Мазкур мақолада нутқ маданиятини такомиллаштиришда миллийлик масалалари, нутқнинг равон ва мазмундор бўлиши учун инсон ўз устида ишлаши зарурлиги, тинимсиз машқ қилиш орқали мақсадга эришиш йўллари ҳақида сўз боради.
Калит сўзлар: Нутқ, нотиқ, сўз, фикр, тасаввур, воиз, нутқий маҳорат, тил.
В данной статье говорится об улучшении традиционной национальной культуры речи, о том, чтобы речь была четкой, осмысленной, и каждый человек мог самостоятельно работать над недостатками для достижения этой цели.
Ключевые слова: речь, оратор, слово, мысль, воображение, разговорные навыки, язык.
Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, сўз ва нутқдан фойдаланиш, унинг имкониятлари доирасида фикр етказиш ва қабул қилишнинг турли усуллари шаклланган. Нотиқлик, воизлик ана шундай санъатдир. Шу маънода, нотиқликни дудама ханжарга ўхшатишади. Яъни, у икки томони ҳам кесувчи қуролдир. Бир томонида адолат турса, иккинчи томонида адоват. Ким ундан қандай фойдаланишига боғлиқ.
Бу санъатдан Амир Темур, Навоий, Бобурлар ҳам, Чингизхон, Ленин, Гитлер, Гебельслар ҳам ўз ўз вақтида фойдаланишган. У орқали давлат ва халқ манфаатларини ҳимоя этиш ёки аксинча унга қарши фойдаланиш мумкин. Демак, воиз ва воизлик санъатининг сир-асрорлари ва моҳиятини чукур билиш керак. Воиз ўзи ҳам сўзи жоиз бўлиши учун чуқур билим ва малакага, етук дунёқараш ва савияга эга бўлиши керак. Токи, унинг ҳар бир сўзи халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги, ватан равнақига хизмат қилсин.
Нутқ моҳиятли, сўз хосиятлидир. Уни ҳис этиш ва ўринли қўллаш ўзига хос мезон ва меъёрларни билиш билан боғлиқ. Журналист, шарҳловчи, мухбир, сухандон, муҳаррир, бошловчи каби касб атамалари билан юритилувчи қисқа қилиб айтганда, қалам ва қоғоз, микрофон, минбар ва видеокамера билан оммага юзланувчи соҳа вакиллари нутқ масалаларига алоҳида эътибор билан қараши зарур. Чунки, улар нутқига қараб тингловчи ёки томошабин тилнинг жозибаси, бойлиги, таъсирлилиги, яъни нафосатини ҳис этади, меъёрий нутқ деб қабул қилади. Шунинг учун ҳам нутқимиз равон ва мазмундор бўлиши учун мажбурият бурчи ва масъулият ҳиссини туйган ҳолда ўз устимизда ишлашимиз зарур. Тинимсиз машқ қилиш орқали бу машаққатни уддалаш мумкин. Баъзи ҳолларда ўзимизга эътиборимиз кучли бўладию, сўзимизга бефарқмиз.
Электрон оммавий ахборот воситалари, хусусан радио ва телевидение нутқининг таъсир кўлами катта ва эътиборлидир. Телевидение тасвир, овоз, мусиқа ва шовқин каби ифода воситалари орқали хизмат қилади. Ундаги маълумот кўриш ва эшитиш аъзолари орқали қабул қилинади. Баъзан “телевидениеда тасвир бирламчими ёки нутқ?” — деган саволга дуч келасиз. Ҳар иккаласининг ҳам муҳимлигини инкор этмаган ҳолда, айтиш зарурки, тасвир асосий ўрин тутса ҳам, гап ҳар икковидан–тасвир ва нутқдан қандай фойдалана олишда. Шундай ҳолатлар бўладики, бири иккинчисининг ўрнини босолмайди.
Нутқ бу нутқ, тасвир эса тасвирдир. Нутқсиз ҳар қандай тасвир барибир тугал фикрни, ҳукмни беролмайди. Аслида, улар бир — бири билан боғлиқ, бир–бирини тўлдиради, бойитади. Фикрни аниқ, тугал, тез, содда ва осон етиб бориши нутқ маданиятини қай даражада эгалланганига боғлиқ. Нутқ маҳорати бу оддий нутқ эмас, балки фикрни содда ва чиройли ифода эта олишдир. Айрим бошловчилар кўп сўзлайдилар. Илло, уларнинг сўзларидан ҳосил бўлган “ғарам”ни ковлаб кўрсангиз, сомони кўпу бошоғи оз бўлади. Бу борада “Сўзни сақлаб сўзлаганлар хўб билур сўз қадрини, фарқи йўқ, кўп сўзлаганлар на билур ўз қадрини” ҳикматини келтириш ўринли.
