Бошланғич синфларда эртаклардаги мажозий образларни ўргатиш | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 30 ноября, печатный экземпляр отправим 4 декабря.

Опубликовать статью в журнале

Библиографическое описание:

Пирматова, Озода. Бошланғич синфларда эртаклардаги мажозий образларни ўргатиш / Озода Пирматова. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2017. — № 24.2 (158.2). — С. 43-45. — URL: https://moluch.ru/archive/158/44741/ (дата обращения: 16.11.2024).



Ҳозирда мамлакатимизда ёшларни баркамол авлод сифатида шакллантиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Мамлакатимизнинг биринчи Президенти И. А. Каримовнинг ҳар сафар ўз маърузаларида, асарларида: “Шуни унутмаслигимиз керакки, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ... Фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлашга эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим” [1],-деб уқтириши бежиз эмас эди. Ушбу жиддий вазифани амалга ошириш учун таълим-тарбия савиясини бошланғич синфларда тубдан яхшилаш лозим. Мустақил ва кенг фикрлашга эга бўлган ўқувчиларни тарбиялаб етиштириш учун энг аввало юксак маънавиятни камол топтириш йўлларини излаш керак. Бу йўлларнинг энг асосийларидан бири болаларни бадиий адабиёт оламига олиб киришдир.

Маълумки, I-IV синф ўқитувчиси ўқувчиларни китоб устида ишлашга ўргатади, уларнинг образли мушоҳадаларига таъсир этади ва маълум мақсадга йўналтиради, ўқувчилар билан образларнинг ахлоқий сифатларини ўрганиш давомида мулоҳаза, муҳокама юритишга йўллаб, тарбиявий мақсадни амалга оширади [2].

Бошланғич синфларда бадиий асарларнинг энг болаларбоп тури эртаклардир. Ўқувчиларни бадиий адабиёт оламига олиб киришда эртаклар асосий восита бўлиб ҳисобланади.

I-IV синф дарсликларидаги энг қизиқарли эртаклар ҳайвонлар, қушлар, турли ҳашаротлар образлари билан алоқадордир. Бу эртакларда мажозийлик асосий ўринни эгаллайди. “Мажозий эртакларда мажоз поэтик восита сифатида ҳал қилувчи ҳисобланади. Қатнашувчи персонажлар фақат ҳайвонлар бўлиб, доимо инсон тилида сўзлаб, ўзаро муносабатда бўладилар. Ҳайвонларнинг ўзаро тўқнашуви орқали инсоний муносабатлар очилади. Эртакларда ҳайвонлар дунёси шартли, аслида эса инсон психологияси ҳикоя қилинади. Улар мазмунида халқнинг идеал ахлоқ ва маънавий тушунчалари илгари сурилади” [3].

Эртакларни ўрганиш ҳаётни образлар орқали идрок этишга ёрдам беради, улар болалар қалбида чуқур из қолдиради. Эртаклар ёшларга ахлоқий ва эстетик тарбия беришнинг муҳим воситасидир. Дарсликлардаги ҳайвонлар образи билан боғлиқ эртаклар алоҳида ажралиб туради. “Ҳайвонлар ҳақидаги эртакларни кичиклар ҳам катталар ҳам севишади. Улардаги содда сюжетлар енгил ҳазм қилинади. Мушук, хўроз, қўён каби таниш образлар инсон онгида тез идрок қилинади ва унда ҳиссий акс-садо уйғотади. Ҳаётдаги оддий ҳайвонларнинг поэтик образлари болаларни оламга янгича кўз билан қарашга даъват этади [4].

I-IV синфларнинг “Ўқиш китоби”да танлаб берилган эртакларнинг мавзу ва ғояси ҳаёт қадар ранг-барангдир. Меҳнатсеварлик ва дангасалик, ростгўйлик ва ёлғончилик, вафодорлик ва хиёнат, раҳмдиллик ва шафқатсизлик, сахийлик ва бахиллик, донолик ва лақмалик, эзгулик ва ёвузлик, диёнат ва виждонсизлик, аҳиллик ва жанжалкашлик, қаноатлилик ва очкўзлик каби кўплаб воқеаларни ўз ичига олган эртак матнлари болаларни тарбиялашда энг муҳим дидактик восита сифатида хизмат қила олади.

