Самарқанд — рассомлар шаҳри | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Авторы: ,

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №12 (302) март 2020 г.

Дата публикации: 23.03.2020

Статья просмотрена: 278 раз

Библиографическое описание:

Султанова, Д. Н. Самарқанд — рассомлар шаҳри / Д. Н. Султанова, З. З. Дусанов. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2020. — № 12 (302). — С. 324-332. — URL: https://moluch.ru/archive/302/68333/ (дата обращения: 19.12.2024).



Ушбу мақолада муаллиф қадимги ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бадиий муҳитида шаклланган, турли йўналишдаги келгинди ва маҳаллий рассомлар ижодий жараёнини кенг ёритиб беради.

Калит сўзлар: Афросиёб, Кофирқалъа, Жартепа, Богишамолий, Мурод Самарқандий, Верешагин, ВХУТЕМАС, Беньков, Ковалёвская, Изофабрика, демобилизация, мустақиллик даври санъати, Янги аср истеъдодлари.

В статье автор пытается широко определить творческий процесс местных и приезжих художников разных направлений, формируемых в художественной среде древнего и вечно молодого города Самарканда.

Ключевые слова: Афросиёб, Кофиркала, Жартепа, Богишамоли, Мурод Самарканди, Верещагин, ВХУТЕМАС, Беньков, Ковалёвская, изофабрика, демобилизация, искусство периода независимости, таланты нового века.

Ер юзи сайқали бўлган Отингдур

Санъат шаҳардирсан, Самарқандимсан.

Исломдирсан, муқаддассан, Имонсан,

Минорларга нақш этилган Қуръоним.

Жамолингга боқиб лол қолур олам

Мўъжиза яратган Ҳунармандимсан,

Илоҳий меъморим Самарқандимсан.

Рангтасвирчи-рассом Н. Т. Султонов. “Навоий йигитлик чоғида Самарқандда”. м/м.1994й.

Дарҳақиқат, азим Самарқанд шаҳри қадимдан ўзининг ижодкор уста-наққошлари ва меъмору мусаввирлари билан дунё аҳлини мафтун этиб келган. Биргина антик Жартепа, илк ўрта асрлар Афросиёб ва Кофирқалъа саройларининг деворий безаклари, Самарқанд мактаби тарихининг ниҳоятда теран эканлигини яққол кўрсатиб бера олади. 13 асрда шаҳримизга келган италиялик сайёҳ Марко Поло: “Самарқанд катта ва мисли йўқ шаҳар, у ерда насронийлар ва мусулмонлар яшашади”,- деб таърифлаган эди.

Амир Темур даврида айниқса тасвирий ва амалий санъат, монументал меъморчилик, рассомчилик айниқса юксак чўққиларга чиқди. Бинолар интерьери девори ва гумбазларини безатишда янги “кундал” техникаси яратилди. Темурийлар ренессанси даврида бежизга шаҳримиз “Арус ал-Авосим” (Дунё пойтахтларининг келинчаги), “Мадинат аз-зарка” (Мовий шаҳар) дея таърифланмаган. Ўша йиллари Мирзо Улуғбек томонидан Боғи-майдон чорбоғини ва унинг ичида мармардан қурилган машҳур Чилустун павильони қасрини ҳамда шу боғ яқинида, Кўҳак тепалигида Хитойдан келтирилган рассомлар ишлаган Чиннихона павильони бунёд этилди. Ҳерман Вамбери бу павильонни “Расмлар галереяси” деб номлаган [1]. Самарқанд миллий миниатюра санъати ривожи темурийлар даврида қўлёзмаларларни бадиий безаш ишлари билан уйғун ҳолда камол топиб борган. Бунда Мусаввир Абдулҳайнинг (1436-йилда Самарқандга келган) хизматлари каттадир. Унинг шогирдлари, Султонали Машҳадий ва Пир Аҳмад Боғишамолийнинг номи бизга яхши таниш. У Амир Темур барпо эттирган Боғишамол боғидаги кўшкни безашда иштирок этган ва боғнинг номини ўзига тахаллус қилиб олган. Алишер Навоий 15 аср 2-ярмида Самарқанд шаҳрида яшаб ижод этган. Унинг даврида Самарқандда Султонали Машҳадий, Абдужалил Котиб, Дарвеш Муҳаммад Самарқандий, Абдулазиз Самарқандий каби ҳаттотлар қўлёзма устида ишлаганлар. 17 аср миниатюрачи рассомлари Муҳаммад Нодир Cамарқандий ва Муҳаммад Мурод Самарқандийларнинг ўзига хос “Сиёҳи қалам” каби услублари портрет жанрида катта янгилик ясади.

Хонликлар даврида хароб аҳволга келиб қолган Самарқанд ҳудуди рус босқинчилари томонидан ишғол қилинганида, 1868-йил, 2-майида сайёҳ-рассом В. В. Верешагин Самарқандга кириб келди ва гуруҳи билан Амирнинг саройи харобалари (Биби-хиним)га жойлашди. У ўзининг кузатишлари ҳақида кундалигида қуйидагиларни баён қилади: “Мен ҳар куни шаҳар ва шаҳар ташқарисини кездим, масжид, бозор, ўқув юртлари, айниқса улар орасида қисман сақланиб қолган мўъжизавий намуналар, қўҳна масжидлар. Ўрганиш ва чизиш учун шунчалик ашёлар кўп эдики, қайси биридан бошлашни билмасдим: табиатданми, қурилишларданми. Либослар тури, урф-одатлар — булар ҳаммаси янги, асл, қизиқарли эди”. “..Ёнғинда ёниб кетаётган қадимий, эртакнамо ёғочли ўймакор эшиклар, устунлар... уларни эслаш қандай аламли!” [2]. В.Верешагин ижодида Туркистон мавзуси энг асосий ўринни тутади. У маиший ва ҳарбий жанрдаги “Туркистон” сериясидаги ижодий ишларидан 1874-йилда Петербург шаҳрида шахсий кўргазма ташкил этган эди. Кўргазма шахсан подшоҳ Александр II рафиқаси билан ташриф буюрган эди.

19 аср охири, 20 асрнинг боши, 20–30 йилларида Самарқанд бадиий ҳаёти айниқса қизғин бўлди. 1920йилда Москвадан Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси йўлланмасига кўра, Ўрта Осиёда маданият ва санъатни кучайтириш ва ривожлантириш учун бир гуруҳ ёш рассомлар ва архитекторлар Ўзбекистонга жўнатилди. Бу даврдаги Самарқанд рассомлари ижоди бевосита рус санъати билан боғлиқ. Чунки кўпчилик рассомлар Россиянинг Москва ва Петербург бадиий мактаблари вакилларидир. Бунинг таъсири маҳаллий рассомлар — А.Сиддиқий, М.Калонтаров, Р.Темуровлар ижодида алоҳида кўзга ташланади. 20-йилларда Ўрта Осиё ўзбек ёшлари орасидан отилиб чиқиб, 1927–28 йиллари Москва — ВХУТЕМАСда таҳсил кўрган 1-ўзбек совет рассоми А.Сиддиқий 1934-йили санамнавислик (икона) таъсирида яратилган “Тўй” (1932) ва “Автопортрет” асарлари билан Москва кўргазмасида қатнашди. Дастгоҳли рангтасвир Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон учун янги соҳа, янги йўналиш бўлгани сабабли, дастлабки картиналар уни ўзлаштириш руҳини ҳис этиш билан боғлиқ [15].