Нутқ маҳоратининг икки омили бор: бири нутқ хусусиятларини билиш бўлса, иккинчиси нутқ техникасига амал қилишдир. Нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, қисқалиги, соддалиги, софлиги, бойлиги, жўялилиги, таъсирчанлиги, образлилиги, равонлиги унинг хусусиятлари бўлса, иккинчиси овоз, нафас, дикция, интонация, оҳанг, урғу, тўхтам, овоз тембри ва ҳоказолар нутқ техникасидир. Ҳар иккаласини билиш ва унга амал қилиш нутқ бобида маҳорат қозониш демакдир.
Қандай ёш ва қандай касбда бўлишдан қатъий назар, ҳар биримиз кишилар билан нутқий муносабатда бўламиз — сўзлаймиз, тинглаймиз, фикрлашамиз. Ҳар кимнинг ўз диди, савияси, дунёқараши, феъл-атвори, кўриниши, кийиниши бўлганидек, унинг овози, сўзлашиш услуби, тил ва нутқий маданиятни эгаллаш даражаси ҳам ўзига хос.
«Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар»- деган нақл бор. Кишининг фаҳм-фаросати ва савияси икки оғиз сўзидаёқ намоён бўлади. Киши фикрининг аниқ, самимий ва таъсирли етиб бориши сўзловчининг тил ва унинг ҳаракатдаги ифодаси бўлган нутқ қоидаларини қанчалик билиши ва амал қилишига боғлиқ. Шундай экан, нутқнинг аниқлиги-тафаккурнинг тиниқлигига дахлдор бўлса, талаффузнинг аниқлиги-нутқнинг тиниқлигига боғлиқдир. Нотиқ нутқининг мантиқий қудрати, таъсир кучи, жозибаси ҳам, аслида шу билан. Нотиқ нутқи, воиз ваъзи ҳар бир даврларда, ҳар бир маконларда жоиз бўлгани ҳақ.
Демак, нутқий маҳоратни эгаллашга интилиш нутқ одоби, аниқроғи, тил ва нутқ воситаларини пухта билишни тақозо этади. Назарий маълумотлар амалий машғулотлар билан уйғунлашмас экан, бунга эришиш мушкул.
Устозлардан бири шундай деган эди: «Мен минбарга чиқсам, ўзимни милтиқ ўқталган овчи олдида титраётган қуёнга ўхшатаман, ёзиш учун столга яқинлашсам, ўзимни бамисоли шердек тасаввур қиламан».
Бу оғзаки нутққа, сўзга чечанлигим йўқ, фикрни қоғозга тушириш ва етказиш бобида маҳоратим йўқ эмас деганидир. Оғзаки нутқнинг ҳам, ёзма нутқнинг ҳам ўз талаблари, имконият доираси бор. Ҳар қандай сўзнинг хосияти нутқнинг моҳияти билан алоқадоргина эмас, балки мантиқий тафаккур мезони ҳамдир. Нутқ, нотиқ, мантиқ, нотиқлик атамаларининг бир ўзакдан ясалгани ҳам бу тил бирликларининг ўзаро узвий боғлиқликда намоён бўлишини англатади. Бири бирисиз рўёбга чиқмаслигини, бири иккинчисини тақозо этишини билдиради.
Демак, сўз хосиятли бўлганидек, нутқ ҳам моҳиятли бўлишини уни истифода этувчилар, доимо ёдда тутишлари, амалда ўринли қўллай билишлари зарур.
Нутқий маҳоратнинг икки омили бор. Бири нутқ хусусиятларини билиш бўлса, иккинчиси нутқ техникасини эгаллашдир. Нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, софлиги, бойлиги, ифодавийлиги, таъсирлилиги, жўялилиги, мақсадга мувофиқлилиги унинг хусусиятларини ташкил этса, оғзаки нутқдаги овоз, дикция, пауза, урғу, оҳанг, интонация, ёзма нутқдаги тиниш белгилари силсиласи нутқий техникадир.
