Ушбу мақолада Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида жамиятимизда ёшлар ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ҳамда уларнинг аҳамияти тўғрисида фикр юритилади.
Калит сўзлар: ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, ислоҳот, ёшлар, фуқаролик жамияти.
В данной статье рассматривается значение реформ, проводимых в Республике Узбекистан в годы независимости, направленных на развитие правового сознания и культуры молодежи в обществе.
Ключевые слова: правовое сознание, правовая культура, реформа, молодежь, гражданское общество.
Малумки, жамият тараққиётида фуқароларнинг, айниқса, ёшлар ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятига бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Ҳуқуқий маданият шахснинг сиёсий фаоллиги, демократик ислоҳотларга интилувчанлиги, чинакам фуқаровий муносабати, демократик жамият пойдевори ҳамда ҳуқуқий тизим етуклигининг кўрсаткичидир (1, 73-б), жамиятдаги турли хил ҳаётий жараёнларга фаол таъсир кўрсатувчи, фуқароларнинг, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашувчи, жамиятнинг яхлитлиги ҳамда батартиблигини таъминловчи ва мустаҳкамловчи омилдир. Ҳуқуқий давлат ва демократик одил жамиятни барпо этиш жараёни омманинг нафақат сиёсий фаоллиги, уюшқоқлиги, ҳамжиҳатлигига, балки ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданияти даражасига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. «Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, — деб таъкидлайди И.Каримов, — фуқароларни қонунга бўйсуниш ва ҳурмат руҳида тарбиялаш — бу ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган чинакам демократик, ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуришнинг нафақат мақсади, балки унинг воситаси, энг муҳим шарти ҳисобланади» (2,108-б). Мамлакатимизни модернизация қилиш ва эркинлаштириш, сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий тизимни демократик янгилаш вазифаси кишиларнинг дунёқараши, онгу тафаккури, сиёсий-ҳуқуқий савияси, маданиятини ва ижтимоий фаоллигини юксалтиришни, ҳуқуқий муносабатлар барча иштирокчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, ҳуқуқий маданиятини такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Жамиятимизда ёшларнинг ҳал қилувчи куч эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас, албатта. Хўш ёшлар деганда кимларни тушунмоғимиз керак? Ўзбекистон Республикаси “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” қонуннинг 3-моддасида “ёшлар (ёш фуқаролар) — ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар” тушунилиши белгиланган (3.). Ёшлар ижтимоий гуруҳи ҳозирги замон жамиятининг ижтимоий ҳаётида мураккаб кўринишга эга табақа ва қатлам сифатида ўзини намоён этмоқда. Состиологияда ёшлар одатга кўра қуйидаги ижтимоий психологик гуруҳларга ажратилади: а) меҳнаткашлар қаторига қўшила бошлаган ўрта мактаб битирувчилари; б) хўжаликнинг турли жабҳаларида ишлаётган 16 ёшдан 19 ёшгача бўлган ёшлар; в) 20 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар; г) 25 ёшдан 30 ёшгача бўлган — ёш интеллегенсия, яъни зиёлилар гуруҳларидир. (4, 61-б.)
Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августда қабул қилинган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури том маънода миллий ҳуқуқий донишмандликнинг тарихий анъаналарига, инсон манфаатларига мос келадиган, давлат ва жамият аҳамиятига молик ҳуқуқий ҳужжат вазифасини бажариб келаётган эди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш долзарб масалалрдан бири эканлигини жуда кўп маротаба таъкидлаб келинмоқда. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда Жорий йилнинг 9 январь куни Президентимиз томонидан “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” фармон қабул қилинди. Унда жамиятда яшаётган ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳамда унинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ўзаро ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини янада оширишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этиб ўтилган.
Таъкидланганидек, аввало ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда жойларда ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмасдан, узоқ йиллар давомида бу масалалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келинди. Бунда асосан оила, маҳалла ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмади.
Шу сабабли фармонда ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.
Бундан ташқари, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш учун ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш каби вазифалар белгилаб берилди.