20-йиллар “Самаркандские известия” рўзномасида чоп этилган Самарқанддаги бадиий ҳаётнинг турли ҳодисалари ҳақида маълумотлар бериб борилган. Улар қисқа ахборотлардан иборат бўлиб, у ёки бу кўргазманинг очилиши ҳақида бадиий музей томонидан сотиб олинган янги асарлар ҳақида гап боради. Рангтасвирчи Р.Темуров Самарқанд меъморий манзараларига бағишланган қатор санъат асарлари яратиб, бир умрга Самарқанд куйчиси бўлиб қолди. Кейинчалик, бу манзарачи-рассом ҳатто иттифоқ доирасида ҳам танилди (1986-йили унинг “Земля Самаркандская” деган альбом-китоби чоп этилган эди).

Самарқанд шаҳрига дастлаб Н.Каразин, В. В. Верещагин, П. В. Кузнецов, А.Бенуа, Ч.Аҳмаров, С.Глаголь (1914й.), Л.Бурэ, И. И. Казакова, И. С. Казаков, А. Н. Волкова, П. Н. Никифорова, О. К. Татевосян каби профессионал рассомлар келиб ижод қилганлар. Бундан ташқари, 1920 йиллар охирида П.Беньков, Усто Мўмин, Е. Л. Коровай, Н. В. Кашина, А.Исупов, З.М, Д. К. Степанов,Е.А Мокеев, В.М Столяров, З. Ковалёвская, И. А. Жданко сингари кекса ва ёш авлод вакиллари Самарқандда ижод этиб, ўзининг портрет, манзара, маиший жанрдаги янги йўналишларини яратдилар. Айрим рассомларнинг ижодида ўлканинг экзотик кўриниши, типажнинг бетакрорлиги кўзга ташланади. Баъзиларининг эса қуёшнинг ёрқинлиги, ёруғлик ва рангларнинг нозик тусланиши, ёруғ-соянинг мураккаблиги илк бор Самарқандга келган рассомларда алоҳида кайфият ўйғотади.

О.Татевосяннинг Самарқанд шаҳри билан танишуви 1915-йилги талабалик амалиётини ўтиш давридаёқ бошланган эди. У эртаклар дунёсига тушиб қолганидан севинди ва Ўзбекистонни 2-ватани деб билди, Самарқандда ўз мавзуси ва мотивини топди. Шу сабабли ўқишни тугатгач, Самарқандга бутунлай кўчиб келди. Рассомнинг 1916–18 йилларда Самарқандда дастлабки яратган ишларида устози К.Коровиннинг таъсири сезилади. О.Татевосян “Қадимий Самарқанд” сериясида эътиборни меъморий деталларга, маиший муҳитга қаратиб, шарқ ҳаёти, мовий гумбазлари, ёрқин колоритини табиий кўринишда ўзининг ижодий имконияти даражасида талқин этади. Унинг “Шердор пештоқи остида”, “Усти ёпиқ арава”, “Оқшом”, “Соябон тагида” асарлари шулар жумласидандир.

Ўзбекистон дастгоҳли рангтасвирининг шаклланишида илк изланишлар олиб борган рассомлардан бири Л.Бурэдир. Унинг кўпинча ёз кунлари Самарқанд ёдгорликлари қошида меъморий нақшларини ҳажми унчалик катта бўлмаган кўплаб этюдларни (“Шердор мадрасаси ҳовлиси”, 1913й.) матога кўчираётганини кўриш мумкин эди. Ҳозирда Самарқанд маданияти тарихи музейи фондида рассомнинг деярли барча ишлари сақланиб келмоқда.

1925–30 йилларда Самарқанд шаҳри пойтахт бўлган даврлар эди. “1931-йили (19 ёшда) Самарқандга кўчиб келдим,- деб эслайди Чингиз Аҳмаров....Ўспиринлик кезларим Самарқанд бадиий техникуми, у ерда ўқийдиган болалар, рассомчиликда дарс ўтаётган домлалар ҳавасимни келтириб, ўзига чорлар эди. Бу маҳал асосан рус болалари таълим олар, ўзбек болалари жуда кам эди, бироқ йилдан-йилга уларнинг сони ортиб борар эди. Гўзалликда машҳур бўлган Самарқанд байрам кунлари яна ҳам очилиб кетар эди, айвонларга гиламлар, сўзаналар осилар эди. Бу кезлар Самарқандда янги очилган бадиий техникумда улкан санъаткорлар, Ўзбекистон ҳалқ рассоми Павел Беньков ва унинг шогирдлари З.Ковалёвская, машҳур шаҳар тарихи, меъморий ёргорликлари, миллий либос кийган мўйсафидлар ҳамда оқ рўмол ёпинган аёллар тасвирини Самарқанднинг гўзал табиати фонида ифода қилиб беришар эдилар. Техникум талабалари домласи П.Беньков таъсиридами, асосан ҳаётни реал тасвир этишга сарф этар эди. Тез орада Самарқанднинг асосий ижод кучлари “Изофабрика” уюшмасини таъсис қилинди. Бу ташкилот байрамларда шаҳарнинг кўча ва биноларини безатар, қизил чойхоналар, маҳалла клублари, болалар боғчалари учун кўргазма расмлар ишлаб берарди. “Изофабрика” да ижодий иш қайнар, ҳавасимни келтирар эди, ниҳоят мени ҳам ишга олишди“ [3].

“Изофабрика” даги рассомлар орасида Ўзбекистон санъатига сезиларли ҳисса қўшган Варшам Еремян, Надежда Кашина, Оганес Татевосян, Елена Коровой, Георгий Никитин, Рубен Агбалян, Алексанр Ермоленко, монументалчи Виталий Савин, ҳайкалтарош Алексей Иванов каби талантли рассомлар қизғин ижодий фаолият кўрсатар эди. Чингиз Аҳмаров бу жамоада 3 йилга яқин ишлади.

