В эпосе, который распространился среди людей, оба главных действующих лиц Gurugli и Avazkhan упоминаются вместе. Эпос был создан на основе главного героя по имени Gurugli, который упоминается в исследованиях как историческое лицо.
Ключевые слова: эпос, фольклор, главный герой, образ, прототип, версия, традиция, дастан, сюжет, посёлок, личность, помощник.
In Epos, which spread among people, both named Gurugli and Avazkhan are mentioned together. Epos was created on the basis of the main character named Gurugli, that is noted in the research as a historical person.
Key words: epos, folklore, the main character, figure, prototype, version, tradition, plot, settlement, person, assistant.
«Гўрўғли» эпоси туркий ва туркий бўлмаган йигирмадан ортиқ халқлар фольклорида мавжуд бўлиб, туркум «Аракс қирғоқларидан Амударёгача, Кичик Осиёдан токи Урал тоғлари ва Сибиргача, яқин Шарқдан Ўрта Осиё ва Қозоғистон ялангликларигача бўлган ҳудудда тарқалган» [1].
Эпос қайси бир халқ орасида тарқалган бўлмасин, ўша версияда Гўрўғли билан биргаликда Авазхон исми ҳам тилга олинади. Эпоснинг яратилишида асос бўлган унинг бош қаҳрамони Гўрўғлининг тарихий шахс эканлиги кўплаб тадқиқотларда қайд қилинади [2]. Шунингдек, Гўрўғли билан бирга Жалолийлар қўзғолони иштирокчиларидан 23 тарихий шахс исми келтирилади. Уларнинг орасида Аваз исми ҳам учрайдики, у Авазнинг эпик образи учун прототип бўлиб хизмат қилган [3].
Албатта эпосдаги эпик Аваз ўз прототипидан жуда узоқлашиб, бадиий образ сифатида эпос таркибидан жой олган. Эпосда Гўрўғлидан кейин турадиган асосий образ Аваздир [4].
Авазхон образи «Гўрўғли» эпоси туркий версияларнинг барчасида иштирок этади. Бироқ унинг қаҳрамонлик фаолияти ҳар бир версияда ҳар ҳилдир. «Озарбайжон ва турк версияларида Аваз (Эйваз) образи қарама-қарши тасвирга эга бўлган фигурадир. У энг қадимги вариантларда базмларга безак берадиган косагул сифатида гавдаланса, кейинги вариантларда жасур ва забардаст жангчи, баҳодир образи қиёфасида кўринади» [5].
Х. Г. Короглининг ушбу фикрининг Ўрта Осиё версиялари, хусусан Хоразм версиясига ҳам муайян даҳлдорлиги бор. Жумладан, «Гўрўғли» эпосининг 19 асрларнинг ўрталарида Хоразмга кўчирилган нусхаси бўлиб, унинг таркибида бевосита Авазхон фаолияти билан алоқадор тўртта, у иштирок қиладиган яна икки достон мавжуд [6]. Ўша қўлёзманинг «Авазнинг келтирилиши» деб номланган шохобчасида асранди фарзанднинг олиб келиниши ҳақида сўз юритилади. Врқеаларга разм солинса, Авазнинг гўзаллигига унинг Юсуфшоҳ саройи базмларида иштирок қилишга кўпроқ эътибор қаратилади. Бироқ уни Гўрўғли Чандибелга олиб келгач, асосий мақсадни Авазхондан мард ва жасур ватан ҳимоячиси тайёрлашга қаратади.
Бинобарин, эски вариантларда Авазнинг ёшлигини тасвирлашда Шарқда шоҳ саройларида ёш, гўзал йигитларнинг косагуллик қилиши анъанасига хос хусусиятлар анча устунлик қилади. Оғзаки вариантларда бу ҳолат кузатилмайди.
Хоразм версиясидаАвазхондаги асосий икки фазилатни камол топтириш мақсад қилиб қўйилади. Уларнинг биринчиси мард жангчи, иккинчиси соз ва сўз соҳибини тарбиялашдир [7]. Шу сабабли Авазхон Хоразм версиясидаги «Араб танған», «Қирқ минглар», «Авазхон», «Сафар Маҳрам» каби достонларда ўзининг мард жангчи қиёфасини намоён қилади.
