо этади.

Бу аҳлоқий эътиқод ўқитувчининг дарс бериш жараёнида, тарбиявий ишларда, ўқувчилар ва бошқа кишилар билан муносабатларида, муомаласида, кундалик турмушда ўзининг шахсий намунаси билан аҳлоқий таъсир ўтказилишида кўзга ташланади.

Педагогик этиканинг асосий тушунчалари умуминсоний аҳлоқ категорияларига мос келади ва уларни ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ тарзда бир қадар аниқлайди. Педагогик этикада гуманизм, адолатлилик, виждонлилик, ҳалоллик, яхшилик қилиш кабилар ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ равишда таҳлил қилинади.

Аҳлоқ назариясида яхшилик энг муҳим категория ҳисобланади. Яхшилик-аҳлоқий ижобий фазилат бўлиб, норматив этиканинг идеалини, индивидуал аҳлоқда ижобий-хулқий фазилатларни мазмунини инсон фаолияти ёки бирор ҳатти-ҳаракатига ижобий муносабатининг йиғиндисини акс эттиради.

Яхшилик кишининг онги ва аҳлоқий амалиётида жамият ва шахс манфаатларининг бирлигини акс эттириб жамият ва шахсга манфаат келтирадиган, ижтимоий тараққиётга мос келадиган тушунчалар.

Педагогик этикада яхшилик тушунчаси ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ ҳолда аниқлаштирилади. Унда ўқитувчи ва ўқувчилар жамоаси манфаатларининг бирлиги, муаллим ва ўқувчи мақсадининг бирлиги, таълим ва тарбиянинг самараси учун курашнинг бирлиги акс этади. Яхшилик фазилати иккала томоннинг ҳам яхши ниятли, хайриҳоҳ, меҳрибон бўлишини тақозо қилади. Яхшилик қарор топиши учун ёмонликка муросасиз бўлиши лозим.

Яхши истак билан хуш муомалалик, яхши қилиқ, яхши ҳатти-ҳаракатнинг бирлиги зарур.

Шахс ахлоқини характерлайдиган белгилардан бири масъулиятдир. Ўқитувчининг масъулияти — масъулият тушунчасининг бутун мазмунини сақлаган ҳолда муаллимнинг фаолияти ва таълим-тарбия жараёнининг аниқ вазифаларини ҳам ўз ичига олади. Ўқитувчи зиммасига бола шахсини ҳар томонлама камол топтириш масъулияти юкланди. Муаллим ўқувчига чуқур назарий билимлар бериши, уни ҳаётга, меҳнатга тайёрлаши лозим.

Шу билан бирга, у боладаги мавжуд лаёқат ва қобилиятларни пайқаб, индивидуал муносабатда бўлиши, унда мавжуд бўлган ижобий аҳлоқий сифатларни авайлаб ўстириши даркор.

Муаллим синфда жамиятнинг вакили сифатида ўқитувчилар жамоаси билан ёлғиз ўзи иш олиб боради. Бундай шароитда ўқитувчининг масъулияти унинг хуқуқини тартибга солиб турадиган бошқарадиган куч, ўқитувчиларга таъсир ўтказиш даражасининг асосий мезони ҳисобланади..

Педагогик фаолият кўрсатаётган ўқитувчи маҳоратли равишда ўтаётган дарснинг таълимий-тарбиявий томонларни тушунарли қилиб болаларни фаолиятини дунёқарашда табиат ва жамият фаолиятидаги ўзгаришлардаги кўникмаларни малакаларга айлантиради.

Эътиқод, одоб, фуқаролик бурчини англаш ўқитувчининг асосий сифатларидан биридир. Мактаб ўқитувчисини ўзи тарғиб қилаётган идеалнинг фазилатларини шахсий намунасида кўрсатиш керак.

Болаларга меҳр-муҳаббат ўқитувчининг энг муҳим фазилатидир. Бу болаларнинг ҳамма қилиқ-қилмишларини кечириш уларга хушомадгуйлик қилиш эмас, балки талабчанлик ва қаттиққўллик, адолатлилик билан қўйилган меҳр-муҳаббат бўлиб ана шу сифатга эга бўлган шахс ўзининг кўп вақтини ва кучини болаларга бағишлайди. У зарур вақтида истакларини қурбон қилиб, болалар манфаати йўлида эҳтиёжларини чеклашга тайёр туради.

