Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид” асари таржималари таҳлили | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 28 декабря, печатный экземпляр отправим 1 января.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №27 (317) июль 2020 г.

Дата публикации: 02.07.2020

Статья просмотрена: 255 раз

Библиографическое описание:

Аллокулов, Абдуллатиф. Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид” асари таржималари таҳлили / Абдуллатиф Аллокулов. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2020. — № 27 (317). — С. 373-376. — URL: https://moluch.ru/archive/317/72293/ (дата обращения: 19.12.2024).



Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид” асари ўрта асрларда ёзилган муҳим манба ҳисобланади. У ҳозирги кунгача мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилади. “Ақоид” асари ўзбек, турк, рус, урду, форс ва тожик тилларига таржима қилинган.

Калит сўзлар: калом, ақида, Матну-л-Ақоид, Табсирату-л-адилла, Китобу-т-тавҳид, Фиқҳу-л-акбар, нақл, ҳадис, имомат.

Книга “Акаид” Абу Хафса ан-Насафи является важным источником, написанным в средние века. Этот источник как один из важных учебников преподается в медресе даже в наши дни. “Акаид” был переведен на узбекский, турецкий, русский, урду, персидский и таджикский языки.

Ключевые слова: калом, догма, Матну-л-Акаид, Табсирату-л-адилла, Китобу-т-тавхид, Фикху-л-акбар, накл, хадис, имамат.

Абу Ҳафс Насафий (461–537/1069–1142 й.) Абу Ҳанифанинг (80–150/699–767 йй.) “Фиқҳу-л-акбар”, Ҳаким Самарқандий (ваф. 342/953 й.)нинг “Китобу-с-саводи-л-аъзам”, Таҳовийнинг “ал-Ақоиду-т-таҳовия” асарларидан ва ҳанафийлик негизида шаклланган мотуридийлик таълимотига доир Абу Мансур Мотуридийнинг “Китобу-т-тавҳид” ва Абу Муин Насафийнинг “Табсирату-л-адилла” китоблари асосида “Ақоид” рисоласини ҳанафий-мотуридийликнинг анъанавий услубида, қисқа ва равон тарзда ёритган. Шунинг учун у Мовароуннаҳр таълим муассасаларида калом илми бўйича асосий ўқув қўлланма ҳисобланган.

“Ақоид”да Қуръон ва ҳадислардан келтирилган далиллар жуда кам учрайди. Жумладан, пайғамбарлар сони билан боғлиқ ўринда “Ғофир” сурасининг 78-ояти далил қилиб келтирилган. Бошқа ўринларда бундай ҳолат учрамайди. Бироқ муаллиф китобда берилган маълумотлар Қуръон ва суннада келганига ишора қилиш учун “ورد الدليل السمعي” (нақлий далил келган) [1, б. 106], “وقد روي بيان عددهم في بعض الأحاديث” (баъзи ҳадисларда уларнинг сони ривоят қилинган) [1, б. 106], “واجبة بالنقل” (нақл билан вожиб бўлган) [1, б. 105] каби ибораларни қўллаган.

“Ақоид” асари ўзидан олдин ёзилган асарларга тезис вазифасини ўтагани учун, уни олимлар “ал-Уъюн” (Чашмалар), “Умдату-т-толиб” (Талабаларнинг устуни), “Умдату-н-наззор” (Диққат билан кузатувчининг устуни) каби номлар билан атаганлар [15, ж. 2, б. 1145].

Олмон тадқиқотчиси Ульрих Рудольф Ҳожи Халифанинг фикрини қуйидагича изоҳлайди: “Нажмуддин Насафий “Ақоид” асарини мотуридийлик таълимотида, шаклан эса, Абу Муин Насафийнинг “Табсирату-л-адилла” асарига асослаган” [10, б. 250]. Ульрих Рудольф “Ақоид”да келган “хурмодан тайёрланган набиз, яъни шарбатни ҳаром деб билмаймиз”, “фосиқ ортида намоз ўқиш мумкин”, “солиҳ ва фосиқ мусулмонга жаноза намози ўқиш жоиз”, “муқимликда ҳам, сафарда ҳам маҳси устига масҳ тортишни жоиз деб биламиз” каби масалаларни назардан четда қолдириб, юқоридаги хулосани берган бўлиши мумкин. Айни бу мавзулар Абу Муин Насафийнинг “Табсира”, “Баҳру-л-калом” асарларида мавжуд эмас. Демак, Абу Ҳафс Насафий олдинги ҳанафий-мотуридийлик таълимотига доир китобларни ихчам шаклга келтириб, аҳли сунна ва-л-жамоа ақидасининг зубдасини (қаймоғини) беришга ҳаракат қилган.

