Ўрта асрларда Мовароуннаҳрда бир қатор илмлар ривож топди. Булар фаторида тафсир (Қуръон шарҳи) илми ҳам ўзининг тараққиёт босқичини босиб ўтди. Минтақада нақлий ва ақлий тафсир турларидан ақлий қисми тез ривождандики, олимларнинг аксарият ижодлари манашу йўналишда эди.
Калит сўзлар: тафсир, ақлий, нақлий, тасаввуф, ишорий, ақида, фиқҳ, наҳв, сарф.
В средних веках в Мавераннахре ризвились ряд исламских наук. Среди них была наука тафсир (коммантарии Корану). В регионе из переданных и рациональных видов тафсира развилась рациоланьные тафсиры и большинство книг ученых было в этом сфере.
Ключевые слова: тафсир, рациональные (акл), переданные (накл), суфизм (тасаввуф), ишорий, вероучение (акида), исламское право (фикх), синтаксис (нахв), морфология (сарф).
Тафсир илми ўрта асрларда Мовароуннаҳрда ривожланиш ва сустлашиш каби босқичларни босиб ўтди. Лекин айтиш керакки, тафсир соҳасида ўзига хос жиҳатларни кузатиш мумкин. Ушбу хусусиятларни тафсир илмида мавжуд тафсир турлари асосида таҳлил этиш мумкин. Маълумки, тафсир иккита катта турга — нақлий ва ақлийларга бўлинади. Ақлий тафсирлар ҳам ўз навбатида наҳв ва сарф, луғат, балоғат ва фасоҳат, тасаввуф, ақида ва фиқҳ каби қисмлардан иборат. Мана шу тақсимот асосида XIII-XV асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган тафирларни кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш мумкин. Лекин ушбу тадқиқотда нафақат XIII-XV асрлар билан кифояланилди, балки ундан олдинги даврларда тафсир илми қандай ривож топгани ҳамда кейинчалик қайси ҳолатда бўлганини аниқроқ билиш мақсадида Мовароуннаҳрга ислом кириб келганидан кейин IX-ХII асрларда ёзилган тафсирларнинг энг машҳурларини ҳам таҳлил қилинди.
Нақлий тафсирлар. IX-XII асрлар. IX асрда Мовароуннаҳрда нақлий тафсир ёзиш анъанасини Абд Ибн Ҳумайд ал-Кеший, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Абдуллоҳ ад-Доримий каби муҳаддислар бошладилар. Абд ибн Ҳумайд ал-Кешийнинг нақлий услубда китобат қилинган китоби мавжуд. Оли Имрон ва Нисо суралари шарҳидан иборат ҳолда 2004 йилда Байрутда чоп этилган ушбу тафсир бугунги кунда тадқиқот жараёнига жалб этилган. Имом ал-Бухорийнинг “ат-Тафсир” номли китоби борлиги манбаларда қайд қилинган. Бироқ у бизгача етиб келмаган, шу сабабли ушбу китоб ҳақида аниқ фикр айтиш қийин. Лекин ал-Бухорийнинг китоб таълиф этиш услубидан келиб чиқиб, уни нақлий тафсир дейиш мумкин. Ат-Термизий ва ад-Доримийларнинг тафсир китоби ёзганликлари маълум бўлсама-да, уларнинг ҳадис тўпламларида Қуръон тафсирига оид алоҳида боблар борлиги ва унда оятлар ҳадис орқали шарҳланганлигидан келиб чиқиб, уларни нақл асосида тафсир қилган муҳаддислар дейиш мумкин.