Ижтимоий фаоллик ва фуқаролик бурчини англаш ўқитувчи шахсига хос сифат, зеро хақиқий педагог тўла маънодаги жамоатчи бўлиб, болаларга ҳаётда ижтимоий фаол ҳолда туришининг амалий намунасини кўрсатади.

Ўқитувчининг муҳим фазилати кишилар билан тез эл бўла олиш, кўпчиликка аралаша билиш, дилкашлик бўлиб, бу унда муомала маданиятининг юксаклигини ифодалайди. Чунки ўқитувчига ҳамиша одамлар билан алоқа қилишга, улар билан ишлашга тўғри келади. Ўқитувчи ишидаги муваффақиятни кундалик фаолиятида катталар ва болалар, айрим гуруҳ ва якка шахслар билан алоқага кириша олиш қобилиятини таъминлайди.

Ўқитувчи одоби умуминсоний аҳлоқнинг категориялари, қоидалари ва нормаларини таълим-тарбия жараёнига мос хусусиятлари билан уйғунлаштириш, педагогнинг ўқувчилар, ўқитувчилар жамоаси, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари билан муносабатида ифодаланадиган касбий-аҳлоқий хусусиятдир.

Ўқитувчи педагогик этиканинг нормаларини ўзлаштириб олиши, тажрибада қўллаши, ўзининг дунё қараши ва аҳлоқий тажрибаси билан таққослаши лозим.

Фикрлаш ва ҳис этиш, турмушда синаб кўриш натижасида педагогик этиканинг қоидалари ўқитувчининг ўз этиқодига, интилишига, ўз аҳлоқий сифатига айланади.

Педагогик фаолият ёш авлодни ҳаётга, меҳнатга тайёрлаш учун халқ олдида, давлат олдида жавоб берадиган, болаларга таълим-тарбия беришга махсус тайёрланган одамларнинг меҳнат фаолиятидир. Мактаб ўқитувчиларининг фаолияти инсон шахсини шакллантиришга қаратилган. Ҳар бир бола ўз хулқ-атворига, характерига эга. Болаларни тарбиялашда уларнинг ана шу ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш, ўрганиш ниҳоятда мураккаб. Бунда одамлар ўртасидаги ижтимоий муносабатларнинг мураккаблигини ўзида акс эттирувчи махсус усуллардан фойдаланилади. Педагогик фаолиятга тайёргарлик кўраётган ёшлар унинг ана шундай хусусиятларини билишлари лозим. Педагогика, психология, услубиёт ва педагогик маҳорат бир-бири билан ўзаро боғлиқ, яқин алоқадаги фанлардир. Муваффақиятли ишлаш учун ҳар бир ўқитувчи педагогик маҳоратга эга бўлиши зарур. Педагогик маҳорат эгаси оз меҳнатини сарф қилиб, катта натижага эришади, ижодкорлик унинг хамиша ҳамкори бўлади. Педагогик ишга қобилиятли, истеъдодли кишидагина педагогик маҳорат бўлиши мумкин.

Қобилият фаолият жараёнида пайдо бўлади ва ривожланади. Қобилият малака ва уддабуронликдан фарқ қилади. Малака ва уддабуронлик машқ, ўқиш натижаси хисобланса, лаёқат ва зехн яъни инсон нерв тизимида анатом-физиологик хусусият бўлиши хам зарур. Ана шу табиий заминда қобилият деб аталувчи руҳий хусусият тараққий этади. Педагогик фаолиятнинг самарали бўлиши учун ўқитувчида қобилиятнинг қуйидаги турлари мавжуд бўлмоғи лозим.

Билиш қобилияти фаннинг — тегишли соҳаларига оид математик, физика, биология, адабиёт ва хоказоларга доир қобилиятдир. Бундай қобилиятга эга бўлган ўқитувчи фанни ўқув курси ҳажмидаги эмас балки анча ва чуқурроқ билади, ўз фани соҳасидаги кашфиётларни хамиша кузатиб боради, материални ипидан игнасигача билади, унга нихоятда қизиқади, оддий тадқиқот ишларини ҳам бажаради.