Ушбу рассомлар гуруҳи маҳаллий рассомлар билан ҳамкорликда ижод этиб, тасвирий санъат ривожига катта ҳисса қўшдилар. Айниқса, ўзбек совет рангтасвири жанрида Усто Мўмин (А. В. Николаев) ижоди айнан шу муҳитда Самкомстарис (Тарихий ёдгорликларни сақлаш ва ўрганиш Самарқанд комитети) фаолияти билан боғлиқ равишда тўлиқ шаклланди. 20 йилда Москвалик рассомлар гуруҳи билан келган А.Николаев 5 йил давомида Саамарқандда ишлади. “...Самарқандга келишим бир неча йил давомида ижодимга катта таъсир кўрсатди. Мени шарқ ўзининг ғаройиботлари билан ҳайратга солди, халқнинг миллий урф-одатлари мафтун этди, безак нақш санъати билан донг қолдирди”, деб ёзган эди у. К. С. Петров-Водкин билан А.Исупов Самарқандда бўлган вақтларида, уларнинг эътиборини Николаев яратаётган образлар тортган эди. ”Шарқ анъаналари, Италия ренессанси ва қадимги рус рангтасвири У.Мўмин ижодида уйғун мужассамланган ҳолда қоришиб кетган. Уни шу ўлка кишиларининг турмуш тарзи ҳайратга солади, шарқ санъати декоратив характери ўзига тортди. Ушбу омиллар рассомнинг кейинги ижодида (“Беданабоз”, “Дуторчи”, “Самарқандни кўрганимда”, “Куёв”, “Эски Самарқанд”, “Насриддин Афанди латифалари”) услубий хусусиятларни белгилади. Н.Кашина эса ВХУТЕМАСдан олган билимларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнини тинимсиз меҳнат эвазига яратилган “Сирдарёдан ўтиш”, “Чақалақ тақдирини олдиндан айтиб бериш”, “Регистон”, “Бибихоним мадрасаси олдидаги карвонсарой”, “Самарқанд бозорида”, “Панжикент кўчасида” каби асарлари билан иккинчи ватани Ўзбекистонни шарафлаган ҳолда, катта ҳурматга, Ўзбекистон ҳалқ рассоми деган шарафли унвонга сазовор бўлди [4].

1927 йилда илк бор Ўзбекистонга келган рассом Павел Беньков Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини кўриб, ҳайрат ила: “..Мен Неаполь ва Сорренто, Рим ва Мадрид, Италия яшил бўғозлари ва Испаниянинг қуёшли тоғларини кўрдим, лекин ҳеч қаерда Ўзбекистондагидек гўзал табиатни учратмадим...”, дедида, бир умр Самарқандда (1929й.) қолди. Ярим аср яшаб, бутун Европани айланиб, Петербургда ўқиб, Қозон бадиий билим юртида 20 йил ишлаб, бундай ижодини жўш урдирадиган, фикран ва зикран қалбига озуқа берадиган ўлкани илк бор учратганини Беньков қайта-қайта таъкидлаб, Ўзбекистонда салкам 20 йиллик ижодий фаолияти давомида шоҳ асарлар (“Дугоналар”, “Янги оилада”, “Бибихонимда баҳор”, “Жангчига совға”, “Регистонда 8-март”) яратиб, А.Розиқов, Р.Темуров каби кўплаб истеъдодли ижодкорларни тарбиялаб, вояга етказди.

Жаҳон санъати тажрибалари ва билимини чуқур эгаллаган П.Беньков, илмини нафақат ўз ижодида, балки педагог сифатида кўплаб Самарқандлик рассомлар — З.Ковалёвская (“Ложада”, 1930й.), Л.Бурэ, Усто Мўмин, Усто Ширин, Р.Фальк, С. Ф. Раковалар билан биргаликда билимини ҳаётга татбиқ этишга интилди. Кейинчалик рассом ижоди айни рус импрессионизми, плэнеризмда жўшиб намоён бўлади. П.Беньковнинг ҳар бир картинаси композицияси жиҳатидан пухта бўлиб, ўрта асрлар архитектурасини турли шакл ва кўринишларга манзараси жанр элементлари билан уйғунликда ифода этилган. Айнан Беньков Ўзбекистонда шинам боғ ва ҳовлили миллий рангтасвир мавзусини, пленэрда портрет ишлашни бошлаб берди. Бутун бошли қадимий шаҳар рассом устахонаси бўлиб хизмат қилди.

Устоз П.Беньковнинг қадимий шаҳарга бўлган чексиз муҳаббати, маҳоратини педагог сифатида ўқувчиларга тўлиғича бағишлагани бесамар кетмади. Гарчи мамлакатнинг бошқа ўқув юртларида асосий машғулотлар устахоналарда ўтилган бўлса, 1932-йилда маҳаллий рассомлар ташаббуси билан (1918-йилдан мавжуд бўлган бадиий студия базасида) ташкил этилган Самарқанд билим юртининг талабалари очиқ осмон остида ва тумонат одамлар орасида таҳсил олишди. Шаҳарликлар ёш рассомларни доимо кўчаларда, гавжум Сиёб бозорида кўрар эдилар. Шу сабабли, 1939 йил ССРИ бадиий билим юртлари кўригида Самарқанд билим юрти 1-ўринни олди [5].

Бу даргоҳнинг нуфузи юқори бўлганидан, уруш йиллари (1941–1944й.й.) барча ССРИ бадиий институтлари ўз юртларини қолдириб Самарқандга келган эди. 2-жаҳон уруши даврида Москва, Ленинград, Киев, Харьков шаҳарларидаги бадиий олий ўқув юртларидан рассом-педагоглар бу ерга эвакуация қилинди. 1939-йили Рассомлар уюшмасининг Самарқанд бўлимига асос солинди. Дастлаб, 1940-йилда Самарқанд рассомлар ижодий уюшмаси аъзолари 20 кишига етган эди. Уюшмага уларнинг 100 нафардан ортиғи қабул қилинди ва натижада, уюшма аъзолари сони 20тадан 193 кишига етди. Улар ичида таниқли рассомлар — С. В. Герасимов, Г. Т. Горошенко, А. Т. Матвеев, Д. С. Моор, В. А. Фаворский, монументалист рассом Е. А. Кибрик, В. И. Касиян, В. М. Орешников, И. Э. Грабарь, Р. Р. Фальк, А. А. Мыльников, А.Деффине ҳамда А. Д. Чегодаевлар, меъморлардан эса — Е. И. Катонин, М. П. Бобишев, И. А. Бартеневлар бор эди.

Самарқанд вилоят архиви ҳужжатларига қараганда, уюшма фаолияти бу даврда анчайин оғир кечган. Улар Регистон мажмуасининг Шердор ва Тиллакори мадрасалари ҳужраларида жойлаштирилган. Кейинроқ келган Россия Бадиий Академияси темирйўл вокзалидаги мактаб биносини эгаллади. Маиший қийинчиликларга қарамасдан маҳаллий ва келгинди рассомлар қайноқ ижодий ҳаёт билан яшар эдилар. Эвакуацияда келганлар орасида таниқли санъатшунослар — Л. И. Ремпель, Н. Н. Пунин, Н. Б. Бакланов, С. К. Исаков, М. П. Кристилар ажралиб турарди.

Россиялик рангтасвир ва графика усталарини айниқса манзара ўзига тортди. Н. Д. Покаржевский Самарқанд ёдгорликлари манзарасини тўхтовсиз ёзарди. Унинг мўъжазгина “Шердор” асарида чиқаётган қуёшнинг заррин нурлари қўҳна меъморий ёдгорликда акс этиб, бетакрор жозиба яратди. И. А. Бартеневнинг “Сиёб воҳаси” қаламтасвири ўзига хос. С. В. Герасимов эса шаҳарнинг энг қизғин қисмида ижод этиб, Самарқанд акварелли этюдлар туркумини яратди. Унинг машҳур “Партизан онаси” асари ҳам шу паллада дунёга келди.