Фикрлаш техникангиз кучли, аммо овозингиз паст, таъсирсиз бўлса, ёки аксинча ўктам овоз, ўткир нафасга эга бўла туриб тафаккурингиз бўлмаса, бари беҳуда. Ҳар иккаласи омихта бўлиши мақсадга мувофиқ. Тингловчи эътиборини, даставвал, нотиқнинг кўриниши, сўнгра унинг овози тортади. Овоз ўқитувчининг ҳам, нотиқнинг ҳам биринчи қуроли. Шунинг учун ҳам итальян актёрларининг биридан «Актёр учун нима бирламчи?» — деб сўраганларида, у «биринчидан овоз, иккинчидан овоз, учинчидан овоз, тўртинчидан бошқа нарсалар»- деб жавоб бергани бежиз эмас.
Нутқ сўзининг изоҳли луғатлардаги маъносига қуйидагича таъриф берилган — «Фикрни сўз орқали ифодалаш қобилияти, маҳоратдир». Яна бир маъноси амалдаги сўзлашув жараёнидаги тил, дея таъриф ҳам берилган.
Биз нутқимиздаги айрим сўзларни бирлаштириб, маълум маънога эга бўлган гаплар тузамиз. Фикрни баён қилишдаги сўз турига, ифода усулига, маҳоратига қараб нутқ турлича тоифага бўлинади. Масалан, поэтик нутқ, бадиий нутқ, оғзаки нутқ ва ҳ.к. Жамоат олдидаги сўзланадиган нутқ эса нотиқнинг сўз нутқи дейилади. Нотиқнинг фикрини баён қилиш қобилияти, сўз ифодалаш усули, одоби нутқ маданиятидир.
Бирор бир анжуманда сўзлаш маҳорати нутқ сўзламоқчи бўлган кишининг (хусусан, нотиқнинг) илму-одоби ва маданиятидан бир нишонадир. Нодон киши нутқ сўзлаётганда бақириб-чақирса, унчалик ажабланмаса ҳам бўлади, лекин дониш, оқил одам бундай бақириш-чақиришдан йироқ бўлиши керак.
Энг яхши нутқ қалбдан айтилган сўздир. Солиштирма оғирлиги катта бўлган кимёвий элементлар миқдори кам, қиймати эса ортиқ бўлганидек, қисқа, лекин мазмунли нутқ ҳам қадрли бўлади. Ҳар қандай сўзни ҳам такрорлайверса, тингловчиларнинг меъдасига тегади. Ва натижада сўзнинг қиммати, сўзловчининг эса ҳурмати кетади.
Кўп сутни сиғдириш учун катта идиш керак, лекин унинг қаймоғини эса кичик идишга жойласа бўлади. Фикр ҳам шундай, асосий мағзини, «қаймоғини» баён этиш кўп вақт олмайди, аммо чуқур фикрлашни талаб қилади. Ушбу фикрни эса лўнда ва аниқ сўзлар билан ифодалаш эса маҳорат талаб этади. Кишида нутқ маданияти қанчалик юқори бўлса, ушбу маҳорат ҳам шунчалик юқори даражада бўлади.
Донолар ҳаётини ўрганиш шуни кўрсатадики, кишининг ақлий камолоти даражаси билан нутқининг узун-қисқалиги тескари муносабатда бўлар экан (математика тилида «тескари пропорционал» дейилади). «Нўноқ нотиқ»нинг саёз фикрини тинглаётган кишининг ҳолати намаксиз ва сифатсиз таомни зўрлаб еяётган одамнинг ачинарли аҳволини эслатади.
Олтин узукни бриллиант кўз безаганидек, мазмундор нутқни ҳам нотиқнинг маданияти ва маҳорати безайди. Баъзилар ўзларининг билимдон эканликларини кўрсатиш мақсадида гажакдор ва баландпарвоз ибораларни кўп ишлатиб, нутқ сўзлайдилар, улуғ кишилар эса доим оддий, равшан ва жозибали гапирадилар.
Агар ҳақиқий, мазмундор фикр нуқтадонлик, гўзал талаффуз ва ёқимли услуб либоси билан безанса, бундай нутқ тингловчини сеҳрлаб, оҳанрабо каби ўзига жалб қилади ва нафосат оламига олиб киради. Тингловчида юксак ҳис-туйғулар уйғотиб, фикр уммонидан баҳраманд этади. Аслини олганда мана шунинг ўзи нутқ маданиятини белгилайди. Юқоридаги шартларни бажармоқ учун эса, аввало киши кўп китоблар ўқимоғи керак, айниқса мумтоз ўзбек адабиётини кўп мутолаа қилиб туриши зарур. Алишер Навоий, Бобур, Фузулий ғазалларидан, адибларимиз Абдулла Кодирийнинг «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» каби романларини, Абдулла Қаххорнинг маъноларга бой ҳикоялари ва романларини мутолаа қилса, сўз бойлиги кўпайиб, нутқ маданияти ривож топади. Нутқ маданиятининг миллийлиги ҳам шунда намоён бўлади.
