Ушбу мақолада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўналишлари, кичик бизнесни миллий иқтисодиётдаги ўрни ва ахамияти иқтисодий кўрсаткичлар орқали ёритилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бозор муҳитига тез мослаша олиши, бандликни таъминлаш, даромадларни шакллантириш ва шу орқали унинг тенгсизлигини юмшатиш ҳамда ўрта мулкдорлар қатламини қарор топтиришдаги афзалликлари очиб берилган.
Калит сўзлар: кичик бизнес, мулк, инвестиция, ишсизлик, рағбатлантириш, рақобат.
В данной статье изучены роль и место малого бизнеса и частного предпринимательства в национальной экономике, приведены экономические показатели, характеризующие основные направления развития малого бизнеса. Рассмотрены преимущества малого бизнеса в формировании среднего класса собственников, обеспечении занятости населения, адаптация к меняющейся рыночной конъюнктуре, повышении доходов населения и выравнивании уровня доходов работников.
Ключевые слова: малый бизнес, собственность, инвестиции, безработица, стимулирование, конкуренция.
Кичик бизнез ва хусусий тадбиркорлик бозор муҳитига тез мослаша олиши, бандликни таъминлаш, даромадларни шакллантириш ва шу орқали унинг тенгсизлигини юмшатиш ҳамда ўрта мулкдорлар қатламини қарор топтиришдаги афзалликлари билан бирга хусусий ва шахсий мулкни рўёбга чиқаришда хўжалик юритишнинг энг самарали шаклларидан ҳисобланади.
Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк даҳлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолади. [1, 12б.].
Кичик бизнес бозор иқтисодиётида хўжалик юритиш шакли сифатида мулкчиликнинг ҳар қандай шаклини инкор этмайди. Кичик бизнес мулкий тавсифига кўра мураккаб хўжалик юритиш шакли ҳисобланиб, мулкчиликнинг мавжуд барча шаклларига асосан ташкил қилиниб, фаолият юритиши мумкин. Бозор иқтисодиётида ривожланган мамлакатлар тажрибаси турли мулк шаклларига асосланган кичик бизнес субъектларидан фақат хусусий мулкчиликдаги шундай корхоналар фаолияти бирмунча самарали эканлигини кўрсатади.
Айнан шу сабабли, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш устувор йўналиш сифатида қаралади. [2,4б.]. Хусусий тадбиркорлик кичик бизнесдан фарқ қилиб, молиявий маблағлари ва иқтисодий ресурсларини шакллантирилиш (тадбиркорнинг ўз мулки, мерос қолдирилган, қарз ёки ижарага олинган мулк ва бошқалар) қатъий хусусий мулкка асосланади ва хўжалик юритишда шахсий ташаббускорлик устувор ўрин эгаллайди.
Республикамизда иқтисодий ривожланишнинг ҳозирги босқичида кичик бизнесни янада ривожлантиришни рағбатлантириш билан бирга, унинг таркибида хусусий мулкка асосланган субъектлар улушини тўхтовсиз ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8 ўринни эгалладик ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олдик. [3,2 б.].
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг иқтисодиётда банд бўлганлардаги улуши 2018 йилда 2010 йилга қиёсан 74,3 % дан 78,2 % га, ЯИМ ни шакллантиришдаги салмоғи 52,5 % дан 59,4 % га, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги шундай кўрсаткичи 18,8 % дан 34,7 % га ортган. Бу даврда кичик бизнес субъектларилари сони 1,3 баробарга, уларнинг экспортдаги улуши 2 мартага яқин кўпайган.
Республика ҳудудларида кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулот, тармоқлар маҳсулоти, асосий капиталга қўйилган инвестициялар, чакана товар айланмаси ва хизмат кўрсатиш ҳажми ҳамда бошқа макроиқтисодий кўрсаткичлардаги улушида ҳам катта ижобий ўзгариш рўй берган ва айрим номутаносибликлар ҳам кузатилади. Жумладан, республиканинг деярли барча ҳудудий субъектларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2010 йилга қиёсан 2018 йилда турли хил даражада ортган бўлса, айримларида бу кўрсаткич бир мунча камайган. Унинг энг юқори ўсиши 11,3 % ни(Андижон вил.), энг кўп пасайиши эса 8,7 % ни (Сирдарё вил.) ташкил қилган. 2018 йилга келиб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯҲМ даги энг юқори улуши Жиззах ва Наманган (80,9 %) ва энг паст салмоғи Навоий (37,6 %) вилоятига тегишли бўлган.
2010–2018 йилларда кичик бизнеснинг ЯИМ даги салмоғи йилига ўртача 0,4 % га ортган бўлса, саноат маҳсулотида эса унинг улуши 2010 йилда 19,6 %ни, 2016 йилда 45,0 %, 2018 йилга келиб эса 34,7 фоизни ташкил этган ёки 2016 йилга нисбатан 10,3 % пасайиш кузатилган. Қурилиш соҳасида кичик бизнеснинг улуши 2010 йилда 52,3 % ни, 2016 йилда 67,2 %, 2018 йилда 66,6 %ни ташкил этган бўлса, хизматлар сохасида эса мос йиллар бўйича 36,6 %; 60,5 % ва 55,2 %ни ташкил этмоқда.
Биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилмоқда. Ҳозиргача бу тартиб фақат маҳсулот экспорт қилинганда қўлланар эди. Бунинг ҳисобидан тадбиркорлар ихтиёрида 3,4 триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ қолади. [3,4 б.].
Чунончи, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали:
− ўрта мулкдорлар синфи шаклланади;
− макроиқтисодий беқарорлик, ишсизлик ва тақчиллик каби иқтисодий муаммолар барҳам топади;
− соғлоқ рақобатчилик муҳитининг яратилиши орқали ЯИМнинг миқдор ва сифат жиҳатидан ўсиши кузатилади;
− ички бозор зарур товар (хизмат)лар билан тўйинади ва уларнинг сифати ошади;
− ва пировардида аҳоли турмуш даражасининг ўсишига эришилади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш нафақат давлат ва жамоат тараққиётида, балки хар бир инсоннинг юксалиб бораётган хаётий эхтиёжларини қондиришда муҳим аҳамиятга эга, яъни хизмат кўрсатиш, чакана савдо, озиқ-овқат махсулотларини ишлаб чиқариш каби сохаларда ушбу фаолият яққол намоён бўлади.
Айни пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ўсишини таъминлаш, хусусий мулкни химоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги баъзи маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, республикамизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини сифат жихатидан янги босқичга кўтариш орқали халқаро меъёрларга тўлиқ жавоб беришини таъминлашда ўз аксини топади.
Адабиёт:
- Мирзиёев Ш. Конституция — эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир. Т.: Ўзбекистон. 2018 й. 32 б.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги 4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Харакатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони. http://lex.uz/
- Мирзиёев Ш. М. 2020 йил — илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили. //Халқ сўзи. 1–5б. 25.01.20й.
- Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2010–2018 йиллар бўйича маълумотлари. https://stat.uz/