Тушунтира олиш қобилияти — ўқув материалини ўқувчиларга тушунарли қилиб баён эта олиш, ўқувчилар мустақил равишда фаол фикрлашга қизиқиш уйғотиш қобилиятидир. Ўқитувчи зарур ҳолларда ўқув материалларини ўзгартира олиши, қийин нарсани осон, мураккаб нарсани оддий, ноаниқ нарсани тушунарли қилиб ўқувчиларга етказа олиши даркор. Бунда ўқувчилар руҳиятини ҳисобга олиш зарур. Қобилиятли педагог ўқувчиларнинг билим ва камолат даражасини ҳисобга олади, уларнинг нима билишлари ва ҳали нимани билмасликларини, нимани унитиб қўйганларини тасаввур этади.

Кузатувчилик қобилияти — ўқувчининг, тарбияланувчининг ички дунёсига кира олиш қобилияти, ўқувчи шахсини ва унинг вақтинчалик руҳий холатларини жуда яхши тушуна билиш билан боғлиқ бўлган педагогик кузатувчанликдир. Бундай ўқитувчи ўқувчининг руҳиятидаги кўз илғамас ўзгаришларни ҳам тез фарқлаб олади. Ўқувчилар бундай ўқитувчилар ҳақида: “Қарамаётганга ўхшайдию, ҳамма нарсани кўриб туради. Ўқувчининг ҳафа бўлганини ёки дарс тайёрламаётганлигини кўзидан билади”- дейдилар.

Нутқ қобилияти — нутқ ёрдамида, шунингдек имо ишора воситасида ўз фикр ва туйғуларини аниқ ва равшан ифодалаш қобилияти. Бу ўқитувчилик касби учун жуда муҳимдир.Ўқитувчининг нутқи дарсда ҳамиша ўқувчиларга қаратилган бўлади. Ўқитувчи янги сабоқни тушунтираётган, ўқувчининг жавобини таҳлил қилаётган ёки танқид қилаётган бўлса ҳам унинг нутқи хамиша ўзининг ички кучи, ишончи, ўзи гапираётган нарсага қизиққанлиги билан ажралиб туради. Фикрининг ифодаси ўқувчилар учун аниқ, содда тушунарли бўлади.

Ташкилотчилик қобилияти — биринчидан, ўқувчилар жамоасини уюштириш, жипслаштириш, муҳим вазифаларни ҳал этишга руҳлантиришни, иккинчидан, ўз ишини тўғри уюштиришини назарда тутади.

Ўз ишини ташкил этиш деганда ишни тўғри режалаштира олиш ва уни назорат қила билиш назарда тутилади. Тажрибали ўқитувчиларда вақтни ўзига ҳос, хис этишини вақтга қараб тўғри тақсимлай олиш, белгиланган муддатга улгуриш хусусияти ҳосил бўлади.

Обрў орттира олиш қобилияти — ўқувчиларга бевосита эмоционал-иродавий таъсир кўрсатиш ва шу асосда обрў қозона олишдир. Обрў фақат шу асосдагина эмас, балки ўқитувчининг фани яхши бўлиши, меҳрибонлиги, назокатлиги ва ҳоказалар асосида ҳам қозонилади. Бу қобилият ўқитувчи шахсий сифатларининг бутун бир йиғиндисига, чунончи унинг иродавий сифатларига дадиллиги, чидамлилиги ва хоказоларга, шунингдек ўқувчиларга таълим ҳамда тарбия бериш масъулиятини ҳис этишга ўзининг ҳақ эканлигини ишонишга, бу ишончни ўқувчиларга етказа олиш қобилиятларга ҳам боғлиқ.

Тўғри муомала қила олиш қобилияти — болаларга яқинлаша олиш, улар билан педагогик нуқтаи назардан жуда самарали ўзаро муносабатлар ўрната билиш, педагогик назокатнинг мавжудлигини билдиради.

Келажакни кўра билиш қобилияти — ўз харакатларининг оқибатини кўра билишда, ўқувчининг келгусида қандай одам бўлиши тасаввур қила олишида, тарбияланувчида қандай фазилатларни тараққий эттириш лозимлигини олдиндан айтиб бера олишда ифодаланади.

Диққатни тақсимлай олиш қобилияти — ўқитувчи учун диққатнинг барча хусусиятлари, ҳажми, кучи, кўрувчанлиги ирода қила олиши, сафарбарлиги кабиларнинг тараққий этиши билан изоҳланади.