Рассомлар бу ерда мунтазам равишда кўргазма ўтказиб туришди. “Ноихтиёрий” келган меҳмонларнинг Самарқанддаги илк кўргазмаси 1942-йилнинг 15-августида М. П. Бобишевнинг “Ленинград қамалида” туркумидаги театр эскизларини намойиш этиш билан бошланди. Айниқса 1943 йилда вилоят музейи ва Қизил Армия уйида ўнлаб катта жамоа ва шахсий кўргазмалар бўлиб ўтди. Унда меъмор Е.Катонин (меъморий манзаралар) ва Н.Чернишевнинг (“Самарқанд қишда”, “Жинкўча”, “Қуёш ботиши”) асарлари эсда қоларли бўлди. В. А. Фаворский эса ўзининг илк шахсий кўргазмасини (гравюра ва акварель) шу ерда очди. Кўргазма ўтказиш анъанаси фаолиятига 1944 йилда “Ўзбекистон Улуғ Ватан урушида” мавзусидаги умумий кўргазма якун ясади.

Кўплаб рассомлар бу ерда ўзининг диплом ишини ва номзодлик ишларини ҳимоя қилганлар. Москва, Ленинград, ва Харьков олийгоҳлари талабалари рангтасвир амалиёти билан Ургут тоғларида рассом В. М. Орешников шуғулланди. 1942-йил охири 43-йил бошларида шаҳримизда диплом ишлари ҳимояси ўтказилиб, 9 киши Россий Бадиий Академиясининг “Санъат назарияси ва тарихи” факультетини битиришди. Шу жумладан, С.Линдин профессор С. К. Исаков раҳбарлигида “19 аср рус санъатида романтизм”, Е.Горбенко эса “В. И. Суриков асарларида аёллар образи”, Н.Пунин раҳбарлигида А.Гривина “Ван Гог мактублари” мавзуларидаги диплом ишини ҳимоя қилди. Е.Захаров санъатшунос Н.Бакланов раҳбарлиги остида “Самарқанд меъморий ёдгорликлари” номли маҳаллий мавзудаги дипломини ёзди [15].

Ленинград олийгоҳи архитектура бўлимининг 14та битирувчисининг мавзулари ҳам долзарб бўлиб, улар орасида “Ургутдаги ҳарбий санаторий” мавзусидаги (М. А. Штример) лойиҳаси тоғ рельефига мослиги билан ажралиб туради. Харьковлик бўлғуси меъморлардан Н. Н. Краснов “Самарқандда турар-жой массиви” каби маҳаллий мавзудаги ишини аъло даражада ҳимоя қилди. Москва олийгоҳининг рангтасвир факультетини 44та талаба битирди. Улар орасида замонавий, маҳаллий ва уруш мавзусидаги К. М. Максимовнинг “Ўзбек дивизиясини фронтга жўнатиш” ҳамда Ч.Аҳмаровнинг “Ўзбекистон фронтга” диплом иши ажралиб турарди. 1944 йилда россиялик меҳмонлар ватанига қайтиб кетишди. Аммо уларнинг руҳлари ҳалигача шаҳримизда тасвирий санъатнинг ривожланишига мадад бериб келмоқда.

Урушдан сўнг ҳам Самарқанд билим юрти мавқеи ошиб бораверди. Бошқа шаҳардан ҳам талабалар бу ерга келиб ўқишди. Афсуски, 1949-йилда моҳир педагог П. П. Беньков бевақт вафот этди ва шу пайтнинг ўзида билим юрти Тошкент шаҳрига кўчирилиб, маҳаллий бадиий ўқув юртига бирлаштирилди. Шунга қарамай, яна бир неча йиллар ССРИ ва чет эл рассомларининг ижодий сафарлари Самарқандга “шарқий Париж” номи билан давом этиб турди. Тошкентдаги билим юрти яқинларгача П.Беньков номи билан аталиб келди. Ўтган 2009 йили П.Беньковнинг юбилейи кенг нишонланди. Самарқанд бадиий билим юрти ўзининг 17 йиллик фаолияти давомида битирувчиларидан нафақат Ўзбекистоннинг, балки бошқа республикаларнинг ифтихори бўлган халқ рассомлари, давлат мукофоти лауреатлари ва бир неча фахрий унвон соҳиблари етишиб чиқди. Шулардан: Ч.Аҳмаров, А.Абдуллаев, Л.Абдуллаев, А.Ҳайдаров, Р.Темуров, А.Розиқов, А. Сиддиқий, Д.Сафоев, Т.Нариманбеков ва бошқалар. Ҳозирда Ўзбекистон санъат музейлари фондида П.Беньков О.Татевосян, Л.Бурэ, А.Сиддиқий, Ч.Аҳмаров, Р.Темуровларнинг шоҳ асарлари кўрк бериб турибди.

Урушдан кейинги ва 50-йиллар ижодида айниқса С.Ракова, Р.Темуров асарлари (“Шафтоли гуллаганда”, “Самарқанддаги қовун бозори”), ажралиб туради. 60-йиллар Самарқанд ижод майдонига бир гуруҳ Харьков, Тбилиси, Ленинград, Москва, Тошкент шаҳарларида бадиий олийгоҳларни битирган рассомлар: Г.Улько (“Халқ устаси Ҳазратқулов портрети”, “Панжикент фрескаси”), Н.Бандзеладзе, Н.Прошёнок, Ю.Усаковский, В.Бохан, Э.Алиев, В.Дегтяров, Г.Ким, А.Шаймурадов, Н.Султанов ва Э.Муҳаммадиевлар кириб келди.

Самарқандлик рассом Намоз Султонов ТТХИда 1963-йилдан бошлаб, “Театр декорацияси” бўлимида профессор-ўқитувчилари: В.Рифтин, В.Нечаев, В.Жмакин ва Ўзбекистон Халқ рассоми, академик Ч. Г. Аҳмаровлардан сабоқ олди. Айниқса, унга устози Чингиз Аҳмаров ижоди катта таъсир кўрсатди. Ҳали талабалик йилларидаёқ, у ўз устози Ч.Аҳмаров билан ижодий ҳамкорлик қилиб, Мирзо Улуғбек фильмига эскизлар ишлашда, Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси музейининг ички деворларини (1966й.) ҳамда Тошкентдаги Шарқшунослик музейини маҳобатли тарзда безаш ишларида иштирок этди. Шу қаторда, Тошкентдаги Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Қўлёзмалар музейи интеръерига деворий суратлар чизишда ўз ҳиссасини қўшди. Институтда (1968й.) бажарган 8қисмдан иборат “Алишер Навоий спектаклига бағишланган театр декорацияси” мавзусидаги диплом иши, унинг рангтасвирчи рассом бўлиб шаклланишига йўл очиб берди. Намоз Султоновнинг ижодий солномаси зарварақларининг алоҳида саҳифаларини монументал ркангтасвирдан ташқари, энг мураккаб жанр — портрет жанри эгаллайди. Рассом, лирик асарлар куйчиси, шу сабабли замондошлари портретларининг яхлит бир галереясини яратган. Улар орасида етук санъаткорлар — таъмирчи, ганчкор уста Иброҳим Шермуҳамедов, уста кулол Абдураҳим Мухторов, таниқли ҳайкалтарош Аҳмад Шоймуродов, шоир Душан Файзий, ўнлаб автопортретлар ва самарқандлик замондош талаба ёшлар — Дилшода, Гулистон, Шоира, Нигора, Гавҳар ва фарзандлари сиймоси учрайди [1].

