Ушбу мақолада Қуръони каримнинг “Нур” сурасида оилавий муносабатларни тартибга солинишига доир оятларнинг ҳуқуқий жиҳатлари ёритиб берилган. Хусусан никоҳланишга тарғиб илгари сурилган.
Калит сўзлар: оила, никоҳ, қуллик, мукотаб, фарз.
В статье речь идет о правовом положении аятов суры Нур Корана по регулированию семейных отношений. А также показаны положительные стороны семейной жизни.
Ключевые слова: семья, никах, рабство, мукотаб, фард.
Маълумки Ислом дини оилани нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини мукаммал даражада тушунтириб берган, ҳамда унга доир қонун-қоидаларни аниқ ва равон қилиб баён қилган диндир. Негаки Исломда оила жамиятнинг энг асосий бўғини сифатида қаралади. Шу боис унинг ҳар томонлама камолотини тарғиб қилади. Биз мақолага асос қилиб олган Нур сурасидан ҳам оила, оила қуриш, оила аъзолари ўртасида бўладиган баъзи ҳолатлар ва уларнинг таҳлили ўз ўрнини топган. Жумладан Аллоҳ таъоло Нур сурасининг 32-оятида шундай дейди: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир ” [7].
Ушбу оятда “никоҳсиз бўлган” деб таржима қилинган ибора арабчада «аййим» дейилади. Бу сўздан кўпчилик тул эркак ва бева хотинни тушунади. Аслида эса, бу нотўғри тушунчадир. “Аййим” хотини йўқ эркак ва эри йўқ аёлни билдиради. Аввал оила қурганми, қурмаганми, фарқи йўқ.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мусулмонлар жамоасига хитоб қилиб: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг” , деб буюрмоқда. Бинобарин, мусулмон жамияти аъзолари ўз ораларида никоҳсиз кишиларни қолдирмасликка ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Ҳаттоки қул ва чўриларнинг агар хожалари уларда аҳли солиҳлик сифатини топса, уйли-жойли бўлишларига ёрдам бермоғи лозим. Шунинг учун ҳам ҳозиргача мусулмонлар орасида балоғатга етган ёшларни тезроқ уйлаш, бирор сабаб билан оиласиз қолган эру хотинларни никоҳли бўлишга ундаш жуда кучли. Мазкур ишлар ушбу ояти каримага ҳамда Пайғамбар (а.с): “Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас” [9], ҳамда “Сизлардан ким никоҳланишга қодир бўлса, уйлансин. Зеро никоҳ, кўз ва авратни (ҳаромдан) сақлайди” [2] деган ва бошқа кўпгина шунга ўхшаш ҳадисларига амал қилиш билан бажарилади. Никоҳ орқали эру хотиннинг боғланиши жинсий майлни қондиришнинг энг табиий ва ҳалол йўлидир. Шунинг учун Исломда ҳалол никоҳ орқали оила қуриб яшашга қаттиқ тарғиб қилинади. Ва бу керакли ўринларда фарзга айланади [10]. Оила қуриш йўлидаги тўсиқлар олинади ва барча керакли омиллар юзага келтирилади.
Баъзи одамлар турли баҳоналар қилиб, уйланиш, оилали бўлишни орқага сурадилар. Ушбу баҳоналарнинг энг каттаси камбағаллик бўлади. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида бунга ўхшаш баҳоналар билан никоҳни орқага суриш яхши эмаслиги таъкидланмоқда: “Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур”.
Яъни, фақирликни баҳона қилиб, никоҳдан қочмасинлар. Балки никоҳга рағбат қилсинлар. Аллоҳ Ўзи билиб, керак бўлса, бой қилиб қўяди. Дарҳақиқат, кўпчилик оила қурганидан кейин жиддийлашиб, рўзғор учун астойдил ҳаракат қилиб, иқтисодий ҳолати яхшиланиб кетгани кузатилган.
“Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир”.
Ўз фазлидан хоҳлаган бандасини бой қилиб қўяди. Аммо Ўзи билиб қилади. Нима қилишини эса, ўта билувчилик сифати ила Ўзи яхши билади.