Х аср ва ундан кейин ҳам давом эттирилди. Абу Исҳоқ ан-Насафий хали қўлёзмаси топилмаган, бироқ нақлий тафсир бўлиши мумкин бўлган “ат-Тафсир” китоби борлиги таъкидланади. Яна бир олим Абу Лайс ас-Самарқандий “Баҳрул улум”да оят ва ҳадисларга асосланган тафсирлардан кўп фойдаланган. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ал-Ҳамазоний ас-Самарқандийнинг ҳам “ат-Тафсир” номли асари борлиги айтилса-да, бизгача етиб келмаганлиги боис унинг қандай тафсир эканлиги борасида аниқ фикр билдириш қийин. Бироқ ўша пайтдаги давр ва олимнинг қарашларидан келиб чиқиб, катта эҳтимол билан унинг нақлий тафсир бўлган дейиш мумкин. Тошкентлик Абу Бакр ал-Қаффол Муҳаммад ибн Али аш-Шошийнинг ҳам “ат-Тафсирул кабир” номли тафсири борлиги таъкидланади. Лекин унинг ҳам нусхаси сақланиб қолмаган. Бироқ айрим тафсирларда ундан келтирилган бир қатор иқтибослар мазкур тафсирнинг нақлий ва ақлий эканини кўрсатади. Олимнинг муҳаддис олим бўлганлиги ҳам унинг тафсирларда нақлий далиллардан фойдаланганлигига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
XIII-XV асрлар. XIII-XV асрларда тафсир илми кетма-кетликда тараққий этди. Бироқ даврлар ўтиши ва илмда янги соҳаларнинг пайдо бўлиши ҳамда ақлий жавобларга эҳтиёжнинг ортиши натижасида Х-ХII асрлардан кейин нақлий тафсирлар нисбатан камроқ ёзилганини кузатиш мумкин. Аммо бу нақлий тафсирлар ёзилмади, деган хулоса ҳам эмас, балки муфассир олимлар ўз тафсирларида ақлий шарҳларни бериш билан бир қаторда нақлийларидан ҳам фойдаланганлар. Ўзи аслида ақлий ва нақлийга ажратиш бевосита қуйидаги услуб кўрилади: бир тафсир китобида ақлий ва нақлий далиллар ҳам бўлади, бироқ улардан қайси бири кўпроқ бўлса ўша томони қабул қилинади. Шу нуқтаи назардан қараганда, кузатишлар натижасида ХII асрдан кейин нақлий тафсир борлиги аниқланмади. Бу ҳолат умумий тарзда ислом оламида ҳам шундай эди. Айрим ҳоллардагина нақлий тафсирлар яратилган. Бунга Ибн Касир, Абдураҳмон ас-Саолибий, Жалолуддин ас-Суютийни мисол қилиш мумкин. Шу маънода айтиш мумкинки, XIX-XX асрларда ҳам айрим ҳоллардагина нақлий тафсирлар ёзилди. Жумладан, Аллома Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ аш-Шавконий (ваф. 1250/1834–35 й.)нинг “Фатҳул кодирил жомиъ байна фаннир ривоя вад дироя мин илмит тафсир” ва Муҳаммад Амин Шанқитийнинг (ваф. 1393 ҳ.й.) “Азвоул баён фи изоҳил Қуръон бил Қуръон” китобларини айтиш мумкин.
Шуни айтиш керакки, нақлий тафсирлар асосан XII асргача бўлган даврда кўпроқ ёзилган. Буни Мовароуннаҳр ва бутун ислом олами мисолида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, Муҳаммад ибн ал-Жарир ат-Табарийнинг (ваф. 310/922) “Жомиул баён ан таъвили ойил Қуръон”, Ибн Абу Ҳотам ар-Розийнинг (ваф. 327/939) “Тафсирул Қуръонил карим”, Абу Лайс ас-Самарқандийнинг (ваф. 375/985) “Баҳрул улум”, Абу Исҳоқ ас-Саолибийнинг (ваф. 427/1036) “ал-Кашф вал баён ан тафсирил Қуръон”, Абу Муҳаммад ал-Бағавийнинг (ваф. 516/1122) “Маолимут танзил”, Ибн Атийя ал-Андалусийнинг (ваф. 546/1146) “ал-Баҳрул важиз фи тафсирил Китабил азиз” каби машҳур нақлий тафсирлар ҳам айнан манашу даврга тўғри келади.