«Ўз фикрини мутлақо мустақил она тилида равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмайдиган мутахассисни авваломбор, раҳбар курсисида ўтирганларни бугун тушуниш ҳам, оқлаш ҳам қийин».
Эътибор қилинг, ўз фикрини ўз она тилида равон, гўзал ва лўнда қилиб фикрини баён қилишни нотиқ раҳбарларга ўгит сифатида биринчи ўринга қўйилгани давлат тили бўлмиш ўзбек тилига эътиборнинг нақадар юқори бўлишлиги таъкидланмоқда. Бунинг учун раҳбар ходимлар учун фикрлаш ва гапириш услуби устида узоқ ва давомли машқ қилиш лозим бўлади. Кўплаб китобларни тинмай ўқишлари (айниқса мумтоз адабётимиздан ҳам хабардор бўлишлари) билан омма олдидаги сўз нутқларини ривожлантиришлари мумкиндир. Бу эса ўз навбатида нутқ маданиятидаги миллийликни таъминлайди.
Баъзи нсонларнинг «Нутқ сўзлашим қийин. Мен учун нотиқлик жуда мушкул иш. Бу менинг қўлимдан келмайди» деган гаплари қулоққа чалиниб туради.
Бироқ, айни пайтда ўзлари билиб-билмай, нотиқлик қила олмасликлари ҳақида нутқ сўзлашаётганликларини ўзлари ҳам сезмайдилар.
Сўзлашни биладиган ҳар бир инсон нотиқликни ҳам (озми-кўпми) уддалаши мумкин. Фақат, бунинг учун нотиқлик қонун-қоидаларидан бохабар бўлиб, кўпроқ машқ қилинса, турли жанрлардаги китобларни кўпроқ ўқиб, нутқ сўзлаётганда тузилаётган жумлаларда орттирган сўз бойликлардан ўз ўрнида фойдалана олишлари керак бўлади.
Маданиятли кишининг энг улуғ фазилатлардан бири шуки, у ҳеч қачон жаҳолатга берилмайди, инсон қалбига озор бермайди ва ажойиб, гўзал нутқ маданиятига эга бўлади. Ўзбек миллий урф-одатлари, қадимий маданиятини чуқур англаган ва уни амалда тадбиқ қила оладиган киши чин маънодаги маданий муомала эгаси бўлиб, одамларга яхши кайфият бахш этувчи малҳам бўлган нутқ санъатига, маданиятига эга бўлиши мумкин.
Киши қаерда, қандай фарлият билан банд бўлмасин, илму-ҳунар эгаллаш билан бирга, одамлар қалбига йўл топа билиши ва мулоқотда яхши сўзлашиш санъатини ҳам эгаллаши зарурдир.
Инсоннинг гўзал муомалага ва ширин сўзга эҳтиёжи сув ва ҳавога бўлган эҳтиёжи кабидир. Хушхон булбул гулшанга файз берганидек, суҳбати ширин, дилкаш, диловор, хулқи зебо бўлган нутқ сўзловчи киши ҳам одамлар давраларини безайди.
Хулқи гўзал, маданиятли инсон мулоқотда одамларга руҳий озуқа бахш этади ва бундан ўзи ҳам бир дарё завқ олади.
Демак, ҳар бир инсон нотиқлик санъатидан бир оз бўлсада, бохабар бўлиб, имкон қадар кўпроқ бадиий адабиёт мутолаа қилиш билан ўз она тили грамматикасини, миллий урф-одат ва маданиятини чуқур билиб борган сари унинг нутқи ҳам гўзаллашиб бораверади. Шу билан бирга нутқ сўзловчининг ташқи кўриниши, кийиниш одоби, ҳатти-ҳаракати, юриш-туриши нутқининг гўзал бўлишида ҳам ниҳоятда аҳамияти каттадир.
Она тилимиз миллий маънавиятимизни ўсишида, дунёни теран идрок этишимизда катта аҳамият касб этаркан, нутқимиз гўзаллашувининг ҳам мувоффақият касб этишида замин бўлади.
Адабиёт:
- Каримов И. А. Баркамол авлод Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. — Тошкент: Шарқ, 1999.
- Носирова А. Саҳна нутқи. — Тошкент: Фан ва технология, 2012.
- Станиславский К. С. Актёрнинг ўз устида ишлаши. Т.Хўжаев таржимаси. С.Муҳамедов муҳаррирлигида. — Тошкент: Янги аср авлоди, 2010.