Мусиқали театр актёри образининг руҳий жараёнларини тасаввур қилиш билан биргаликда, овоз имкониятидан тўғри фойдаланиши лозим. Мазкур мақолада мусиқали театри актёрларининг овоз устида ишлаш, спектаклда сайқалланган, чиройли овозда куйлаши, сўздан куйга, куйдан сўзга ўтишда нималарга аҳамият қаратилиши лозимлиги ҳақида фикр юритилган.
Калит сўзлар: санъат, миллий, театр, овоз, образ, вокал, ижро, ария, речитатив, куйловчи актёр, тембр, темпо-ритм.
Для наиболее полной реализации образа актера музыкального театра необходимо правильно использовать его голосовые возможности. В данной статье рассказывается о том, что актеры музыкального театра должны работать над голосом, уделять достаточное внимание переходам между словами.
Ключевые слова: национальное искусство, театр, звук, образ, вокал, ария, речитатив, поющий актер, тембр, темп-ритм.
Инсон борки, ўзининг дунёқараши, қизиқиши, ҳамда шароитидан келиб чиққан ҳолда ўзига мос ва хос касб танлайди. Ўзбек халқининг санъати бошқа миллат санъатидан деярли фарқ қилади. Ўзбек халқи суйиб тинглайдиган устоз санъаткорларимиз Ф.Мамадалиев, Ж.Султонов, М.Узоқов, Т.Қодиров, Х.Носировалар ижро этган мақомларимиз, миллий классик қўшиқларимиз ҳали-хануз инсонлар қулоғи остида жаранглаб келмоқда.
Театрда эса спектаклларнинг баланд овозда жаранглаши учун, айнан ана шундай ўнлаб санъат фидойилари қолдирган ижод мактабини асраш ва ривожлантириш керак бўлади. Хусусан, ижрочилик мактабида мавжуд бўлган актёр образининг руҳий жараёнларини тасаввур қилиш билангина чегараланмасдан, шу кечинмаларни ўз вужудида ҳис қилмоғи ва албатта энг муҳими овоз имкониятидан тўғри фойдаланиши лозим.
Ўзбек мусиқали драмаси — кўп тармоқли, мураккаб санъат. Драма жанрида ёзилган асарни режиссёр рассом билан бамаслаҳат ўзи саҳналаштириши мумкин. Аммо мусиқали драманинг матни тайёр бўлгани билан иш юришиб кетавермайди. Пьеса бастакор ихтиёрига ўтиб, мусиқа ёзилиши керак. Мана шу бир-бирига чамбарчас боғланган ва айни чоғда, нисбатан мустақил асарлар “театр қозони”га келиб тушади. Режиссёр, дирижёр, концертмейстер, балетмейстер, рассомлардан иборат ижодий гуруҳ томонидан катта иш олиб борилади [1, б. 87].
Профессионал ўзбек мусиқали театрнинг шаклланиши ва оёққа туриб камол топишида бастакорлар Тўхтасин Жалилов, Георгий Мушел, Толибжон Содиқов, Юнус Ражабий, Икром Акбаров, Манас Левиев каби санъаткорларнинг хизматлари беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Уларнинг саҳна асарлари учун яратган арияларини мусиқали театр актёрлари куйлайди.
Саҳнанинг ягона шоҳи ва ҳукмрони истеъдодли актёрдир. Драматург фикрини изҳор қиладиган ҳам, режиссёр талқинига жон киритадиган ҳам, томошабин билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, унга завқ-шавқ бағишлайдиган ҳам, уни фикр юритишга мажбур қиладиган ва албатта саҳнада куйлайдиган ҳам бу актёрдир [2, б. 5].
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, саҳнанинг султони бўлмиш актёр билан томошабинлар ўртасида бевосита мулоқот бўлади. Актёрлар ўзлари ижро этаётган рол орқали томошабинни маънан бойитади, кўнглини кўтаради, руҳини поклайди. Айнан маҳоратли актёр саҳнада тарих ёки замонавий ҳаётдан ҳикоя қилиб, ўз ижроси орқали томошабин қалбида ўчмас из қолдириши шубҳасиз.
Мусиқали театр актёрининг драма актёридан фарқи нимада? Драматик актёр спектаклнинг темпо-ритмини бошқаради. Уни ҳис қилган актёр шунга асосланиб ўз образини яратади. Драматик актёрда сўз санъати муҳим аҳамиятга эга. Мусиқали театрда мусиқа спектаклга жон бағишлайди. Мусиқа билан бойитилган асарнинг воқеалари куй ва қўшиқлар орқали бир-бири билан боғланади. Сўздан асар дунёга келади, сўздан қўшиқ яралади. Саҳнадаги қаҳрамоннинг ички изтироби кучайиб, қувонч ёки ҳасрат чексиз бўлганда, сўз билан ифодалаб бўлмас ҳолат қўшиқ ва куй орқали томошабинга етказиб берилади.
Мусиқали театр актёри қаҳрамон нутқи орқали дардини очади, дарднинг авж пардаларида куйлаш орқали яхлит ҳолатни саҳнада ярата олади. У саҳнада образ яратар экан, ўз қаҳрамонининг бош мақсадини ва етакчи хатти-ҳаракатини белгилаб, шу асосда ролдаги сўз ва мусиқавий қисмларнинг ўрни ва аҳамиятини аниқлаб олади. Мусиқали театр актёрининг сўздан куйга ёки куйдан сўзга ўтишда узвийликни йўқотмаслиги, унинг маҳорат даражасини белгилайди. Бу жараёнда органик ҳолат бузилса, хатти-ҳаракат изчиллиги йўқолади, ижрода сунъийлик ва юзакилик пайдо бўлади.
