Мақолада Абдулҳай ал-Лакнавий асарларининг мавзу жиҳатидан таҳлили келтирилган. Ўтказилган таҳлиллар асосида тадқиқотнинг навбатдаги босқичлари учун истиқболлар белгилаб олинган.
Калит сўзлар: Абдулҳай ал-Лакнавий, ал-Фавоид ал-баҳийя, Мовароуннаҳр, Манбалар хазинаси.
В статье представлен тематический анализ произведений Абдулхая аль-Лакнави. На основе проведенного анализа были определены перспективы для следующих этапов исследования.
Ключевые слова: Абдулхай аль-Лакнави, Аль-Фавоид аль-бахийя, Мавароуннар.
Абдулҳай ал-Лакнавий тарихчи ва ҳуқуқшунос олим сифатида ислом ҳуқуқига асос солингандан кейин ўтган барча ҳуқуқшунос олимларнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий қарашларини ўзининг асарларида моҳирона мужассам этишга муваффақ бўлди. Шу боис, унинг бугунгача етиб келган ҳар бир асарини батафсил тадқиқ қилиш зарурдир.
Абдулҳай ал-Лакнавий (1847–1886) ўттиз тўққиз йиллик умри давомида бир юз йигирмата асар ёзганлиги унинг ғоятда сермаҳсул олим эканини кўрсатади. Ал-Лакнавий асарларининг саксон олтитаси араб тилида ёзилган. Мазкур асарларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиб, уларни мавзу жиҳатидан қуйидагича тақсимлаш мумкин: сарф илмига оид асарлар–бешта; наҳв–иккита; мантиқ ва ҳикмат–ўн учта; мунозара–иккита; тарих–ўн олти; фиқҳ ва ҳадис–қирқ саккизта.
Абдулҳай ал-Лакнавийнинг “ал-Фавоид ал-баҳийя” номли асари ўрта асрларда фаолият кўрсатган алломаларимиз ҳақида маълумот берадиган муҳим манбалардан биридир [1, 28 б.]. Ал-Лакнавий мазкур ва бошқа асарларида муайян фиқҳий масалани асослаш ва уларни ислом аҳкомларига тўлиқ жавоб берадиган тарзда ҳал этиш учун, энг аввало, Қуръони карим оятлари, сўнгра ҳадиси шарифлардан далиллар келтиради.
Абдулҳай ал-Лакнавийнинг навбатдаги асари “ар-Рафъу ва ат-такмил” деб аталади. Уни таниқли олим Абдулфаттоҳ Абу Ғудда нашрга тайёрлаб, Мисрдаги “Дар ас-салом” нашриётида 2000 йили чоп этди. Ушбу асар бундан олдин ҳам Бирлашган Араб Амирлигида вақф ишлари вазирлиги томонидан нашр қилинган эди. Абдулҳай ал-Лакнавийнинг қолган асарлари эса умуман кам ўрганилган. “Шарҳ Муватто Молик” (Моликнинг “Муватто” асарига шарҳ) [1, 80 б.] китобида Бирлашган Араб Амирлиги университетининг ҳадис илми ўқитувчиси Тақиюддин ан-Надвий Абдулҳайнинг “Имом Муҳаммад Муватто”га шарҳ” номли китобини форс тилида ёзилганини кўрсатган. Бу китоб Ҳиндистонда бир неча маротаба тошбосма ҳолида чоп этилган ва ундан кўплаб араб олимлари фойдаланганлар.
“Ал-Фавоид ал-баҳийя”, “Хайр ал-амал биз-зикр тарожим уламо Франкий маҳал” (Амалнинг ҳайрлиси Франк олимларнинг таржимаи ҳолини зикр қилиш), “ан-Насиб ал-авфар фи тарожим уламо ал-миат ас-салисат ашара” (113 олимнинг таржимаи ҳолларида энг бой насиба), “Инбо ал-хуллон би анба уламо Ҳиндистон” (Ҳиндистон уламоларининг маълумотларида ал-Ҳилон хабарлари), “Тараб ал-амосил би таражум ал-афодил” (Фозил олимларнинг таржимаи ҳолларидан ибратли намуналар) каби асарларда Абдулҳай ал-Лакнавий қомусий олим сифатида яққол кўзга ташланади.