Кейинги даврларда нақлий тафсирларга нисбатан ақлий тафсирлар кўпроқ ёзилди. Бунинг боиси нима деган савол туғилиши табиийдир. Жавобан бир нечта омилларни санаб ўтиш мумкин.
Биринчидан, нақлий ривоятлар ҳадис тўпламлари, муснадлар, дастлабки тафсир китобларида жамланиб бўлинган эди. Вақт ўтиши ва саҳиҳ тўпламларнинг шаклланишиб бўлиши натижасида китобларда ҳатто ровийлар[1] ҳам зикр қилинмай қўйилди. Чунки саҳиҳ ҳадислар ажратиб бўлинган, ровийлари аниқлаштирилган, эндиликда бунга эҳтиёж қолмаган эди. Бунинг ўрнига ал-Бухорий, Муслим, ат-Термизий ривояти каби иборалар билан кифояланиб қўйиладиган бўлинди. Ушбу ҳолат ҳам нақлий тафсирларнинг камроқ ёзилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Иккинчидан, илм-фаннинг ривожи, фанда янги соҳаларнинг пайдо бўлиши, кашфиёт ва ихтиролар натижасида Қуръонни ўша илмлар асосида тушунишга эҳтиёж ҳам пайдо бўла борди. Масалан, ақлий илм йўналишларидан саналган фиқҳ, ақида, фалсафа, тасаввуф кабилар билан боғланган тафсирлар кўплаб ёзила бошланди. Айниқса, бугунга келиб, оятлардаги маъноларни замонавий технологиялар ютуқларига боғлаш ҳолати мавжуд. Натижада Қуръонда тиббиёт, фалакиёт, физика сингари кўплаб тадқиқотлар пайдо бўлди.
Учинчидан, Қуръон тилини, сўзларининг маънолари, грамматик хусусиятлари, ғариб сўзлар, балоғат ва фасоҳати кабиларни ўрганишга нафақат араб бўлмаган, балки арабларнинг ўзларида ҳам эҳтиёж пайдо бўлди. Чунки вақт ўтиши билан асл тилдан узоқлашиш, айрим сўзларнинг тушунмаслик ёки янада чуқурроқ тушуниш зарурати пайдо бўлган эди. Табиий равишда тилшунос олимларнинг ушбу жиҳатларни ўрганишлари натижасида алоҳида Қуръони каримнинг тил билан боғлиқ кўплаб тафсирлари вужудга келди. Аслида оятларни араб тилини яхши билмасдан тушуниш имконияти ҳам йўқ эди.
Бу ва яна бошқа бир қатор омиллар нақлий тафсирлардан кўра ақлийларининг кўпайишига сабаб бўлган.
Ақлий тафсирлар. IX-XII асрлар. Х асрда Мовароуннаҳрда тўлиқ ёзилган ақлий тафсирлар пайдо бўлди ва Абу Мансур ал-Мотуридий буларнинг дастлабкиларидан бири бўлди. Тўғри, ал-Мотуридийнинг “Таъвилот аҳлис сунна” китобини нақлий деювчи олимлар ҳам мавжуд. Бироқ унинг ёзилиш усулларидан келиб чиқиб, ақлий дейиш мумкин. Масалан, аллома кўп жойларда ақлий саволлар бериб, уларга мантиққа асосланган жавобларни беради ва уларни оят ва ҳадислар билан асослаб кетади. Фотиҳа сурасини шарҳлашда ҳам бир нечта оят ва ҳадисларни келтиради, бироқ у ердаги ақлий изоҳ ва таъвиллар нақлийга нисбатан кўплигини кузатиш мумкин. Мазкур тафсирда нақлий далилларга таянилган ақлий мисоллар кўп дейиш тўғрироқ бўларди.