70–80 йилларда Рассомлар уюшмаси раислигида Э.Алиев, Д.Сафоев, 90-йилларда Н.Калонов, 2009 йилдан эса А.Исаев ишлаб келмоқда. Бу йилларда Н.Калонов, А.Калонов, А.Жмайло, А.Юнусов, А.Шаймардонов, Р.Усеинов, А.Ганиев, А.Темиров каби ёш рассомлар бадиий уюшмага аъзо қилиб олиндилар. Жумладан, ургутлик рассом А.Юнусов ўз ижодида халқининг яшаш шароитини акс эттиради. Ҳовли фонида ўз қаҳрамонларини кундалик юмушлари билан банд ҳолда (“Айвонча ҳовлида”1989й., “Тунги манзара”, 1984й.). тасвирлайди. Бир неча рассомлар — Н.Калонов, А.Ганиев, Л.Старцева (1984й.), С.Редькин, (1986й.) М.Носиров ва Н.Султоновларнинг (1988й.) шахсий кўргазмалари бўлиб ўтди.

Айниқса, мустақиллик йилларида бадиий анъаналар бардавомлиги таъминланди. Самарқанд рангтасвир мактаби янада гуллаб яшнади. 1992-йилда санъатшунос Г.Темурова томонидан Москва шаҳрида “Самарқандлик рассомлар” кўргазма каталоги чоп эттирилди. 90-йиллар охири айниқса рассомлар учун серҳосил бўлди. 1997 йил “Гўзаллик дунёни қутқаради”, 1999-йилда эса “ART and Beauty” номли халқаро кўргазмаларда, рассомлар А.Исаев, Г.Улько, Н. Т. Султонов, М.Саматовлар фаол иштирок этишди. Рассомлар А.Исаев ва Х.Салоҳиддиновлар СамДЧТИ фойесида ажойиб деворий расмлар яратдилар. Шу асосда 1999-йилда Кореяда рангтасвирчи рассом А.Исаевнинг ижодий альбоми нашрдан чиқди. Монументалист-рассомларимиз Намоз Султонов ва Эсон Муҳаммадиевларнинг СамДУда бажарган бу деворий суратлари асосида эса 2002-йилда “Маънавият бўстони” номли альбом-китоб яратилди. 2003-йилда рассом Абиб Исмоиловнинг шахсий кўргазмаси СамДЧТИ ректори Ю. Н. Абдуллаев ҳомийлигида, институт фойесида бўлиб ўтди. Унда манзара жанридаги ажойиб этюдлар намойиш этилди. Миллий миниатюра алоҳида жанр сифатида тан олинди. Шаҳримизда бадиий салонларга бўлган талаб, унинг сони ва савияси ошди. Руҳобод ҳунармандлар марказидиректори, миниатюрист рассом Мансур Нуруллаевнинг асарлари анъанавий Ташаббус-2005 кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлди. Рассомларимиз А.Исаев, Н.Калонов, А.Умаров, А.Калонов, Ш.Ахроров — Корея, Миср, АҚШ, Россия каби чет элларда ижод қилиб, ўша ерда ўз кўргазмаларини ташкил этишди. Ҳайкалтарошларимиз — Т.Эсанов, Т.Ёрқулов, А.Шаймуродов ижоди маҳсули шаҳар кўркига кўрк қўшиб келмоқда. Уюшмамизга ўнлаб ёш ижодкорлар қабул қилинмоқда. Халқаро (Биеннале) ва республика кўргазмаларида рассомларимиз доимий равишда ўз асарлари билан иштирок этиб келади. Ёш рассомлар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор ажратилмоқда.

Бугунги нисбатан оғир бўлган иқтисодий танқислик шароитига қарамасдан, шаҳримизда ҳам мунтазам равишда бадиий кўргазма ўтказилиб келинмоқда. Мана сўнгги 5 йилликни олиб қарайлик:

− 2005 йил баҳорида Ўзбекистон давлат маданияти тарихи музейида маҳаллий рассомларнинг сараланган асарлари намойиш этилди; Миниатюрист рассом А.Умаровнинг шахсий кўргазмаси очилди;

− 2006 йил декабрида ёш рассом Мунира Султонованинг, отаси Намоз Султонов хотирасига бағишланган шахсий кўргазмаси ташкил этилди;

− 2007 йил рассом Л.Бурэнинг Самарқанднинг 2750 йиллигига бағишланган музей фондидан тузилган ишлари намунаси экспозиция қилинди;

− 2008 йил Самарқанд рассомлари учун серҳосил йил бўлди. Акварелист рассомлар А.Шербаков (Франс-Альянсда), акварелчи рассом Б.Йўлдошев (Чорсу Т. С. Г) нинг шахсий юбилей кўргазмалари ўтказилди.

2008 йил иккинчи ярмида Ўзбекистон давлат маданияти тарихи музейида Ўзбекистон давлат маданияти тарихи музейида (Самарқанд давлат тарихи музейи биноси 2009 йил май ойида, шаҳарни қайта тиклаш жараёнида бузиб ташланиб, биносишаҳарнинг замонавий қисмига кўчирилди. Эндиликда унинг ўрнида “Йўлбарслар хиёбони” ташкил этилган). Аслиддин Исаевнинг 60 йиллик шахсий кўргазмаси, 24-ноябр куни эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, рассом, санъатшунослик профессори Намоз Султоновнинг 70 (2008) ва 80 (2019) йиллик хотирасига бағишлаб, 100дан ортиқ шахсий асарларидан хотира-қўргазмаси ва давра суҳбати ташкил этилди.

− 2009 йилда “Ёш мусаввирлар” жамоа кўргазмаси ва ниҳоят ҳаваскор рассом Мустафо Расуловнинг шахсий ишлари вернисажи бўлиб ўтди.

− 7 январь 2010 йилга келиб Афросиёб музейида залида кулол Ҳ.Ботировнинг шахсий кўргазмаси очилди. Уста асарлари билан Япония, Туркия, Ҳиндистон, Италия, Канада давлатларидаги кўргазмаларда иштирок этган.