2008 йилнинг март ойида Х.Султонова томонидан Тошкент ислом университетининг манбалар хазинасига ҳадя сифатида тақдим қилинган араб ва форс тиллардаги босма китоблар орасида Абдулҳай ал-Лакнавийнинг асарларидан таркиб топган бир тўплам ҳам бор эди. Ушбу тўплам 1305/1887 йили Алавий Муҳаммад Али Бахшихон ал-Лакнавий босмахонасида нашр қилинган. Мазкур тўпламга кирган биринчи асар “Мулла Жалол” деб номланиб, у Мулла Жалолиддин Муҳаммад ибн Асъад ад-Даввонийнинг (ваф. 909/1502 й.) “Таҳзиб ал-Мантиқ” шарҳига ҳошиядир (1–44 бетлар). Унда мантиқнинг моҳияти, илм ва ақл хусусида сўз боради. Мантиқ илмига бағишланган ушбу асарда китобхон турли масалаларни бирин-кетин мутолаа қилиш ва босқичма-босқич ҳал этиш орқали мазкур илмнинг асосларини пухта ўзлаштириб олади. Шу боис, ушбу асар узоқ йиллар мобайнида мадрасаларда дарслик ва мантиқ илми бўйича қимматли қўлланма вазифасини ўтаб келган.
Ал-Лакнавийнинг ТИУ “Манбалар хазинаси”да сақланаётган тошбосма асарлари:
Ал-Лакнавий таълиф этган “Сибоҳат ал-фикр” [2, 16 б.] номли асарнинг илмийлик нуқтаи назаридан алоҳида эътиборга молик жиҳати шундаки, унинг 1-бобида ҳанафийлик мазҳабидаги олимларнинг сўзларидан иқтибослар келтирилган [2, 17 б.]. Фиқҳ илмига оид бўлган мазкур асар 1287 ҳижрий йили пайшанба куни йигирма саккизинчи рабиъ ас-соний/1870 йили чоршанба куни бешинчи июлда Лакнав шаҳарида ёзилган. Ибн Масъуднинг фикрича, намозда такбирни жаҳр қилиб айтиш бидъат амаллардан ҳисобланади [2, 17 б.]. Шунингдек, ушбу асарда Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Ҳизамат, Насоий, Абу Довуд каби машҳур олимларнинг бу хусусдаги фикрлари санадлар билан тасдиқлаб келтирилган [2, 18 б.]. Худди шу ҳолатни асарнинг қирқ саккиз бўлимида ҳам учратиш мумкин. Хотима бобида эса жанозада Аллоҳнинг номини зикр этишда овозни баланд қилмасдан, балки ичда айтишнинг афзал эканлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Ал-Лакнавийнинг “Туҳфат ат-талаба фи ҳукм масҳ ар-рақобат” (Талабалар учун бўйинга масҳ тортиш ҳукми тўғрисида зарур туҳфа) номли икки бобдан иборат бўлган асарида бўйинга масҳ тортиш ҳақида сўз боради. Биринчи бобда бу хусусдаги ҳадисларнинг, санадлари билан биргаликда, “Таҳзиб ат-Таҳзиб” китобида Абу Талҳадан ривоят қилганлиги баён этилган. Иккинчи бобда эса бўйинга масҳ тортишнинг мустаҳаблиги билан боғлиқ бўлган Муҳаммад пайғамбарнинг сўзлари ва бошқа машҳур тарихий шахсларнинг, жумладан Абу Жаъфарнинг “Соҳиб ал-баҳр”да масҳ тортишнинг гоҳ бидъат, гоҳ суннат деб билдирган фикри келтирилган [3, 27 б.]. Асарнинг якунида эса масҳ тортиш суннат, мустаҳаб, макруҳ ёки бидъат амаллардан қайси бирига мансуб деган мавзуга ойдинлик киритилади. Шундан сўнг бўйинга қандай масҳ тортиш кераклиги хусусида қимматли маслаҳатлар берилиб, айтилган ҳар бир фикр “Хулоса” ва “Фатовойи Қодихон” каби мўътабар манбалардан иқтибослар келтириш билан асосланади.