Турк тадқиқотчиси Сулаймон Улдагнинг фикрига кўра, Саъдуддин Тафтазоний (1904–1970/1322–1390) нинг “Шарҳу-л-Ақоиди-н-насафия” китоби ёзилгандан кейин “Ақоид” асари ислом оламида кенг тарқалган [11, б. 61]. Қозонлик Ж.Валидий бу ҳақида шундай деган: “Мусулмон ва татар мадрасаларида энг оммабоп асар Саъдуддин Тафтазонийнинг шарҳи билан танилган Насафийнинг “Ақоид” асаридир” [5, с. 19., 12, б. 105]. Олим Самарқанддаги “Кигиз босувчилар”, “Муқотил”, “Масжиду-л-манора”, “Сиккату-л-лаббодин” гузарлари масжидлари, “Табғочхон” мадрасасида ақоид, усулу-л-ҳадис, усулу-л-фиқҳ илмларидан ўқув қўлланма тайёрлаб бергани, улардан махсус дарслар уюштиргани ва ўзининг хусусий таълим масканида ҳам соҳага доир ёзилган матнларидан таълим бергани манбаларда келган [6, б. 20]. Бу маълумот Насафийнинг “Ақоид” асари ҳанафий-мотуридийлик мактабларида Тафтазонийнинг шарҳи ёзилгунига қадар машҳур бўлиб улгурганини билдиради.

Насафийнинг “Ақоид” асарини ўрта асрлардан ҳозирги кунгача мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилиши, уни ўзбек, форс, турк, урду ва рус тилларига таржима қилинишига замин яратган. “Ақоид” асарининг таржималарини қуйида тиллар кесимида таҳлилий кўриб чиқиш мумкин:

Форс — тожик тилидаги таржималар. 3044/II рақамли қўлёзма “Ақоид”нинг аштархоний Субҳонқулихон ҳукмронлиги (1091/1114–1680/1702 йй.) даврида форс тилига ўгирилган таржимаси. Матн қизил чизиқли ҳошия ичида, унвон билан бошланган. Қўлёзма 1104/1691 йилда кўчирилган.

ЎзР ФА ШИ “Дублет” қўлёзмалар бўлимида “Ақоид”нинг 371/III рақами остида сақланадиган нусхаси 1275/1858 йилда форс тилига таржима қилинган. Қўлёзма жами 167 варақдан иборат бўлиб, ундан “Фиқҳи Кайдоний”нинг 1284/1864 йилда кўчирилган нусхаси, Ибн Оқилнинг “Ақоиду-л-манзума”, Ёр Муҳаммад ибн Ҳудойдоднинг тажвид илмига оид “Қавоиду-л-Қуръон” каби китоблари ўрин олган. Ўлчами 13х21. 11 сатрдан иборат. Пойгирлари тўлиқ. Муқова қаттиқ жигарранг картондан ишланган. Унинг устига қизил қалампир сурати туширилиб, у сариқ мато билан ғилофланган [8, б. 124].

2366/IV рақамли қўлёзма “ترجمه عقائد نسفية” (Таржимаи ақоиди Насафия) деб номланиб, у Али ибн Абу Бакр томонидан тожик тилига ўгирилган. Таржима асл матнсиз берилган. Ўлчами 16х27 га тенг. Майда настаълиқ хатида кўчирилган. 19 сатрдан иборат бўлиб, жами 3 варақ.

2744/I. Таржимаи ақоиди Насафия. Арабча матн билан тожик тилидаги таржима биргаликда берилган. Қўлёзма нафис настаълиқ хатида кўчирилган. Пойгирлари тўлиқ, 19 сатрли. Ўлчами 17х27 га тенг. Муқоваси қалин картондан, лабаги чармдан. Унвонли. Қўлёзма 21 варақдан иборат.