Яна бир муҳим жиҳат мактабгача таълим муассасаларида “Бола ҳуқуқлари ва мажбуриятлари” мавзусидаги машғулотларни юксак малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўргазмали тарзда тизимли жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Асосий Қонуни — мамлакат Конституциясини билиш ёшлар ҳуқуқий саводхонлиги даражасининг муҳим мезони бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг ПФ-5106-сонли “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” ва ПФ-4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонларининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон ёшлари: ҳаётий қадриятлар, ахлоқ, ижтимоий йўналишлар” мавзусида Республикамиз барча ҳудудлари бўйлаб ўтказилган социологик сўровномада “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қай даражада биласиз?” деган саволга республикамизнинг 83,4 %и Конституцияни биламан деб жавоб беришган бўлса (14,7 %и яхши билади, 68,7 %и қисман билади), респондентларнинг 16,6 %и мамлакат Конституциясини билмаслигини кўрсатишган. Олий маълумотли ёшлар (94 %), шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар (90,6 %) ва олий ўқув юртлари талабалари (90,3 %) учун мамлакат Конституцияси бўйича ўз билимларини юқори баҳолаш хосдир.
Юқоридаги фикрнинг тасдиғи сифатида қайд этиш мумкинки, сўралган ёшларнинг аксарият кўпчилиги мактабда мамлакат Конституцияси билан танишган. Буни сўралган ўқувчиларнинг 80,8 %и кўрсатишган.
Ёшларнинг жиноий жавобгарлик бошланишининг энг кичик ёши, содир қилинган ҳуқуқбузарликлар учун жазо турлари ва ҳозазолар ҳақидаги хабардорлиги улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир қилинишининг олдини олишда муҳим механизм бўлиб ҳисобланади. Шу сабабли ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг мазмуни тўғрисида хабардорлигини таҳлил қилиш муҳим бўлиб кўринади. Сўровнинг кўрсатишича, кўпчилик ёшлар (63,5 %; 2017 йилда 69,2 %) Жиноят Кодексини ўқимаган. Ёшларнинг 7,2 %и (2017 йилда 5,9 %и) Жиноят Кодекси билан танишлигини кўрсатди. Респондентлар томонидан берилган ушбу жавоблар Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган мурожаатномасида таъкидлаганидек умумтаълим мактабларида ҳуқуқшунослик дарсларинг чуқур ўтилмаслиги, юзаки ўтилиши билан изоҳлашимиз мумкин.
Ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши ривожланган фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Сўровнинг кўрсатишича, Ўзбекистон ёшлари жамиятдаги ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини турли даражада билишади. Чунончи, ёшларнинг 25,9 %и (2017 йилда 35,2 %) ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ билишларини ва 54,5 %и (2017 йилда 46,9 %и) қисман билишларини кўрсатишган.
Олий маълумотли ёшлар учун ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини баҳолашнинг юқори даражаси хосдир — 54,0 % (2017 йилда 67,3 %). Ўрта (22,0 %) ва ўрта махсус маълумотли (22,0 %) ёшларнинг ўзларига берган баҳоси анча паст ҳисобланади. Ишловчи ва талаба ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва билимларини ўзлари томонидан баҳолаш тегишлича 34,0 % ва 53,6 %ни ташкил қилишини кўришимиз мумкин.
Сўровнинг кўрсатишича, Ўзбекистон ёшлари ўз ҳуқуқий саводхонлигини табақалашган тарзда баҳолашади, уни асосан ўртача даражада — 53,9 % (2017 йилда 50,4 %) деб ҳисоблашади.
Демак, юқоридагилардан келиб чиқиб мамлакат ёшларининг ҳуқуқий саводхонлигини биз ўртача деб баҳолашимиз ва ушбу кўрсаткичларни кўтаришга оид чора-тадбирларни ишлаб чиқишимиз кераклигини кўришимиз мумкин.
Адабиётлар:
- Каримов И. А. Юксак маънавият — енгилмас куч. –Т.: «Маънавият», 2008.
- Каримов И. А. Ватанимизни босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш — бизнинг олий мақсадимиздир.-Т.: «Ўзбекистон», 2009.
- Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 37-сон, 426-модда.
- Кузнецова В. Н. Социология молодежи. — М.: Гардарики, 2007.