Авазнинг фаолиятини кенг доирада тасвирлайдиган достон Хоразм версиясида «Авазхон» деб номланади. Лекин достонда Авазхоннинг асирга тушиши ва шу жараёндаги иродалилиги ва элига содиқлигини кўрсатиш очиб берилади. Ушбу достонга мазмунан мос келадиган достон Озарбайжон «Кўрўғли» сида «Дурна тели» (Турна пати) деб номланади. Достонда бошга қадаб қўйиш учун пат излаб кетиб, Авазхон Арслон подшога асир тушади [8]. Гўрўғли уни озод қилади. Маълумки, Ўрта Осиё версияси Озарбайжон (Кавказ) версиясидан асрлар давомида мустақил ҳолда куйланганлиги учун анча узоқлашган бўлса ҳам, уларда генетик алоқадорлик излари озми кўпми сақланиб қолган.
Эпоснинг Хоразм версиясидаги «Авазхон» шрҳобчасига туркман версиясида бирваракайига икки сюжет мос келади. Булар «Авазхоннинг халос этилиши» [9] ва «Сарвижон» [10] шохобчаларидир. Бу икки достон сюжети Хоразм версиясида бир достонга жамланган. Дарвоқе, Хоразм ўзбеклари ва қорақалпоқлар орасида Авазхон фаолияти билан боғлиқ бўлган бир қанча воқеаларни ўз ичига оладиган қўлёзма кенг оммалашган бўлиб, Бола бахши вариантининг асоси ҳам ўша қўлёзма билан узвий боғлиқдир.
ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимининг қўлёзмалар фондида «Авазхон» нинг араб алифбесида кўчирилган иккита қўлёзмаси бор [11]. Бу қўлёзма ўз ичига «Гўрўғли» эпосиннг деярли барча қисмларини қамраб олган. Жумладан, бунда Гўрўғлининг туғилиши, Авазхонни олиб келиши, Авазнинг аразлаб кетиб қолиб, Хунхоршоҳнинг қўлига тушиши, Гўрўғлининг уни қутқариши, Гулруҳпарига уйланиши ва бошқа қатор воқеалар ўзининг қисқача ифодасини топган.
Шу нарса характерлики, қорақалпоқ версиясининг «Авазхон» бўлими Хоразм ва туркман версияларига жуда ўхшаш бўлиши билан бирга айрим томонлари билан шарқий ўзбек ва қозоқ версияларига ҳам яқин келади. Хоразм версиясига ўз сюжети билан яқин келадиган достон сифатида эпоснинг шарқий ўзбек версиясидаги «Хушкелди» [12] достонини кўрсатиш мумкин.
«Гўрўғли» эпосининг шарқий версиясида Авазхон фаолияти билан алоқадор ўндан ошиқ достон бўлиб, ушбу образнинг тўлақонли қиёфаси ҳар томонлама мукаммал ишланган. Эпоснинг барча версияларида Авазхон образли кўмакчи қаҳрамон сифатида намоён бўлади.
Авазхоннинг буюк ватан ҳимоячиси сифатида мукаммал шахс бўлиб етишиши отаси Гўрўғлининг ҳомийлиги, устозлиги натижасида рўёбга чиққан.
Адабиётлар:
- Петросян А. А. История народа и его эпос. – М.: Наука, 1982, С. 73.
- Акимов М. Художественнқе особенности героических и любовных дастанов Азарбайджана. Баку. Знание. 1986. С. 35.
- Каррыев Б. А. Эпические сказания о Кёргоглы у тюркоязычных народов. – М.: ВЛ., 1968, С. 17.
- Кичигулов П. «Гороглы» хакында сохбет, Ашгабат, «Туркменистан», 1978, 71-бет.
- Короглы Х. Г. Взаимосвязи эпоса народов Средней Азии, Ирана и Азербайджана, – М.: Наука. 1983, С. 199.
- Сариев С. М. Хоразм «Гўрўғли» достонларининг қўлёзма вариантлари, НДА, – Т.:2007, 8-бет.
- Рўзимбоев С. Хоразм достонларининг спецификаси, типологияси ва поэтикаси. докт.дис. – Т.: 1990, 122-бет.
- Короглы, Баку, 1959, 142-166-бетлар.
- Гороглы. Ашгабат, 1970, 197-242-бетлар.
- Ўша китоб, 551-571-бетлар.
- ЎзР ФА ҚҚБ кутубхонаси, инв. 42938, 36801.
- Хушкелди, Тошкент, 1962.