Асарнинг ўрта асрларда амалга оширилган форс ва тожик тилидаги таржималари каталоги диссертациянинг илова қисмида тўлиқ берилди. Уларда “Ақоид” асарини эркин таржима қилишга ҳаракат қилинган. Шу билан бирга, муайян ўринларда шарҳлар ҳам берилган. Асарнинг ўрта асрларда тожик тилига ўгирилиши халқ орасида кенг тарқалгани билан изоҳланади. Булар орасида 3044/II рақамли таржима бошқа нусхалардан тилининг равонлиги, атамаларнинг жуда содда тарзда ифода этилиши билан фарқ қилади.

“Ақоид”нинг форс тилидаги замонавий таржимасини Эроннинг “Баййинат” ислом меросини тиклаш маркази ходими Муҳаммад Умар Жўё амалга оширган. Китоб муқаддимасида Абу Ҳафс Насафийнинг “Тафсири Насафий” асарининг қўлёзма нусхаларига тўхталган. Унда асл арабча матн келтирилмай, бевосита форс тилидаги таржимаси берилган. “Нарсаларнинг ҳақиқати”, “суфастоия” (нарсаларнинг моҳиятини инкор қилувчилар), “мутавотир”, “гуноҳи кабира”, “нақлий далил”, “набиз” каби атамалар матн остида изоҳлаган. Китобнинг умумий ҳажми 11 бетдан иборат [16].

Ўзбек тилидаги таржима . Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур “Ақоид матнлари” китобида Имом Аъзамнинг “Фиқҳу-л-акбар”, Таҳовийнинг “Ақидату-т-таҳовия”, Али ибн Усмон Ўшийнинг (569/1173 й.) “Бадъу-л-амолий” асарлари билан Насафийнинг “Ақоид” китобини ҳам таржима қилган. Асл матн билан таржима алоҳида берилган. Китоб муқаддимасида Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти, ижоди, унинг шогирдлари, Имом Мотуридий назарияси, умматнинг турли оқимларга бўлиниши, мотуридийликнинг хусусиятлари баён этилган [2, б. 4–19]. Тушунарсиз атама ва иборалар қавс орасида қисқа ва лўнда шарҳланган.

Рус тилидаги таржималар . Доғистон мусулмонлари бошқармаси ўринбосари Магди Мутаилов “Ақоид” асарини Шимолий Кавказ университетининг “Ислом илоҳиёти ва халқаро алоқалар” кафедраси талабалари учун ўқув қўлланма сифатида 2009 йил “аль-Акаид ан-Насафия” номи билан нашр қилган. Китобнинг муқаддимасида Насафийнинг ҳаёти, ижоди ҳақида қисқа маълумот берилган. Унга кўра, асар “нарсаларнинг моҳияти ва уларни англаш йўллари”, “илоҳиёт”, “қиёмат куни ҳодисалари”, “имон”, “нубувват ва фаришталар”, ҳамда “хилофат ва имомат” бўлимларидан иборат. Асл матн остида таржимаси баён қилинган. Асардаги атамаларга қавс ичида изоҳ берилган [7, с. 32].

Кавказ федерал университети “Минтақашунослик ва исломшунослик” кафедраси катта ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди, Татаристон Республикаси Фанлар академияси “Жамоатчилик фикри ва исломшунослик” бўлими бошлиғи Саид-Дамир Адгамович Нагавиев ҳам Насафийнинг “Ақоид” асарини “Символ веры” номи остида таржима қилган. Китоб муқаддимасида Тафтазоний ва Даввонийнинг шарҳлари ҳақида тўхталган. Таржима асл матнсиз берилган ва “naqshband.narod.ru” сайтига жойлаштирилган [17].

Турк тилидаги таржималар. Турк тадқиқотчиси Асуман Карамустафа Насафийнинг “Ақоид” асари устида тадқиқот олиб борган ва 2017 йилда “Ақоид”нинг турк тилидаги таржимасини асл матни билан қўшиб, “Ehl-i Sünnet Akaidi” (Аҳли сунна ақоиди) номида нашр қилган. Унда дастлаб ислом илмлари, калом илмининг таърифи, ғояси, мартабаси, фойдаси, юзага келиш сабаблари, салафи солиҳлар томонидан калом илми танқид қилинишининг сабаблари, шаръий ҳукмларнинг манбалари — Китоб, суннат, ижмо, қиёс ҳақида сўз юритган. Шундан кейин асарнинг асосий қисмига ўтган [3, s. 427].