Мусиқали театр актёрлари олдида яна овоз билан боғлиқ ўзига хос мураккаб ижодий қийинчиликлар туради. Агар мусиқали спектаклда актёрнинг сайқалланган, чиройли овози бўлмаса, аъло даражада бажарилган рол ҳам аҳамиятини йўқотади. Мана шундай ҳолатларда мусиқали театр актёрлари овозни созламасдан туриб саҳнага чиқиши мутлақо нотўғри. “Ухлаб ётган” овозда куйлаш актёрнинг овоз пайчаларига таъсир этади, натижада овозда хириллаш яъни хрип пайдо бўлади. Актёр тўғри нафас олиш, товушни тўғри ҳосил этиш ҳақида умумий тушунчаларни англаб олиши, асар ижро этаётганда овоз имкониятини ҳам ҳисобга олиши зарур.
К.Станиславский куйлашга ўз муносабатини билдириб, шундай деган: «Куйловчилар, умуман ҳамма инсонлар каби, чиройли, саводли гапиролмайдилар. Мана шунинг учун ҳам кўпчилик ҳолатда талаффуз ва дикция ноаниқлиги туфайли куйлаш гўзаллиги йўқолади [3, б. 386]. Демак мусиқали драма актёри профессионал овозга эга бўлиш билан бирга у талаффузи аниқ, ифодали, чиройли ва саводли куйлашни ўрганиши шарт.
Мусиқали театрда монолог вазифасини ария бажаради. Мусиқали театр актёри образ характерини драматик ва вокал ифодаларини бир-бирига сингдириб юбориш орқали очади.
Вокал мусиқаси (қўшиқ, романс, акапелла хорлар) — чолғу жўрлигида ёки жўрсиз куйлаш учун мўлжалланган мусиқадир. Вокал мусиқасининг асосини ташкил этувчи матн (шеър) мазкур жанр мукаммаллигида муҳим аҳамиятга эга.
Қўшиқ — кенг маънода шеърий мусиқий жанр бўлиб, вокал мусиқасининг энг оммалашган, кўпроқ банд шаклига асосланган тури, шунингдек куйлашга мўлжаллаб тўқилган шеърий асарларнинг умумий ифодасидир. Кейинги йилларда вокал мусиқаси янги жанр турлари билан бойиди. Мавжуд қўшиқ ва романслардан ташқари акапелла хорлари юзага келди.
Ўзбек мусиқали драма театрининг машҳур режиссёри Раззоқ Ҳамраев айтганидек, куйловчи актёрнинг санъатида, қўшиқ ҳеч қачон аcосий мақсад бўлолмайди. У фақат яратилаётган образнинг, ички моҳиятини очиш учун восита бўлиши мумкин.
Мусиқали спектаклларда актёрлар яна речитативдан фойдаланадилар. Речитатив — мусиқа жўрлигида сўзлашув, оҳангли сўзлашувдир. Речитативда мусиқа жўрлигида, қуруқ чўзмасдан сўзларни бурро-бурро қилиб ижро қилиниши керак. Речитатив кўпроқ опера асарларида қўлланилади.
Мусиқали театр актёрлари образ яратишда сўзга ва куйга эътибор берса, анашундагина куйловчи актёрнинг идеали пайдо бўлади. Агар ижро пайтида актёр сўздан арияга ўтаётганда ҳолатни ушлаб турмаса у қўшиқчига айланиб қолади ва саҳнада актёр бўлиб эмас қўшиқчи бўлиб куйлай бошлайди. Бунадай бўлмаслиги учун эса, қаҳрамон сўзи ички моҳияти билан ёки ундаги туб маъносини тушуниши лозим. Куйловчи актёр қанчалик чиройли куйламасин, агар у сўзни ва мусиқий товушни ҳаяжонли мусиқий ижро этмаса, ўз туйғулари билан айтаётган сўзнинг туб маъносини жонлантирмаса ва шу туйғулар билан керакли жозибани уйғотмаса, унинг ижроси ҳеч қачон бадиий ифодаликка етиб бораолмайди. Сўзларда ва товушларда актёрнинг жонли дил куйи эшитилсагина мусиқий нутқнинг гўзаллиги ва ундаги яширин туйғуларни тўла-тўкис баҳолаш мумкин.
Даврлар ўзгариши жараёнида бугунги кун ижодкорларининг ижодий услублари ҳам ўзгариб, ранг-баранглик касб этиб боради, куйлаш маҳорати борасида эса, бу соҳага улкан ҳисса қўшган устоз санъаткорлар ибрати асос бўлиб қолаверади. Бу борада бугунги кун актёрлари ҳам устозлар анъанасини такомиллаштирган ҳолда бўлса-да, сақлаб қолишга интилади. Зеро, саҳнадаги ижро қандай шакл ва услубда, хоҳ замонавий бўлсин, хоҳ тарихий муҳит бўлсин, уни томошабинга етказувчи ва бевосита таъсир этувчи асосий куч сўз ва актёрнинг ижро маҳорати, овоз имкониятига боғлиқдир.
Адабиётлар:
1. Қодиров М. Сеҳр ва меҳр — Тошкент: Ғ.Ғулом, 1994.
2. Ризаев О. Наби Раҳимов — Тошкент: Ғ.Ғулом, 1997.
3. Станиславский К. С. Моя жизнь в искусств — Москва: Искусство, 1963.