Ушбу мавзуларни ўз ичига қамраб олган эртаклар I синфдан бошлаб токи IV синф дарслигида ҳам давом этади. Улар болаларнинг ёш хусусиятларига мос ҳолда жойлаштирилган. Пастки синфларда кўпроқ ҳайвонлар билан алоқадор эртаклар кўзга ташланади.

I синф дарслигида “Бўри билан турна”, “Бўри билан тулки”, “Шер ва сичқон”, “Очкўз сичқон”, “Ҳакка ва унинг болалари” каби эртаклар бунга мисол бўла олади. Бу эртакларда ёвузлик, очкўзлик сингари иллатлар қораланиб, дўстлик, аҳиллик каби сифатлар улуғланади.

“Очкўз сичқон” эртаги айнан очкўзликни қоралаш ва қаноатлиликни улуғлашга бағишланган.

Ўқитувчи эртакларнинг ғоявий мазмунини болалар онгига етказиш учун дарсликдаги ягона мавзу атрофида жамланган эртакларни ҳамиша ўзаро боғлаб, илгариги дарсларда ушбу мавзуда бўлиб ўтган суҳбатни болаларга эслатган ҳолда олиб борса, яхши натижага эришади.

“Очкўз сичқон” эртагини таҳлил қилиш олдидан ўқитувчи мазкур мавзудаги “Бўри билан тулки” эртаги ғоясини болаларнинг эсига солиб, қисқача суҳбат ўтказса очкўзликнинг ёмон иллат эканлиги ёшлар онгида яна бир марта жонланади. Дарсни қуйидагича ташкил этиш мумкин: Дастлаб ўқитувчи эртак матнини ифодали қилиб ўқиб беради.

Асар мазмунини илгариги муқобил сюжетлар билан боғлаш ва асосий ғояни белгилаб олиш учун ўқитувчи бир қанча саволларни ўртага ташлаб, уларга жавоб олиши ва ўша жавобларнинг тўла бўлмаганларини ўзи тўлдириб, кейинчалик асосий таҳлил объектига ўтиши мақсадга мувофиқдир. Саволлар қуйидагича тузилиши мумкин:

1.Болалар, илгариги дарсларимизда очкўзликка оид қандай эртакларни ўрганган эдик?

—“Бўри билан турна”, “Бўри билан тулки” эртакларини ўрганган эдик.

2.Ўша эртакларда қайси ҳайвоннинг очкўзлик натижасида жони ҳалокат остонасида қолган эди?

—Бўрининг очкўзлиги натижасида томоғига суяк тиқилиб қолган эди.

—Иккинчи эртакда-чи?

—Унда ҳам бўри кўп узум еб қўйиб боғбондан калтак еган эди.

3. Демак, очкўзликнинг асосида нима ётади?

—Очофатлик, еб тўймаслик.

—Жуда тўғри. Мана бугунги ўрганаётган эртагимиз қаҳрамони бўлган сичқон ҳам ўзининг нафси йўлида ҳалокатга юз тутди.

4. Болалар, эртак охирида қандай мақол келтирилган?

—Очкўзлик ёмон одат,

Келтирар у фалокат.

Ўқитувчи дарсга тайёрланиш жараёнида очкўзлик ва унинг акси бўлган қаноатлилик ҳақида баҳс этувчи бир қанча мақолларни танлаб, тайёр ҳолда ёзиб олиб келиш керак. Худди ўша пайтда уни деворга илиб, болаларга ҳам мустақил равишда мазкур мақолларнинг муқобилларини топишларини топшириш лозим.

Мақоллардан намуналар:

Оч бўл омонда бўл.

Оч юрсанг ҳам тинч юр.

Очофат тиши билан ўзига гўр қазир.

Очкўз эшак тўрва тешар.

Болаларга ушбу характердаги мақоллардан намуналар топиб келишни уйга топшириқ қилиб бериш янада яхши самара беради. “Ўқиш китоби”да ушбу мазмун доирасида эртаклардан бошқа материаллар ҳам берилган. Мазкур эртакдан кейин А.Авлонийнинг “Тақсим” номли ибратли ҳикояси келтирилган бўлиб, бу асарнинг охирига ҳам очкўзлик ва қаноатга оид мақол илова этилган:

Озга қаноат қилмаган кўпдан қолур.

