Метод ибораси (юнонча-methodas-тадқиқот ёки билиш йўли, назария, таълимот маъносини англатиб) воқеликни билиш, ўзлаштириш, ўзгартириш усуллари мажмуасидир.Биз эса таълим методлар ҳақида сўз юритамиз. Ҳозирги педагогик амалиётида таълим методларнинг 200 дан ортиқ турлари мавжудлиги эътироф этилади.
Ушбу таълим методларини таълим жараёнига татбиқ этишда турли ёндашувлар ва методикалар мавжуд. Аммо бугунги замонавий таълим шароитида талабаларни таълим жараёнидаги фаоллигини оширишга қаратилган фаол методларни қўллашни талаб этади.
Шуни эътиборга олиш керакки, фаол метод танлаш нафақат таълим мақсадига, балки ўқув материали мазмунига ҳам боғлиқ бўлади.
Таълим олувчиларнинг ўқув-билиш ва ўқув амалий фаолиятларини фаоллаштиришда кўмак берувчи таълим методларини танлаш муҳим аҳамият касб этади. Фаол таълим методларни мақсадли йўналтирилган танлаш белгиланган ўқув мақсадга эришишни кафолатлайди.
Ҳар қандай таълимнинг мақсади — таълим олувчиларда билим, кўникмалари ва малакаларини шакллантиришдан иборатдир. Ўқув фаолиятида таълим мақсаднинг барча жиҳатлари амалга ошар экан, турли таълим методларни биргаликда қўллаш зарур. Шунинг учун, таълим методини танлашда энг асосий омил бўлиб аниқ ўқув машғулотининг дидактик вазифаси хизмат қилади.
Фаол методини танлашда унинг самарадорлик даражасини эътиборга олиш ҳам аҳамиятга эга. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўқув материали оғзаки баён этилганда талабалар маълумотнинг 5–10 % ни эслаб қоладилар. Ўқув адабиётларидан мустақил ўқиш маълумотнинг 10–15 % ни, кўргазмали материалларэса маълумотларнинг 20–25 % ни ўзлаштиришга имкон беради. Амалий методлар энг самарали метод ҳисобланиб, талабалар онгида маълумотнинг 75 % и сақланиб қолади. Лекин, ўқув-материалларини талабалар томонидан мустақил ўрганиш, амалий машғулотларини мустақил бажариш методлари ундан ҳам самаралироқ ҳисобланади, бунда 90 % билим ўзлаштирилади ва кўникма шаклланади. Демак, талабаларни мустақил ўрганиш, изланиш, муаммоларни мустақил ечиш, амалий таъсирларига йўналтирилган фаол методларни қўллаш яхши самара беради.
Ўқитиш жараёнида гуруҳидаги талабалар сони муҳим аҳамиятга эга. Агар гуруҳда талабалар кўпчилик бўлмаса, энг фаол методдан фойдаланиб, ўқитишни жадаллаштириш мумкин. Агар талабалар кўп бўлса, фаол методлардан фойдаланиш унга яхши натижа бермаслик мумкин. Талабаларнинг ҳар бири билан ишлаш учун вақт етишмайди.
Фаол таълим методларини танлашда таълим олувчиларнинг ўқув-билиш имкониятларини, яъни уларнинг ёши, тайёргарлик даражаси, ҳамда, жамоадаги ўзаро муносабатларнинг ўзига хослигини ҳам инобатга олиш муҳим. Ўқув машғулотига тайёргарлик вақтида, таълим методини танлаётиб, биз, албатта, талабаларнинг мустақил ва ижодий ишлаш қобилиятини ҳисобга олишимиз лозим. Фанга тегишли мавзуларининг ўқитиш кетма-кетлиги ва давомийлиги фаол метод танлашга таъсир кўрсатади. Фаол методларнинг баъзилари талабаларни фаоллаштиришга қанча кўп вақт талаб қилса, топшириқлар ёки амалий фаолиятлари бажарилишига ҳам шунча вақт талаб қилади. Ўқув машғулотда вақи шунчалик чегараланган бўлиши мумкинки, қўллашда кўп вақт талаб қиладиган фаол методдан фойдаланиши имконини бермайди. Баъзи фаол методларни қўллашда алоҳида шароитлар талаб қилинмайди, аммо махсус ўқув-моддий шароитлар талаб қиладиган фаол методлардан фойдаланмоқчи бўлсак, у ҳолда дидактик таъминотни амалга оширишимиз керак.Чет тилларни ўрганаётганда ўргатишга мўлжалланаётган тил материалига мос, яхши самара берадиган интерфаол методларни танлай билиш ҳам бир санъат.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Ishmuhamedov R. «Innovatsion texnologiyalar yordamida ta’lim samaradorligini oshirish yo’llari. Toshkent “Nizomiy nashriyoti”. TDPU 2005 yil.
- Jalolov J. “Chet tili o’qitish metodikasi” Toshkent.1996 yil.
- Yo’ldoshev J. T. “Yangi pedagogik texnologiyalar yo’nalishidagi muammoni yechimlari.Toshkent.1999 yil.