Педагогик меҳнатни, яъни таълим-тарбия ишларини тўғри ташкил қилиш фақат иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлмай, балки таълим-тарбиянинг сифатини оширишда, уни такомиллаштиришда ҳам катта аҳамиятга моликдир. Фаолиятни тўғри, тежамли ташкил қилиш кишининг ўзи учун ҳам, у билан бирга ишлайдиган кишилар учун ҳам қулайлик туғдиради.

Ўқитувчи меҳнатининг ўзига хослиги унинг кўп қирралилиги ва мураккаблигидир. Шу билан бирга бу меҳнат ижодий характерга эга, яъни у, фақат янгилик яратиб қолмайди, балки мазмунан ўзгариб ҳам боради. Ҳар бир вазият, ўқувчилар билан муносабатнинг ҳар бир онгли ўқитувчиликда маълум маънода бир-бирига ўхшамайди ва такрорланмайди.

Ўқитувчи иш кўрадиган соҳа — ўқувчи ҳам жисмоний, ақлий, руҳий жиҳатдан ўзгариб боради. Ўқитувчи меҳнатининг қийин мураккаблиги, ўқувчи билан муомала қилишнинг, унга таъсир кўрсатишнинг нозиклиги, ундан тарбия назариясини, психология фанини чуқур билишни талаб қилади.

Ўқитувчи меҳнатининг кўп қирралилиги, уни бажаришга сарфланадиган вақтда ҳам кўринади. Таълим-тарбиянинг мураккаблашуви ўқитувчи меҳнатига кетадиган вақт миқдорининг кўпайиб бориши билан характерланади. Бу эса ўқитувчининг иши ва бўш вақти ўртасидаги чегара тобора йўқолиб боришга сабаб бўлмоқда.

Ўқитувчи меҳнатининг яна бир хусусияти доимо ўқитувчилар назорати ва нигоҳи остида амалга ошишидир.

Ўқитувчи ўқувчиларга таълим-тарбия берар экан, унинг фаолияти турлари узлуксиз алмашиниб туради [2].

Таълим-тарбия ишларининг мураккаблашиб бориши ўқитувчининг вазифасини қийинлаштирмоқда ва фаолият соҳасини кенгайтирмоқда. Ўқитувчи билимларини ўзлаштириб, кейин уларни ёшларга ўргатадиган тадқиқотчи олим даражасига яқинлашмоқда, ўқитувчи болалар жамоасининг тадқиқотчиси, нозик психологик, тарбиячи сифатида назариётчи ва амалиётчига хос хусусиятларни ўзлаштирмоқда.

Биз ўқитувчининг меҳнати ўз характери билан тадқиқотчи олим меҳнатига яқинлашмоқда, дедик. Аммо бу иккала фаолият ўртасидаги умумийлик бўлсада уларнинг тафовути ҳам мавжуд. Бу тафовут ўқитувчи меҳнатининг ўзига хос хусусияти билан белгиланади.

Ўқитувчининг мақсади фан учун янгилик очиш, педагогика назариясига тугал илмий ҳисса қўшиш эмас, балки ўзининг ва бошқаларнинг илғор тажрибасини чуқур таҳлил қилиб, таълим тарбиянинг самарали усул ва воситаларини топишдир. Ўқитувчиларнинг ижоди илмий педагогик тадқиқот билан таълим тарбия тажрибасини бир бирига боғлайдиган занжир ролини ўйнайди.

Илғор мактабларнинг иш тажрибасидан кўринадики, хақиқий илмий ва қимматли педагогик асар ана шу боғланиш туфайли юзага келиши мумкин ва шундай асардаги педагогик хулосалар, тавсиялар кўпчиликга маъқул бўлади ва мактабларда таълим тарбиянинг такомиллашувига муносиб ҳисса қўшади.

Ўқитувчининг ижоди ҳамма вақт маълум тажрибага асосланади. Чунки ижодкор киши нимагадир интилиши керак. Ўқитувчи илғор метод ва усулларни эгаллаш ҳамда ўз ишида қўллаш йўлларини излаб педагогик, рухшунослик ва таълим методикасининг ютуқларига мурожат қилади. Чунки ижодий ишлайдиган ўқитувчи ўзгалар тажрибасини таҳлилсиз тўғридан-туғри қабул қилмай, ўз тажрибасига таққослаб кўради. Шундан кейингина унинг янги томонларини қабул қилади. Демак, ижодкорлик хиссиёт эмас, балки ўқитувчининг узоқ ишлаши, юксак педагогик маданиятининг маҳсулидир.