Кейинчалик ақлий тафсир ёзиш анъанаси Абу Ҳафс Умар ан-Насафий, Абу Наср ал-Ҳаддодий ас-Самарқандий[2], Алоуддин ас-Самарқандий сингари олимлар томонидан давом эттирилди. Айтиш керакки, Абу Ҳафс Умар ан-Насафий тафсирда форс тилига ҳам алоҳида урғу берди. Жоруллоҳ аз-Замахшарий ақлий билимларни маромига етказган етук олим сифатида Қуръони каримнинг балоғий, наҳвий, луғавий жиҳатларини юқори даражада баён этди. Буни асрлар оша кўплаб муфассирлар эътироф этиб келадилар. Абул Баракот ан-Насафий эса, ал-Мотуридийдан ақлий ва мантиқий мисоллар, таъвил, оқимларга раддия беришда тафаккурга чорловчи услубларни ҳамда аз-Замахшарийдан Қуръоннинг балоғат ва фасоҳати, наҳв ва луғат сирларини очишдаги маҳоратларни олиб қўллаган. Шу тарзда “Тафсир ан-Насафий”нинг бир нечта жойида йирик муфассирларнинг тафсирларидан фойдаланган.
Ақлий илмлар асосида ёритилган тафсирларни Абу Али Ибн Сино[3], Муҳаммад ибн Абдураҳмон аз-Зоҳид ал-Бухорий[4] каби олимлар ижодида ҳам учратиш мумкин. Ушбу даврларда яшаган бир қатор олимларнинг тафсир қўлёзмалари сақланиб қолмаган[5], агар уларни топиш мумкин бўлганда, балки мазкур рўйхатни яна давом эттириш имконияти ҳам туғилар эди.
XIII-XV асрлар. Мовароуннаҳрда ақлий тафсирларнинг ёзилиш анъанаси кейинги асрларда давом этди. Бундай олимлар қаторида Абул Баракот ан-Насафий, Жамолуддин ал-Кошоний, Абул Фазоил Муҳаммад ал-Бурҳон ал-Ҳанафий, Алоуддин Абдулазиз ал-Бухорий, Масъуд Саъдуддин ат-Тафтазоний, Алоуддин Али Мавлоно ал-Қушчий, Абул Қосим ибн Абу Бакр ас-Самарқандий ал-Баёний, Камолуддин Ҳофиз ал-Кўҳакий ат-Тошқандий, Бухорий-зода Муҳаммад ал-Бухорий кабиларни айтиб мумкин.
Булардан Абул Баракот ан-Насафий “Мадорикут таъвил ва ҳақоиқут таъвил” китобини араб тили қоидалари, ақлий мушоҳада ва мисоллар асосида кенг шарҳлаган. Олимнинг тафсирида нақлий илмлар ҳам мавжуд. Бироқ ақлий илмлар нисбатан кўплиги учун у ақлий илмлар асосида шарҳланган китоб дейиш мумкин. Умуман олганда, аллома ўз тафсирида қуйидаги илмлардан фойдаланган:
− тилга оид илмлар: сарф, наҳв, луғат, араб адабиёти, шеърияти, мақоллар, балоғат, фасоҳат, қисман форс ва иброний[6] тиллар;
− диний илмлар: Қуръон, ҳадис, саҳоба ва тобеъинлар ривоятлари, ақида, фиқҳ, усул ал-фиқҳ, мерос, қироат, носих ва мансух, тасаввуф;
− бошқа илмлар: тарих, исроилиёт, география, ҳисоб-китоб.
Мовароуннаҳрда ақлий тафсирлар ичида ишорий тафсирларнинг ҳам ривож топганини кузатиш мумкин. Буни IX-X асрларда яшаган ал-Ҳаким ат-Термизий мисолида ҳам кўриш мумкин. Аллома қаламига мансуб, бироқ номи номаълум китобида Қуръонда учраган 80 та сўзга шарҳ ёзилган ва оятлар тасаввуфий-ишорий услубда изоҳланган[7].