Туркиялик тадқиқотчи Саййид Аҳсан “Ақоид” устида изланишлар олиб бориб, “İslam İnancının Temelleri Akaid” (Исломий эътиқод асоси — ақоид) номли китоб нашр қилган. Китоб муқаддимасида “Ақоид” асарининг ёзилишига туртки бўлган омилларга тўхтаб, Абу Ҳанифа билан Имом Мотуридий ва Абу Ҳафс Насафийлар ўртасидаги боғлиқликни очиб беришга уринган. Тадқиқотчи XI-XII асрларда фаолият олиб борган муътазилия, қадария, мушаббиҳа каби оқимларни асарнинг ёзилишига сабаб қилиб кўрсатган. Китоб жами ўн бобдан иборат бўлиб, унда ислом дини таълимотида дунёнинг яратилиши, ислом динида билиш назарияси, имон ва унинг шартлари, валийлик ва каромат, хилофат ва имомат, кишини имондан айирувчи нарсалар, меърож, ижтиҳод ва тақлид масалалари ёритилган, “Ақоид” китобининг турк тилидаги таржимаси берилган [13, б. 218]. Туркия “Tekâmül” мадрасаси ўқитувчиси Ҳусомиддин Янли ўғли бошчилигидаги таржимонлар гуруҳи томонидан амалга оширилган “Ömer Nesefi Akaidi ve Tercümesi Kelime Anlamlı” (Абу Ҳафс Насафий “Ақоиди” ва атама-ибораларнинг изоҳи) [14, б. 96], Умар Фаруқ Ҳилмийнинг “Nesefi Akaidi Tam Metin Kelime Tercüme ve Şerhi” (Насафий “Ақоид”ининг тўлиқ матни ва сўзларнинг таржимаси, изоҳи) [9, б. 285] китоблар ҳам асарнинг турк тилидаги таржималари ҳисобланади.

Урду тилидаги таржима. Покистондаги “Зиёу-л-улум” мадрасаси мударриси Абунносир Латиф “Ақоид”нинг таржимасини “Тавзийҳу-л-ақоиди-н-Насафия” (“ал-Ақоиду-н-Насафия”нинг изоҳи”) номи билан 1431/2010 йилда нашр қилган. Асарда ўзига хос услуб қўллаган бўлиб, “Ақоид” матни мавзу бўйича жами 66 та қисмга ажратилган. Жумладан, “Аҳли ҳақлар: “Суфастоийларга хилоф ўлароқ (Улар нарсаларнинг ҳақиқатини инкор қиладилар) барча нарсаларнинг ҳақиқати собит ва улар идрок қилиш мумкиндир”, дейдилар”, деган жумлага бир рақами қўйилган [4, б. 13].

Мужтаҳидлар тўғрисида келган матни “Мужтаҳид (ўз ижтиҳодида) баъзан янглишиши ва баъзан тўғри натижага эришиши мумкин”, деб таржима қилган. Таржимон изоҳ сифатида қўшган сўзлар қавсга олинган. Шундан кейин ҳар бир мавзуга савол берилиб, унга мотуридийлик таълимоти асосида жавоб берилган. Масалан, 46-саволда “Имон ва ислом орасида фарқ борми? Фарқ бўлса, Қуръон ва ҳадис асосида ёритиб беринг”, дейилган. Унга жавобан: “Имон ва ислом бир нарсадир, яъни ҳар бир мўмин мусулмон ва ҳар бир мусулмон мўминдир. Чунки “ислом” сўзининг маъноси бўйинсунишдир, яъни ҳукмларни қабул қилиб, уларга ўзини таслим қилишдир”, деб “Зорият” сурасининг 35-оятини далил сифатида келтирган [4, б. 143].

“Ақоид” асарининг юқоридаги таржималари ўзига хос хусусиятга эга. Турк тилидаги таржималарнинг муқаддимасига тадқиқотлар киритилганлиги сабабли, улар орқали мотуридийлик таълимотини тушуниш, атама ва ибораларини англаш осон кечади. Турк тадқиқотчилар ўз изланишларида глоссарийларга алоҳида урғу берганлар. Бу ҳолат бошқа таржималарда учрамайди.