2010 йилга келиб, ЎзБА ва вилоят БИУнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракати билан, уюшма биноси таъмирланди ва “Айсел” арт галереяси ташкил этилди. Шу билан бирга Ҳунармандлар маркази биноси (собиқ “Усто”) ва ҳовлиси реконструкция қилиниб ва таъмирланиб, Тошкент кўчаси бўйлаб ҳунармандлар растаси вужудга келтирилди. “Айсел” тасвирий санъат галереяси раҳбари Н.Никитина ўз йиллик режасига асосан бир неча тадбирларни ташкил этиб келмоқда.

− 2018 йил баҳорида С. З. Дусанованинг “Ижод иҳоли” (Творческий росток) илк шахсий кўргазмаси А. С. Пушкин номидаги кутубхонада очилди.

− 2019 йил ёзида М. Н. Султонованинг “Аввал ва кейин” (До и после) инновацион тарздаги археологик топилмаларга бағишланган 2-шахсий кўргазмаси Айсел галереясида тантанали очилди.

− 2019 йил Самарқанд шаҳри кунида Д. Н. Султонованинг “Ижод йўлларида” номли 2-шахсий кўргазмаси очилди (тарих музейи).

Шу жумладан феврал ойида “Рассомлар ҳақида хотиралар” мавзусидаги хотира кечасини ташкил этди. Унда марҳум рассомлар — Н. В. Прошенок, В. С. Григорян, С. Ф. Ракова, Л. В. Новичкова, Р.Темуров, Г. Н. Ким, А. В. Ларина, Н.Караев, Л. П. Ламинская, С. В. Редькин, Б. С. Журкин, А. П. Ананин, А. Я. Крикис, У.Жўмартов, Н. Т. Султонов, Э. Д. Алиев, М.Усаковский, Э.Воробьёв, В.Иванив, Л.Агриянларнинг ўзига хос ижодий ишлари томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

Апрель ойида “Келди очилур чоғинг (Пора цветения) мавзусида баҳорий гулларга бағишланган жамоа кўргазмасини ташкил этди”. Мана 7 йилдирки, Тасвирий санъат ҳафталиги Самарқанд шаҳрида ҳам ўзига хос тарзда нишонланиб келинмоқда. Шу муносабат билан СамДАҚИ Тасвирий санъат кафедраси залида ҳафталик “Устоз ва шогирд” кўргазмаси очилди (Б.Чориев, Х.Маҳаматов, Ф.Юлдашев, Д.Салоҳиддинова, Н.Суюнова, М.Султонова, Б.Шаймарданов, Л.Нурлиева, Н.Сақлаева), Жума шаҳри санъат лицей-интернатида ҳам Н.Калонов раҳбарлигида катта тадбир ташкил этилди. Унда ЎзБА аъзоси, санъатшунос Неъмат Абдуллаев иштирок этди.

3-май куни ургутлик рангтасвирчи рассом Абдурауф Жуманинг “Тоғ юксаклиги оҳанглари” (Мелодии горных вершин) Оҳалик тоғи манзараларига бағишланган мойбуёқ ва сувбуёқ асарлари барча ташриф буюрган томошабинларни ўзига ром этди. Кўргазманинг тантанали очилишида Н. Калонов, Ю. Н. Абдуллаев, Б.Хуррамовалар сўзга чиқишди.

Июн ойи бошида ушбу галереяда навбатдаги кўргазма таниқли рассом, А.Исаевнинг “Афросиёб ранглари” (Цвет Афросиаба) номи остида шахсий ижод асарларини намойиш этди.шахсий ижод асарларини намойиш этди. Шу ой охирида эса “Ҳунармандлар маркази”да академик кулол Шариф Азимовнинг 40 йиллик ижодий фаолиятига бағишланган асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазма муаллифи кўп йиллик ижодий фаолияти чоғида АҚШ, Англия, Германия, Россия, Қозоғистон сингари давлатларда ўтказилган халқаро кўргазмаларда қатнашиб, маҳаллий ва миллий анъаналаримиз акс эттирилган хум ва кўзалари орқали Самарқанд кулолчилик мактаби намуналарини чет элликларга кўз-кўз этиб келмоқда.

4-июл куни “Саратон” мавзуси остида самарқандлик рассомларнинг (АлиеваО., ИсмоиловА., АлиеваЯ., ШербаковА., Галак А., Саматов М., Овсюков В., Солиев С., Йўлдошев Б., ПоваринисВ., Исаев Н.) жамоавий кўргазмаси очилди.

Бугунги кунга келиб Ўз БИУ Самарқанд вилоят бўлимида 90 га яқин аъзолар, 2 та ЎзБА ҳақиқий аъзоси, академик (кулоллар), 4 та Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, 2 та Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 2 та давлат мукофоти лауреати, кўплаб истеъдодли рассомлар (Д.Сафоев, АлиеваО., ИсмоиловА., Э.Муҳаммадиев, АлиеваЯ., ШербаковА., Абдураупов Ж., Галак А., Саматов М., Н.Калонов, А.Калонов, ОвсюковВ., СолиевС., ЙўлдошевБ., О.Галак, А.Бекмуҳамедов, Б.Сафоев, Поваринис В., ЁқубовҲ., Сайдиева Ф, Султонова М., Хўжаева М., Исаев Н., Султонов А., Н.Дадаян, Дўсанова С.), ҳайкалтарош ва кулоллар (Т.Ёрқулов, Т.Эсанов, Э.Қаҳҳоров, Х.Ҳақбердиев, З.Мухторов, Ш.Азимов, В. ИстоминаТ., Б.Бердиев) ва санъатшунослар (М.Давронова, Б.Хуррамова, Д.Султонова, Ҳ.Жўраев) фаолият кўрсатмоқда. Айниқса “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича рассомлар Абдураупов Ж. ва М.Саматовлар, шаҳар болалар ижод саройи педагог-рассомлари Н. Т. Очилова ва Л. Г. Черепанова баркамол авлодларни етиштиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келяпти. Бунинг натижасида олийгоҳ, лицей ва коллеж талабалари Н.Файзуллаева, М.Қаҳҳоров, Ш.Қаҳҳоров, Б.Икромовлар, И.Баратов, ўзларининг ижодий ишлари билан “Келажак овози”, “Юрт келажаги”, “Янги авлод”, “Ҳунарманд”, “Ташаббус” мегатанловлари совриндори бўлиб келмоқда.

3 август куни рангтасвирчи рассом Мирсаид Саматовнинг 60 ёши муносабати билан шахсий кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Унда шахсан ЎзБА раиси Т.Қўзиев қатнашиб, рассомга “Самарқанд” туркумидаги асарлари учун Олтин медал тақдим этди. Кўргазма доирасида авангард услубидаги миллий либослар намойиш этилди.