Ал-Лакнавийнинг “Зайлуҳу ал-мусаммо бимазилат ад-дироят” (Ниҳоясини илм билан тўлдириш) [4, № 27] номли асари ҳам бир нечта жилддан иборат. Асарнинг биринчи жилди “Китоб ат-таҳорат” боби билан бошланиб, “Вақф” бўлими билан тугаган. Асарнинг иккинчи жилдида улуғ зотларнинг таржимаи ҳоллари баён этилган. Бундай лавҳалар “ат-Таҳзиб ва-т-таҳзиб” асаридан олинган. Асарда олиму уламо, фозилу фузало ва машҳур одамларнинг исми шарифлари алифбо тартибида бирин-кетин келиб, улардан ҳар бирининг таржимаи ҳоли турли тарихий манбалардан олинган ҳикоялар ёрдамида батафсил ёритилган. Масалан, “алиф” ҳарфидан кейин Убай ибн Каъаб ибн Қайс ибн Убайд ибн Зайд ал-Ҳазражий ал-Ансорийнинг таржимаи ҳоли тўлиқ баён этилган. Ҳаттоки, унга Муҳаммад пайғамбар томонидан “Абу Мунзир” деб, Умар ибн ал-Ҳаттоб томонидан эса, “Абу Туфайл” деб тахаллус қўйилгани ҳам келтирилган. Мазкур асар 1293 йил йигирма тўққизинчи рамазон/1876 йили сентябр ойида нашрдан чиққан (628 бет.). Нашрнинг якунида Абдулҳай ал-Лакнавийнинг “Имом ал-калам” номли яна бир рисоласи келтирилган бўлиб (ушбу рисола шанба йигирманчи рабиъ ал-охир ойида (1294/1877) йили ёзилган), унинг мазмун-моҳияти қуйироқда алоҳида баён этилган.
Хулоса қилиб айтганда тарихда Абдулҳай ал-Лакнавийнинг илмий-маънавий мероси ва ҳаётига бўлган муносабат ҳар доим ҳам етарли даражада бўлмаган. Айтиш жоизки, ал-Лакнавий ҳанафийлик мазҳабини ёқлаган ҳолда фиқҳ, ҳадис, мантиқ, тарих ва тилга оид кўпгина рисолалар ҳам ёзган муаллифлардан ҳисобланади. Чунки Абдулҳай ал-Лакнавий фаолиятининг маҳсули сифатида ҳанафийлар Абу Ҳанифани ҳимоя қилиш учун у истифода этган ҳадисларни алоҳида тўпламларга жамлашга эътиборни кучайтирганлар.
Адабиётлар:
- Лакнавий, Абдулҳай. Ал-Фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафийя / Аҳмад аз-Заъбий таҳрири остида. 1-нашри. — Байрут — Ливан.: Дор ал-арқом ибн аби ал-арқом, 1998. — Б. 2. Янги нашри 2006 й. октябр ойида чоп этилган.
- Абдулҳай ал-Лакнавий. Сибоҳат ал-фикр фи ал-жаҳр биз-зикр.– Байрут: 1988. — Б. 224.
- Абдулҳай ал-Лакнавий. Туҳфат ал-ахйор фи иҳйо санад саййид ал-аброр. — Байрут: 1992. — Б. 232.
- Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абу-л-Вафо ал-Қураший. Ал-Жавоҳир ал-мудийа фи табақот ал-ҳанафийя. — Қоҳира: Ҳижр ли-т-тибоат ва-н-нашр, 1993.