“Ақоид” китобининг ўрта аср ва замонавий таржималарининг кўплиги унинг мотуридийлик таълимотида тутган ўрнини белгилаб беради. Насафийнинг “Ақоид” асарига бугунги кунда ҳам таржималарни давом этиши, китобнинг мотуридийлик таълимоти ривожига қўшган ҳиссасига аниқлик киритади. Ҳанафийлик-мотуридийлик таълимотини ўзида акс эттирган мазкур ихчам асар ўз навбатида ақидапараст оқимларга раддия вазифасини ҳам ўтайди. Бу каби асарларни тадқиқ этиш ва турли тилларга таржима қилиш, мўътадил ислом таълимотини ёйилишига замин яратади.

Адабиёт:

  1. Абу Ҳафс Насафий. Матну-л-ақоид. — Истанбул: Боязит, 1893. — Б. 106.
  2. Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. — Т: ТИУ, 2006. — 55 б.
  3. Asuman Hoca Kaleminden. Ehl-i Sünnet Akaidi. — Istanbul: Dila Filimcilik Yayıncılık, 2017. — 472 s.
  4. Абдунносир Латиф. Тавзийҳу-л-ақоиди-н-Насафия. — Исломобод: Жомиъа ризавия, 2010. — Б. 13.
  5. Валиди Дж. Очерк истории образованности и литературы татар (до революции 1917 г.) (фрагменты книги) // Библиотека журнала «Казань». Р: 6. 1992. — 48 с.
  6. Муҳаммадаминов С. Абу Ҳафс ан-Насафийнинг “Матлаъ ан-нужум ва мажмаъ ал-улум” асари ва унинг Марказий Осиё ислом илмлари ривожида тутган ўрни (XI аср охири — XII аср ўрталари): т.ф.н. дис... автореф. — Т. ЎзР ФА ШИ, 2012. — 26 б.
  7. Мутаилов Магди. Аль-Акаид ан-Насафия. — Ставрополь: Сев.Кав. ГТУ, 2009. — С. 32.
  8. Насруллаев. Н. Фиқҳии кайдоний каталог. — Тошкент: Elmundo-press, 2010. — 312 б.
  9. Ömer Faruk Hilmi. Nesefi Akaidi Tam Metin Kelime Tercüme ve Şerhi. — Istanbul: İlimşehri Yayınları, 2013. — 285 s.
  10. Rudolph U. Al-Maturidi und die sunnitische Theologie in Samarkand. — Leiden, New York, Koln: Brill, 1997. — 360 p.
  11. Suleyman Uludag. Kelam ilmi ve Islam akaidi. — Istanbul: Dergah Yayinlari, 1999. — 398 б.
  12. Сафиуллина Р. Р. Арабская книга в духовной культуре татарского народа. — Казань: Алмалит, 2003. — 211 с.
  13. Seyyid Ahsen. İslam İnancının Temelleri Akaid. — Istanbul: Bayrak, 2011. — 218 б.
  14. Fatih K., Hüsameddin V., Abdullah H., Emin Ali Yüksel. Ömer Nesefi Akaidi ve Tercümesi Kelime Anlamlı. — Istanbul: Kitapkalbi Yayıncılık, 2016. — 96 s.
  15. Ҳожи Халифа. Кашфу-з-зунун ан асами-л-кутб ва-л-фунун // Муҳамма Шарафуддин таҳқиқи. 2 жилдли.– Макка: Мактабату-л-файсалия, 1981. — 1023 б.
  16. http://bayyinat.org/
  17. http://www.naqshband.narod.ru
Основные термины (генерируются автоматически): Аба, форс, III, XI-XII, кавказ, кал, Рудольф.


Ключевые слова

ақида, ҳадис, калом, Матну-л-Ақоид, Табсирату-л-адилла, Китобу-т-тавҳид, Фиқҳу-л-акбар, нақл, имомат

Похожие статьи

IX-XV асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган тафсирларнинг хусусиятлари

Ўрта асрларда Мовароуннаҳрда бир қатор илмлар ривож топди. Булар фаторида тафсир (Қуръон шарҳи) илми ҳам ўзининг тараққиёт босқичини босиб ўтди. Минтақада нақлий ва ақлий тафсир турларидан ақлий қисми тез ривождандики, олимларнинг аксарият ижодлари м...