Навбатдаги кўргазмани тетр рассоми Озодхон Алиева “Вся жизнь театр” номли кўргазма асарлари давом эттирди. Август ойида “Самарқанд сайқали” мустақиллик кўргазмаси очилган бўлса,сентябрь ойида “Чорсу” да график рассом Н.Калоновнинг ҳам 60 йиллик шахсий кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Айсел галереясида 3 октябрь куни йил бўйича 10- кўргазма тантанали очилди. Бу маҳаллий рангтасвирчи рус рассоми Алексей Шербаковнинг “Рангли қоришув” (“Цветное смятение”) номли 60 га яқин мойбўёқларидан иборат бўлган шахсий асарлардир. Айниқса унинг миллий руҳдаги ва рус ва ўзбек маданиятининг уйғунлигидаги “Фаришта”, “Сўғд аёли”, “Кузги Самарқанд” каби ажойиб, ўзига хос услубдаги асарлари томошабинлар эътиборини тортди.Тадбир давомида рассом А.Шербаков асарлари асосида яратилган батик либослари намойиш этилди. Рассомга А.Исаев томонидан ЎзБА нинг Кумуш медали тақдим этилди. ТВ Марказ мухбири Алфия Харченко рассом ижодий фаолияти ҳақида эксклюзив интервью олди. Кейинги ойларда ёш мўйқалам усталарининг ишлари намойиши режалаштирилган. Октябрь ойи охирида эса Афросиёб археологик музейининг 40 йиллиги ва янги музей биноси очилиши нишонланади.

Бугунги кунда ҳам Самарқанд ўзининг ижодий салоҳияти бўйича пойтахтдан кейинги ўринда туради. Мустақиллик даврида ЎзБА ташкил этилганидан буён шаҳримиз рангтасвирчи рассомлари орасида бирорта ҳам академик йўқлигини ҳисобга олиб, келажакда дастгоҳли ва монументал санъат йўналиши рассомлари орасидан ҳам академиклар, халқ рассомлари етишиб чиқишини ҳоҳлар эдик. Ушбу фактларни, яъни Самарқанд бадиий таълим тарихий илдизларининг теранлиги, узоқ йиллар мобайнида рассомлар авлодини илҳомлантириб келаётган, бетакрор ва салобатли меъморий ёдгорликлари бўлғуси рассомларда бадиий дидни шакллантиришини, Самарқанд бадиий ижодкорлар уюшмасининг фаолиятини ҳисобга олиб, шаҳримизда махсус кўргазма залини қуриш таклифини давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланишига ишонамиз. Зеро, “Айсел” арт студияси кўргазма зали (6х8) ва Чорсу тасвирий санъат галереяси нисбатан кичик ўлчамга эгадир.

Мана 10 йилдирки, СамДАҚИ “Тасвирийсанъат” кафедраси томонидан “Янги аср авлодлари” республика талабалар танлови турли жанрлар бўйича ўтказиб келинмоқда.

Умид қиламизки, кекса авлод устозлигида баркамол авлод бўлган ёш самарқандлик мусаввирлар дунё миқёсида танилиб, Самарқанд рангтасвир мактабининг ривожида ўзларининг катта ҳиссасини қўшади. «Ҳозирги кунда миллий маънавиятимиз ривожини тасвирий санъат намуналарисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек рассомларининг кейинги йилларда самарали ижод қилиб, янги-янги ютуқларни қўлга киритаётгани, бу соҳага кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келаётгани унинг равнақи ва истиқболидан далолат беради»-дейди бу ҳақда юртбошимиз. Навқирон рассомларимизга, бири-биридан гўзал асарлари билан нафақат юртимиздаги балки жаҳон музейларида ҳам ўз кўргазмаларини ташкил этиб, Самарқанд рангтасвир мактаби анъаналарини давом эттиришини тилаймиз.

....Самарқанд хусусидаги мақоламни шоир Муҳаммад Шайбонийхоннинг қуйидаги сатрлари билан ниҳоясига етказмоқчиман:

“Кетмади кўнгулдин ҳеч дийдори Самарқанднинг,

Кўзумдан учар ҳар дам гулзори Самарқанднинг,

Ҳар нечаки шаҳар шаҳар ўлса, дунёда латиф, аммо,

Барчадин эрур яхши бемори Самарқанднинг,

Бўлсун бу жаҳондин йўқ ағёри Самарқанднинг.”

“Шайбонийнома”

Адабиёт:

  1. Cултонова Д. Н. Ўзбекистон меъморчилигида деворий рангтасвирни уйғунлаштириш тамойиллари. Номз. дисс. Т.: 2004. 50-бет.
  2. Демин Л. С мольбертом по земному шару. (Мир глазами В. В. Верещагина). Москва. “Мысль”, 1991. С.50–108.
  3. Аҳмаров Ч. Нафосат йўлларида.хотиралар. Т.:2007. 160 бет.
  4. Усто Мумин (А.Николаев) Т.:1982.
  5. Никифоров Б. П. Беньков. –М.:1969. -147 с.
  6. Художники Самарканда. Каталог выставки. М.: 1992, 2–10 бетлар.
  7. Самарқанд-2750. Фотоальбом.Т.Ширинов. Т.: “Ўзбекистон”, 2007й. 111 бет.
  8. Мадраимов А., Норматов Н. Шарқ миниатюра мактаблари (мақолалар тўплами). Т.:1989, 37–38 бетлар.
  9. Эгамбердиев А.ХХ аср рангтасвирида картина ривожи. 2-нашр. Т-2009. 267 бет.
  10. Такташ Р. Х. Художественно-критические этюды. Т.: “Фан”1992. 134с.
  11. Умаров А. Ч. Аҳмаров. Т.:1974. 108 с.
  12. Ляховский М. В. В Самарканде (о художниках) // Звезда востока.- Т.:1947№ 6 с.42–46.
  13. Прокофьева Н. Мастер из Узбекистана: о творчестве О.Татевосяна //Творчество. М.:1966. № 4. С.13.
  14. Sultanova D. N. About modern graphic reconstruction wall painting of the throne-room of Afrasiab/ International journal of scientific and technology research/ Volume 4, issue 07, july 2015. Paris. -Р. 88–90. ISSN. 2277–8616.
  15. Жўраев Ҳ.Ҳ. Художественная жизнь Самарканда (1917-1947 г.г.). Автореферат. дисс. на соис. уч степ. канд.иск-я (рус тилида). Ленинград-1989.
Основные термины (генерируются автоматически): москва, Ленинград, Николаев, Россия, билима, Италия, мана, Харьков, ART, ISSN.


Ключевые слова

ВХУТЕМАС, Афросиёб, Кофирқалъа, Жартепа, Богишамолий, Мурод Самарқандий, Верешагин, Беньков, Ковалёвская, Изофабрика, демобилизация, мустақиллик даври санъати, Янги аср истеъдодлари

Похожие статьи

Навоийда Шоҳимардон

Ушбу мақолада бугунги кунда долзарб мавзулардан бирига айланган зиёратгоҳлар мавзуси хусусан, аҳоли орасида зиёратгоҳ-қадамжолар ва зиёрат маросимлари билан боғлиқ масалалар акс этган. Навоий вилоятидаги Ҳазрат Али ибн Абу Толиб ва Ҳазрати Ҳасан, Ҳус...

Сирожиддин Саййид ижодида Ватан тимсоли

Ушбу мақолада Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг Ватан мавзусида яратган шеърлари ижодкорнинг “Қалдирғочларга бер айвонларингни” ва “Онамнинг кулчалари” тўпламларидаги бадиият намуналари мисолида таҳлил қилинади. Ижодкорнинг Ватан тимсолини ...