Мазкур асарни ўрганганда унинг олдидан таҳлил қилинган эртак ғоясини янада ривожлантириш имконияти юзага келади. Агарда ўқитувчи очкўзликни иллат, қаноатлиликни фазилат сифатида ўқувчилар онгига етказишни мақсад қилиб қўйса, уни ҳар бир асар ғоясидан ахтариб, ғояни мустаҳкамлаб бориш зарур. Шундагина болалар бир-бирига зид бўлган бу икки тушунча моҳиятини чуқур англаб етадилар. Бундан ташқари, очкўзлик, қаноатлилик билан алоқадор эртаклар бошланғич таълимнинг юқори синфлари дарсликларига ҳам киритилган. Шу жиҳатдан олганда болалар IV йиллик таълимнинг барча босқичларида бундай характердаги эртакларга икки-уч марта дуч келишади. Агарда ўқитувчи уларни бир-бирига алоқадорлигини кўрсатса, очкўзлик тимсоли бўлган илгаридан таниш қиёфаларни болаларга эслатса, бундай характердаги эртакларнинг тарбиявий аҳамияти ўз самарасини бермасдан қолмайди.

Болаларни меҳнатсеварлик, ишбилармонлик руҳида тарбиялаш халқимиз учун қадимий анъана ҳисобланади. “Халқ ижодидаги ижобий қаҳрамонларнинг ҳаммаси халқ донишмандлари қўлида тарбияланган, замонаси нуқтаи назаридан тўла-тўкис камолотга эришган кишилар сифатида тасвирланади. Тарбиянинг етакчи роли улуғланади”[1].

Эртаклардаги қаҳрамонлар фаолиятига разм солинса, уларга дастлаб меҳнатсеварлик асосий фазилат сифатида сингдирилган. Шу сабабдан ҳам меҳнатсеварликнинг инсон ҳаётидаги ижобий роли, ялқовлик, дангасаликнинг киши ҳаётида фожеа эканлиги эртаклар ғоясидан чуқур ўрин эгаллаган. Меҳнатсеварлик ғояси мажозий эртакларнинг асосий объекти сифатида кўзга ташланади.

“Чумоли билан чигиртка” эртаги бунга яққол мисол бўла олади. Шуни таъкидлаш жоизки, Хоразм минтақасининг шева хусусиятлари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги сўзлашув нутқидан анчагина фарқларга эга. Шу сабабли от туркумига оид кўпгина сўзларда лексик фарқ яққол намоён бўлади. Масалан: гилос-чия; чия бўри-шоғол; ошқовоқ-кади каби.

Биз тилга олаётган эртакдаги чумоли сўзини ҳам маҳаллий шева вакиллари қаринжа ёки қумурсқа тарзида номлашади. Умуман олганда чигиртка сўзи ҳам ҳозирда анча кам ишлатиладиган номлардан бири бўлиб қолди. Шу сабабли эртак таҳлили олдидан бу икки номга алоҳида изоҳ бериш, уларнинг чизилган суратларини кўрсатиш зарурати туғилади. Албатта, эртак қаҳрамонлари номларининг маъносига тушунмай туриб, унинг мазмуни ва ғоясини англаб олиш анча мушкуллик туғдиради.

Болалар бу икки жонзотни умуман кўрмаган бўлишлари мумкин. Агарда бола уларга ушбу ҳашаротларнинг расми кўрсатилса ва имконият доирасида уларнинг жонли қиёфаси намойиш этилса, иш осон кўчади. Бу жараёнда мактабда ташкил этилган жонли бурчак ёки зоомузейдан фойдаланиш янада яхши натижа беради.

Эртаклардаги ҳайвонот ва ҳашаротга алоқадор жонзотларнинг номлари ва қиёфаси масаласини ёритишда ҳамиша кўргазмалиликка асосланиш ўқитувчининг биринчи галдаги вазифаси бўлиб қолиши керак.

“Чумоли ва чигиртка” эртагини таҳлил қилишда турли усуллардан фойдаланиш мумкин.