Сирожуддин Ўшийнинг “Нисоб ал-ахбор” асари Мовароуннаҳр ҳадис илмига оид муҳим манба

Мазкур мақолада ҳанафий-мотуридий мазҳабининг машҳур олимларидан бири аллома Сирожуддин Ўший (569/1173)нинг ҳадис илмига оид “Нисоб ал-ахбор” асари ҳамда унинг қўлёзма нусхасида мавжуд ҳадис илми, ровийлар ва ҳадис тўпламлари тўғрисида келтирилган ма...

Маърифатпарвар жадид сифатида Хамза Хакимзода Ниёзийнинг хизматлари

Мақолада маърифатпарвар шоир, жадид номоёндаси Ҳамза Хакимзода Ниёзий ва унинг марифий фаолияти, жадидчилик, мактаб ва маориф тарихига тўхталиб ўтилган. Манба сифатида архив хужжатлари ва Ҳамзанинг шахсий хотира дафтаридан фойдаланилганлиги мақоланин...

Ҳаким Термизийнинг «Ал-амсол минал-китоб вас-сунна» асари муҳим адабий манба

Бу илмий тадқиқотда Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизийнинг қаламига мансуб «Ал-амсол минал-китоб вас-сунна» китобининг қўлёзма, микрофильм, фото нусхалари ҳамда илмий-танқидий матни ҳақида маълумотлар берилган. Жумладан, асарнинг Париж милл...

Саҳна маданияти ва масъулияти

Мазкур мақола узоқ йиллик изланишлар ва профессионал тажрибадан олинган хулосалар маҳсулидир. Унда берилган кўрсатмалар саҳнада фаолият юритувчилар,бўлғуси ижодкорларнинг театр, телевидение, радио ва дубляж соҳаларида нотиқлик, дикторлик, бошловчилик...

Нафс тасаввуфий тушунча сифатида

Ушбу мақолада тасаввуф таълимотининг марказий тушунчаларидан бири нафс тўғрисида гап кетади. Нафс тушунчасига нисбатан турли хил кишилар — тасаввуф аҳли ва олимларнинг қарашлари ўз аксини топган. Нафс билан қандай иш олиб бориш лозимлиги кўрсатилади ...

Cуюрғол мулкчилик тури

Мақолада Амир Темур ва темурийлар даврида “суюрғол” мулкининг берилиш тартиби, мулк сифатида ҳукмдор учун алоҳида қилган хизмати, жангларда кўрсатгна жасорати эвазига бек ва амирларга берилиши. Мулк тарзида берилиши билан биргаликда ҳадия сифатида ёк...

Психологияда «Мен»-концепция ва тасаввуф

Ушбу мақолада психология фанидаги муҳим концепциялардан бири — «Мен» концепция кўриб чиқилади. Мазкур концепция инсондаги «Мен» туйғусини ўрганиши билан аҳамиятлидир. Тасаввуф таълимоти ҳам инсоний «Мен» тушунчаси билан ишлайди. Мақолада улар ўртасид...

Ўзбекистонда ёшлар сиёсатининг заруратини аниқлаш илмий социологик тадқиқотларнинг масалалари сифатида

Бу мақолада бизнинг талаба ёшларимизнинг ижтимоий аҳамиятга эга гуруҳ эканлиги ҳакида ойтилган. Ёшлар республикамиз аҳолисининг энг кенг демографик гуруҳи ва улар бир қатор ҳал этилмаган объектив ва субъектив муаммоларга дуч келишмоқда. Уларнинг ечим...

Чуқурли ҳожатхоналарнинг хавфсизлигини орттириш

Ҳозирги кунда дунёда 1,77 миллиард киши чуқурли ҳожатхоналардан фойдаланмоқда. Ҳар йили дунёда, жумладан Ўзбекистонда ва Россияда ҳожатхона газидан заҳарланиш натижасида одамлар вафот этмоқда. Ҳожатхонадаги газни сўриб олиш ва уни тўплаб, ёнилғи сифа...