Ишорий тафсирлар орасида Нажмиддин Кубро, Жамолуддин ал-Кошоний, Хўжа Порсо, Яъқуб Чархий кабиларни ҳам айтиб ўтиш мумкин.
Умуман олганда, тасаввуф тариқатлари ривожланиши билан тасавуфий тафсирлари ҳам кўпайиб борди.
Адабиёт:
- Ҳожи Халифа (Мулла Котиб ач-Чалабий). Кашф аз-зунун. II жилдда. Ал-Олам нашриёти, 1310/1892–3. — 662 б.
- Шамсуддин ад-Довудий. Табақотул муфассирин. — Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2002. — 560 б.
- Обидов Р. Ўрта Осиё олимларининг тафсир соҳасидаги хизматлари. — Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009. — 68 б.
- Муминов А. Роль и место ханафитских ‘уламо’ в жизни городов центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XII вв.): Дисс. … док. истор. наук. — Т.: ТИУ, 2003. — 304 б.
- Абул Баракот ан-Насафий. Тафсир ан-Насафий (Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқит таъвил) / Юсуф Али Бадявий таҳрири остида. III жилдда. — Байрут: Дор Ибн Касир, 1999. — 2246 б.
[1] Масалан, ҳаддасана, рова, рувия каби иборалар
[2] Ал-Ҳаддодийнинг “ал-Муваззаҳ фи илмит тафсир” китоби 1988 йилда Дамашқда чоп этилган. У 113 саҳифадан иборат ихчам тафсир бўлиб, унда 200 та ғариб сўз ва Қуръон услублари изоҳланган.
[3] Ибн Сино қаламига мансуб Қуръоннинг охирги 3 та сураси тафсирининг қўлёзмалари Тошкент фондида ва 11 та суранинг тафсири қўлёзмалари Лондон фондида сақлананмоқда. Ибн Синонинг фалсафа, мантиқ, кенг ақлий мушоҳадалари, тиббиёт, фалакиёт, физика каби илмларни билиши оятларни ҳам шундай шарҳлашга ундагани табиий.
[4] 546/1151 йилда ушбу олимнинг минг жуздан кўпроқ бўлган тафсири ҳақидаги маълумотлар биобиблиографик манбалардан бошқа жойларда учрамади. Лекин унинг ҳажми ва яшаган даври, илмий муҳитидан келиб чиқиб, ақлий тафсир дейиш мумкин.
[5] Булар қаторида Аҳмад ибн Умар ибн Ашъас Абу Бакр ас-Самарқандийнинг (ваф. 489/1069) “ас-Саҳоиф”, Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Баздавий (1009-1089) тафсири, Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад Алоуддин Абу Абдуллоҳ аз-Зоҳид ал-Бухорийнинг (ваф. 546/1151) “Тафсирул Қуръон”, Абул Фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ас-Усмандий ас-Самарқандийнинг (488-552/ 1095-1157) “ал-Амолий фит тафсир”, Абул Қутн Носируддин Муҳаммад ибн Юсуф ас-Самарқандийнинг (ваф. 556/1161) “ал-Аҳком фит тафсир” кабиларни санаб ўтиш мумкин.
[6] Иброний – яҳудийларнинг қадимги тили.
[7] Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бир қатор китобларида оятлар шарҳида ишорий услубни кузатиш мумкин. Жумладан, буни “Яширинган масалалар” (ал-Ҳаким ат-Термизий. Яиширинган масалалар. Нашрга тайёрловчи, таржима, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи М.Исмоилов. – Т.: “Наврўз” нашриёти. 2017. 300 б. – Б. 19, 45 ва б.), “Хатмул авлиё” (ал-Ҳаким ат-Термизий. Хатмул авлиё / таржимон К.Раҳимов. – Т.: “Ношир”, 2017. – 308 б.)