I-II синфларда аксарият ҳолларда савол-жавоб асосида иш тутиш анъанага айланиб қолган. Агарда мазкур усул қўлланилган тақдирда матн маъносини очиб бериш, ундаги мазмун ва ғояни болалар онгига тўла етказиш учун ўртага ташланадиган саволлар жуда аниқ ва мукаммал бўлиши зарур. Бундай саволлар ўқувчиларда иккиланиш туғдирмасдан уларни ўйлашга, ижодий фикрлашга сафарбар қилади. Асарни ўқиб беришда ҳам образлиликка, ифодавийликка асосий эътиборни қаратиш лозим. Мазкур тамойил ўз навбатида болаларнинг асар ғояси, образлари, тили ва бадиий хусусиятларини тезроқ идрок қилишларига ёрдам беради, уларда оғзаки ва ёзма нутқ малакаларининг юксалишига кўмаклашади.

Биз сўз юритаётган эртакни таҳлил қилишда ўқитувчининг ўзи озроқ гапириб, эртак мазмуни ва ғоясини очувчи, шунингдек ундаги образлар характерини ёритувчи саволларни ўртага ташлаб, ўқувчиларнинг ўйлаши, ижодий ва мустақил фикр юритиши ҳамда эртакда қўйилган асосий дидактик ғояни устида муҳокама юритишларига кўпроқ эътибор бериши дарснинг самарадорлигини янада оширади.

Литература:

  1. Каримов И.А. Юксак-маънавият-енгилмас куч. –Т.: “Ўзбекистон”, 2008. Б.61.
  2. Мирқосимова М.М “Ўқувчиларда адабий таҳлил малакасини шакллантириш ва такомиллаштириш усуллари”. Пед. Фан. Илмий дараж. олиш учун тақдим қилинган дисс.-Т,: 1995. Б.18.
  3. Имомов К.Ўзбек халқ эртаклари. // Ўзбек фольклорининг эпик жанрлари. –Т,: Фан, 1981. Б.66.
  4. Ведерникова Н.М. Русские народые сказки. –М.: Наука, 1975. С.71.

[1] Миртурсунов З. Ўзбек халқ педагогикаси ва унинг Эргаш шоир достонларида акс эттирилишига доир. // Эргаш шоир ва унинг ўзбек достончилигидаги ўрни. –Т.: Фан, 1971. Б. 144.

Основные термины (генерируются автоматически): I-IV, I-II.


Похожие статьи

Бошланғич синф ўқувчиларида мустақил ўқиш кўникмасини инновацион технологиялар асосида шакллантириш

Талабанинг билимини назорат қилишда нейрон тўрларидан фойдаланиш

Минтақани комплекс ривожлантиришда рақобатбардошлик афзалликларини ўрни

Соғлом авлодни шакллантиришда ўқув – услубий мажмуаларнинг интеграллашган ахборот базасини яратиш

Бошланғич синф ўқувчиларини оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш тизими

«Операцион тизимлар ва лаборатория» фанини ўқитишда кейс услубининг имкониятлари

Кўп процессорли ҳисоблаш тизимларида коммуникация схемаларининг характеристикаларини аниқлаш методлари

Немис тили сўзлашув нутқида модал юкламаларни қўллаш хақида

Фанларни мантиқли структуралаштириш асосида интеграллашган ўқитишнинг ахборот тизимини яратиш

Таълимда нейротармоқ технологияси методларидан фойдаланиш

Похожие статьи

Бошланғич синф ўқувчиларида мустақил ўқиш кўникмасини инновацион технологиялар асосида шакллантириш

Талабанинг билимини назорат қилишда нейрон тўрларидан фойдаланиш

Минтақани комплекс ривожлантиришда рақобатбардошлик афзалликларини ўрни

Соғлом авлодни шакллантиришда ўқув – услубий мажмуаларнинг интеграллашган ахборот базасини яратиш

Бошланғич синф ўқувчиларини оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш тизими

«Операцион тизимлар ва лаборатория» фанини ўқитишда кейс услубининг имкониятлари

Кўп процессорли ҳисоблаш тизимларида коммуникация схемаларининг характеристикаларини аниқлаш методлари

Немис тили сўзлашув нутқида модал юкламаларни қўллаш хақида

Фанларни мантиқли структуралаштириш асосида интеграллашган ўқитишнинг ахборот тизимини яратиш

Таълимда нейротармоқ технологияси методларидан фойдаланиш

Задать вопрос