Ўқитувчилик шарафли, лекин мураккаб касбдир. Яхши ўқитувчи бўлиш учун педагогик назарияни эгаллашнинг ўзигина етарли эмас. Чунки педагогик назария болаларни ўқитиш ва тарбиялаш ҳақида умумий қонун қоидалар, умумлаштирилган усулий ғоялар баён этилади. Ўқитувчиларнинг ёш индивидуал хусусиятларини эътиборга олиш таъкидланади. Мактаб ҳаёти, амалий педагогик жараён эса жуда хилма-хилдир. Педагогик назарияга мос келмайдиган вазиятлар учраб туради. Бу ўқитувчини кенг билимдонликни, пухта амалий тайёргарлик, юксак педагогик маҳорат ва ижодкорликни талаб этади.

Шунинг учун ҳам мустақил Ўзбекистон давлатининг умумий таълим мактабида ишлайдиган ўқитувчи:

- Педагогик фаолиятга қобилиятли, ижодкор, ишбилармон;

- Миллий маданият ва умуминсоний қадриятларни, дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган, диний илмлардан ҳам хабардор, маънавий баркамол;

- Ўзбекистон мустақил давлат сифатида тараққий этишига ишонадиган, ватанпарварлик бурчини тўғри англаган, эътиқодли фуқаро;

- Иҳтисосга доир билимлари, психологик, педагогик билим ва маҳоратни, шунингдек, назарий илмларни мукаммал эгаллаган;

- Ўқитувчилик касбини ва болаларни яхши кўрадиган ҳар бир ўқувчи улғайиб яхши одам бўлишига чин кўнгилдан ишонадиган, уларнинг шахс сифатида ривожланиб, инсон сифатида камол топишига кўмаклашадиган;

- Эркин ва ижодий фикрлай оладиган, талабчан, адолатли, одобли бўлмоғи даркор [3].

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Йўлдашев Ж. Г., Усмонов С. А. “Педагогик технология асослари”. Тошкент. — “Ўқитувчи”, 2004.
  2. Агзамов А., Юсупов А. “Ўқувчиларга билим беришда инновацион усуллардан фойдаланиш”. — Тошкент, 2004.
  3. Ишмухамедов Р. Ж. “Инновацион тахнологиялар ёрдамода таълим самарадорлигини ошириш йўллари”. — Тошкент, 2006.

1

Основные термины (генерируются автоматически): Педагогика, ана шу, балок, педагогическая одаренность, педагогическая этика.


Похожие статьи

Таълимда ўқитувчи ва ўқувчи шахси фаолиятини уйғунлаштириш технологиялари

В данной статье речь идёт об основанности педагогических технологий новым развивающим принципам. В центре педагогических технологий стоит руководитель, субъект и объект образовательного процесса- учитель и ученик.

Психоанализда онгсизлик концепцияси ҳақида

Ушбу мақола онгсизлик тушунчасини замонавий психоанализ таълимотида қандай шаклланганлигини таҳлил қилишга бағишланган. Маълумки, психоанализ замонавий фалсафа ва психология фанларида алоҳида ўринни эгаллайди ва унинг фундаментал асосини онгсизлик ту...

Ҳуқуқий ислоҳотларнинг ёшлар ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишдаги аҳамияти

В данной статье рассматривается значение реформ, проводимых в Республике Узбекистан в годы независимости, направленных на развитие правового сознания и культуры молодежи в обществе.

Яқинийнинг “Ўқ ва Ёй” асарига лингвистик муносабат

Ушбу мақолада мунозара жанрида қалам тебратган ХV асрда ижод қилган Яқинийнинг “Ўқ ва Ёй” асари, унинг қисқача таҳлили ва у ҳақидаги фикрлар келтирилган.

Ёшларнинг маънавий қиёфасини шакллантиришда мафкуранинг ўрни

В данной статье говорится о роли идеологии в жизни общества. Обращается внимание значению идеологии в воспитании молодёжи. Размышляется о взаимосвязи идеологии, экономики и духовности.