Диний мутаассиблик моҳиятини турли ижтимоий фанларда талқин этилиши

Ушбу мақолада диний мутаассиблик муаммоси, мутаассиб оқимларга янги аъзони жалб қилиш усуллари, унинг ижтимоий-психологик хусусиятлари муҳокама қилинган. Шунингдек, ақидапараст оқимларнинг таъсирига тушиб қолишни сабаблари ёритилган.

Этиқодни шаклланишида ижтимоий муҳитни ўрни

Ривожланишни янги босқичида шахдам қадамлар ташлаб бораётган халқимиз рухиятининг кўзгуси бўлган эътиқодни ҳар томонлама илмий асосда таҳлил этиш замонамиз психологларини олдида турган энг долзарб вазифалардан бирдир.

Навоий ғазалига Жавҳарий назираси

Мавлоно Абдурашид Жавҳарий Навоий ғазалларига куплаб назиралар ва мухаммаслар ёзган, Жавҳарийнинг Навоий ғазлларига ёзган назираларини таҳлил булиб ва унинг фикри жиҳати, дунё қараши ва ундан қанча даражагач издошлик қилганинг, шу сабабдан бир қиёсий...

«Ат-Таърифот» асарининг Қуръон илмларига оид истилоҳларнинг ўрганилишидаги илмий аҳамияти

Мақолада Саййид Шариф Журжонийнинг илмий даражаси, олимнинг диний истилоҳлар таърифларига бағишланган «ат-Таърифот» номли асари, асарда Қуръон илмларига оид истилоҳлар ёритилиши тадқиқ этилган.

Нутқ маданиятида миллийлик руҳи

Мазкур мақолада нутқ маданиятини такомиллаштиришда миллийлик масалалари, нутқнинг равон ва мазмундор бўлиши учун инсон ўз устида ишлаши зарурлиги, тинимсиз машқ қилиш орқали мақсадга эришиш йўллари ҳақида сўз боради.

Янги даврнинг илк адабий портрети: бардавомлик ва такомил сари

Ушбу мақолада маҳоратли ижодкор Омон Матжон ҳақида яратилган илмий изланишлар тадқиқи мисолида шоир адабий портретига чизгилар берилган, асарлари хусусида қимматли фикр-мулоҳазалар билдирилган. Омон Матжоннинг ижодий ва маънавий қиёфаси, ёрқин истеъд...

Абдулҳай ал-лакнавий асарларининг мавзу жиҳатидан таҳлили

Мақолада Абдулҳай ал-Лакнавий асарларининг мавзу жиҳатидан таҳлили келтирилган. Ўтказилган таҳлиллар асосида тадқиқотнинг навбатдаги босқичлари учун истиқболлар белгилаб олинган.

Халқ оғзаки ижодида сўз санъати

Ёш авлодни маънавий тарбиясини мукаммал қилиш, уларнинг қалбида ватанга бўлган муҳаббат, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни шакллантириш, ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашда халқ оғзаки ижоди намуналарининг муҳим жихатлари: бахшиёна достонлар, иб...

Похожие статьи

Навоийда Шоҳимардон

Ушбу мақолада бугунги кунда долзарб мавзулардан бирига айланган зиёратгоҳлар мавзуси хусусан, аҳоли орасида зиёратгоҳ-қадамжолар ва зиёрат маросимлари билан боғлиқ масалалар акс этган. Навоий вилоятидаги Ҳазрат Али ибн Абу Толиб ва Ҳазрати Ҳасан, Ҳус...

Сирожиддин Саййид ижодида Ватан тимсоли

Ушбу мақолада Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг Ватан мавзусида яратган шеърлари ижодкорнинг “Қалдирғочларга бер айвонларингни” ва “Онамнинг кулчалари” тўпламларидаги бадиият намуналари мисолида таҳлил қилинади. Ижодкорнинг Ватан тимсолини ...

Диний мутаассиблик моҳиятини турли ижтимоий фанларда талқин этилиши

Ушбу мақолада диний мутаассиблик муаммоси, мутаассиб оқимларга янги аъзони жалб қилиш усуллари, унинг ижтимоий-психологик хусусиятлари муҳокама қилинган. Шунингдек, ақидапараст оқимларнинг таъсирига тушиб қолишни сабаблари ёритилган.

Этиқодни шаклланишида ижтимоий муҳитни ўрни

Ривожланишни янги босқичида шахдам қадамлар ташлаб бораётган халқимиз рухиятининг кўзгуси бўлган эътиқодни ҳар томонлама илмий асосда таҳлил этиш замонамиз психологларини олдида турган энг долзарб вазифалардан бирдир.

Навоий ғазалига Жавҳарий назираси

Мавлоно Абдурашид Жавҳарий Навоий ғазалларига куплаб назиралар ва мухаммаслар ёзган, Жавҳарийнинг Навоий ғазлларига ёзган назираларини таҳлил булиб ва унинг фикри жиҳати, дунё қараши ва ундан қанча даражагач издошлик қилганинг, шу сабабдан бир қиёсий...

«Ат-Таърифот» асарининг Қуръон илмларига оид истилоҳларнинг ўрганилишидаги илмий аҳамияти

Мақолада Саййид Шариф Журжонийнинг илмий даражаси, олимнинг диний истилоҳлар таърифларига бағишланган «ат-Таърифот» номли асари, асарда Қуръон илмларига оид истилоҳлар ёритилиши тадқиқ этилган.

Нутқ маданиятида миллийлик руҳи

Мазкур мақолада нутқ маданиятини такомиллаштиришда миллийлик масалалари, нутқнинг равон ва мазмундор бўлиши учун инсон ўз устида ишлаши зарурлиги, тинимсиз машқ қилиш орқали мақсадга эришиш йўллари ҳақида сўз боради.

Янги даврнинг илк адабий портрети: бардавомлик ва такомил сари

Ушбу мақолада маҳоратли ижодкор Омон Матжон ҳақида яратилган илмий изланишлар тадқиқи мисолида шоир адабий портретига чизгилар берилган, асарлари хусусида қимматли фикр-мулоҳазалар билдирилган. Омон Матжоннинг ижодий ва маънавий қиёфаси, ёрқин истеъд...

Абдулҳай ал-лакнавий асарларининг мавзу жиҳатидан таҳлили

Мақолада Абдулҳай ал-Лакнавий асарларининг мавзу жиҳатидан таҳлили келтирилган. Ўтказилган таҳлиллар асосида тадқиқотнинг навбатдаги босқичлари учун истиқболлар белгилаб олинган.

Халқ оғзаки ижодида сўз санъати

Ёш авлодни маънавий тарбиясини мукаммал қилиш, уларнинг қалбида ватанга бўлган муҳаббат, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни шакллантириш, ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашда халқ оғзаки ижоди намуналарининг муҳим жихатлари: бахшиёна достонлар, иб...

Задать вопрос