Ҳамма имконини топиб никоҳланиб ҳалол-пок ҳолда оилавий ҳаёт кечирса айни мурод. Аммо шароитлар ҳар хил баъзи кишилар ўзларида қанчалик рағбат бўлса ҳам турли сабабларга кўра никоҳланиш имконини топа олмай қолишлари мумкин. Улар нима қиладилар? Мана шу саволга Нур сурасининг 33-оятида шундай жавоб берилади: “ Никоҳ(имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар. Қўлларингизда мулк бўлганлардан (озодлик) васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг. Ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳини истаб, покликни ирода қилган (чўри) қизларингизни фоҳишаликка мажбур қилманг. Ким уларни мажбур қилган бўлса, бас, албатта, Аллоҳ улар мажбур қилганларидан кейин ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” [7] .
Ушбу ояти каримада учта муҳим масала–никоҳга қодир бўлмаганлар нима қилишлиги, озод бўлишни истаб, ўз хожаси билан шартнома тузган, маълум маблағ эвазига озод бўлишга ҳаракат қилаётган мукотаб [11] қулу чўрилар ва фоҳишабозликка, яъни, баъзи аёлларни зинога мажбурлаб пул топишга уриниш масалалари ҳал этилмоқда.
Бундан ташқари нур сурасида оилавий масалаларнинг ечимига қаратилган оятлар бисёр. Қуръони каримнинг бутун бошли бир катта сураси оилавий муаммоларни ҳал қилишга қаратилишининг ўзидаёқ катта бир ҳикмат бор. Зеро оила жамиятнинг энг кичик буғинидир. Оила соғлом эътиқод ва туғри йўлда бўлиши бу бутун жамиятнинг ҳақ узра бўлиши демакдир. Шунинг учун ҳам барча нарсадан хабардор бўлган Зот Аллоҳ таоло тарбияни оиладан бошлади.
Демак, биз бандалар оиланинг мустаҳкамлиги учун қуръон ва суннатдаги кўрсатмаларга амал қилишимиз, никоҳ масалисига алоҳида эътибор қаратишимиз даркор. Шундагина дунё ва охират саодатига эришимиз мумкин бўлади.
Адабиёт:
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал Адаб ал муфрад. — Т.: Ўзбекистон, 1990. — Б. 198.
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 1-жилд. — Т.: “Ўзбекистон давлат миллий энциклопедияси” нашриёти, 2008. — Б. 712.
- Абу Исо Муҳаммад Термизий. Сунани Термизий. Т.1. Ўзб. тарж. — Т.: “Ўзбекистон давлат миллий энциклопедияси” нашриёти, 1999. — Б. 450.
- Абу Ҳомид ал-Ғаззолий. Иҳёу улум ад-дин. Т.1. Ўзб. тарж. — Т.: Маворауннаҳр, 2003. — Б. 86.
- Ал-манҳал ал-ҳадис. Абдул Аълий, Аҳмад Аъбдул Аълий, Муса Шаҳин ар рошийд. — Т.:Мовароуннаҳр, 1986. — Б. 274.
- Бурҳонуддин Марғиноний. Ҳидоя: Шарҳ бидойати-л-мубтадий. 4 томлик. — Байрут: Дору-л-кутуб ал-‘илмиййа, 1410/1990.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. — Т.: Шарқ, 6 жилдда, 2005–2008 йй.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Имон. — Т.: Камалак, 1991. — Б. 154.
- Ибн Ҳажар асқалоний. Фатҳул барий Шарҳ Саҳиҳул Бухорий. — Байрут: “Дорул фикр”, 2001. — Б. 25/200.
- Камолиддин ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумом. Фатҳул қодир. Байрут: “дорул кутубул илмия”, 2009. — Б. 6/450
- Абу Бакр Аҳмад ибн Али Жассос. Аҳкамул Қуръан.Байрут: “Дору Иҳёил кутубил Арабия”, 1992. –Б 8/299