Сўз ясаш жараёни ва унинг араб адабий тилининг луғат таркибини шакллантиришдаги роли

Мақолада араб тилида сўз ясашнинг асосий услублари: морфологик ва лексико-семантик соҳалари, лексика билан грамматика ўртасидаги боғланиш, араб сўзларининг ўзагига ва таркибий андозасига кўра таснифи хақида айтилади.

Хизматларни таснифлаштириш тажрибалари ва уларнинг миллий ҳисоблар тизимидаги ўрнини такомиллаштириш

В данной статье рассматриваются опыты классификации, обслуживание и рекомендации по разработки её совершенствования, роли в системе национального учёта.

Лексик-стилистик усулларнинг инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиш муаммолари

В данной статье речь идёт о художественно- изобразительных свойствах, образно-лингвистических единственных, о выражениях и словах, выражающие чувства, о взаимоотношении словарно-логического и констектуального значений лингвистических средств, об обра...

Замонавий педагогик технологиялар воситасида ижтимоий-маданий компетенцияни шакллантириш ва махсус адабиётларни ўрганишга доир грамматик минимумлар

Карл Ясперснинг тарих ўқи концепциясида тарих фалсафаси масалалари

Мақоламизда машҳур экзистенциализм фалсафасининг вакили Карл Ясперснинг тарих фалсафасига бағишланган тарих ўқи таълимотини таҳлил қиламиз ва унга хос бўлган жиҳатларни ёритамиз.

Похожие статьи

Таълимда ўқитувчи ва ўқувчи шахси фаолиятини уйғунлаштириш технологиялари

В данной статье речь идёт об основанности педагогических технологий новым развивающим принципам. В центре педагогических технологий стоит руководитель, субъект и объект образовательного процесса- учитель и ученик.

Психоанализда онгсизлик концепцияси ҳақида

Ушбу мақола онгсизлик тушунчасини замонавий психоанализ таълимотида қандай шаклланганлигини таҳлил қилишга бағишланган. Маълумки, психоанализ замонавий фалсафа ва психология фанларида алоҳида ўринни эгаллайди ва унинг фундаментал асосини онгсизлик ту...

Ҳуқуқий ислоҳотларнинг ёшлар ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишдаги аҳамияти

В данной статье рассматривается значение реформ, проводимых в Республике Узбекистан в годы независимости, направленных на развитие правового сознания и культуры молодежи в обществе.

Яқинийнинг “Ўқ ва Ёй” асарига лингвистик муносабат

Ушбу мақолада мунозара жанрида қалам тебратган ХV асрда ижод қилган Яқинийнинг “Ўқ ва Ёй” асари, унинг қисқача таҳлили ва у ҳақидаги фикрлар келтирилган.

Ёшларнинг маънавий қиёфасини шакллантиришда мафкуранинг ўрни

В данной статье говорится о роли идеологии в жизни общества. Обращается внимание значению идеологии в воспитании молодёжи. Размышляется о взаимосвязи идеологии, экономики и духовности.

Сўз ясаш жараёни ва унинг араб адабий тилининг луғат таркибини шакллантиришдаги роли

Мақолада араб тилида сўз ясашнинг асосий услублари: морфологик ва лексико-семантик соҳалари, лексика билан грамматика ўртасидаги боғланиш, араб сўзларининг ўзагига ва таркибий андозасига кўра таснифи хақида айтилади.

Хизматларни таснифлаштириш тажрибалари ва уларнинг миллий ҳисоблар тизимидаги ўрнини такомиллаштириш

В данной статье рассматриваются опыты классификации, обслуживание и рекомендации по разработки её совершенствования, роли в системе национального учёта.

Лексик-стилистик усулларнинг инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиш муаммолари

В данной статье речь идёт о художественно- изобразительных свойствах, образно-лингвистических единственных, о выражениях и словах, выражающие чувства, о взаимоотношении словарно-логического и констектуального значений лингвистических средств, об обра...

Замонавий педагогик технологиялар воситасида ижтимоий-маданий компетенцияни шакллантириш ва махсус адабиётларни ўрганишга доир грамматик минимумлар

Карл Ясперснинг тарих ўқи концепциясида тарих фалсафаси масалалари

Мақоламизда машҳур экзистенциализм фалсафасининг вакили Карл Ясперснинг тарих фалсафасига бағишланган тарих ўқи таълимотини таҳлил қиламиз ва унга хос бўлган жиҳатларни ёритамиз.

Задать вопрос