Похожие статьи

IX-XV асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган тафсирларнинг хусусиятлари

Ўрта асрларда Мовароуннаҳрда бир қатор илмлар ривож топди. Булар фаторида тафсир (Қуръон шарҳи) илми ҳам ўзининг тараққиёт босқичини босиб ўтди. Минтақада нақлий ва ақлий тафсир турларидан ақлий қисми тез ривождандики, олимларнинг аксарият ижодлари м...

Сирожуддин Ўшийнинг “Нисоб ал-ахбор” асари Мовароуннаҳр ҳадис илмига оид муҳим манба

Мазкур мақолада ҳанафий-мотуридий мазҳабининг машҳур олимларидан бири аллома Сирожуддин Ўший (569/1173)нинг ҳадис илмига оид “Нисоб ал-ахбор” асари ҳамда унинг қўлёзма нусхасида мавжуд ҳадис илми, ровийлар ва ҳадис тўпламлари тўғрисида келтирилган ма...

Маърифатпарвар жадид сифатида Хамза Хакимзода Ниёзийнинг хизматлари

Мақолада маърифатпарвар шоир, жадид номоёндаси Ҳамза Хакимзода Ниёзий ва унинг марифий фаолияти, жадидчилик, мактаб ва маориф тарихига тўхталиб ўтилган. Манба сифатида архив хужжатлари ва Ҳамзанинг шахсий хотира дафтаридан фойдаланилганлиги мақоланин...

Ҳаким Термизийнинг «Ал-амсол минал-китоб вас-сунна» асари муҳим адабий манба

Бу илмий тадқиқотда Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизийнинг қаламига мансуб «Ал-амсол минал-китоб вас-сунна» китобининг қўлёзма, микрофильм, фото нусхалари ҳамда илмий-танқидий матни ҳақида маълумотлар берилган. Жумладан, асарнинг Париж милл...

Саҳна маданияти ва масъулияти

Мазкур мақола узоқ йиллик изланишлар ва профессионал тажрибадан олинган хулосалар маҳсулидир. Унда берилган кўрсатмалар саҳнада фаолият юритувчилар,бўлғуси ижодкорларнинг театр, телевидение, радио ва дубляж соҳаларида нотиқлик, дикторлик, бошловчилик...

Нафс тасаввуфий тушунча сифатида

Ушбу мақолада тасаввуф таълимотининг марказий тушунчаларидан бири нафс тўғрисида гап кетади. Нафс тушунчасига нисбатан турли хил кишилар — тасаввуф аҳли ва олимларнинг қарашлари ўз аксини топган. Нафс билан қандай иш олиб бориш лозимлиги кўрсатилади ...

Cуюрғол мулкчилик тури

Мақолада Амир Темур ва темурийлар даврида “суюрғол” мулкининг берилиш тартиби, мулк сифатида ҳукмдор учун алоҳида қилган хизмати, жангларда кўрсатгна жасорати эвазига бек ва амирларга берилиши. Мулк тарзида берилиши билан биргаликда ҳадия сифатида ёк...

Психологияда «Мен»-концепция ва тасаввуф

Ушбу мақолада психология фанидаги муҳим концепциялардан бири — «Мен» концепция кўриб чиқилади. Мазкур концепция инсондаги «Мен» туйғусини ўрганиши билан аҳамиятлидир. Тасаввуф таълимоти ҳам инсоний «Мен» тушунчаси билан ишлайди. Мақолада улар ўртасид...

Ўзбекистонда ёшлар сиёсатининг заруратини аниқлаш илмий социологик тадқиқотларнинг масалалари сифатида

Бу мақолада бизнинг талаба ёшларимизнинг ижтимоий аҳамиятга эга гуруҳ эканлиги ҳакида ойтилган. Ёшлар республикамиз аҳолисининг энг кенг демографик гуруҳи ва улар бир қатор ҳал этилмаган объектив ва субъектив муаммоларга дуч келишмоқда. Уларнинг ечим...

Чуқурли ҳожатхоналарнинг хавфсизлигини орттириш

Ҳозирги кунда дунёда 1,77 миллиард киши чуқурли ҳожатхоналардан фойдаланмоқда. Ҳар йили дунёда, жумладан Ўзбекистонда ва Россияда ҳожатхона газидан заҳарланиш натижасида одамлар вафот этмоқда. Ҳожатхонадаги газни сўриб олиш ва уни тўплаб, ёнилғи сифа...

Задать вопрос