Альбер Камю дунёси — «абсурд дунё" ва «абсурд одам» дунёси. Бу махсус дунё, аниқроғи олам, жозибали ва сирли, чунки Камю ижоди ва образлари билан боғлиқ тортишувлар ва мулоҳазалар шу кунгача сусаймайди. Муаллифнинг абсурд дунёси унинг барча асарлари орқали ифодаланган, агар абсурд одам ҳақида сўз юритсак, гап «Бегона» қиссасининг асосий қаҳрамони Мерсо ҳақида кетмоқда, ушбу қиссанинг калити эса Камюнинг «Сизиф ҳақидаги aфсона» эссесидир.
Калит сўзлар: хатнинг нулинчи даражаси, in medias res, нарратив, субъективизм, ташқи фокализация, фрагментар ҳикоя.
Мир Альбера Камю — это вселенная «абсурдного мира» и «абсурдного человека». Это особый мир, а если быть точнее — Вселенная, притягательная и загадочная, ибо споры и рассуждения, связанные с творчеством и персонажами Камю, не утихают по сей день. Абсурдный мир автора представлен всем его творчеством, что касается абсурдного человека, то речь идёт о Мерсо, главном персонаже повести «Посторонний», ключом к разгадке которой является эссе Камю «Миф о Сизифе».
Ключевые слова: нулевая степень письма, in medias res, нарратив, субъективизм, внешняя фокализация, фрагментированное повествование.
Альбер Камю «абсурд дунё» ва «абсурд инсон» мавзусини «Сизиф ҳақида афсона» эссесида батафсил очиб берди. Муаллиф шунингдек, «Бегона» ( L’Etranger ) қиссасида бош қаҳрамон Артур Мерсо образида мазкур мавзуни давом эттирди.
Ушбу асар Камю ижодининг биринчи, «абсурд даври»га хос бўлиб, 1942 йилнинг май ойида, фашистлар оккупацияси остидаги Францияда нашр қилинган. «Сизиф ҳақида афсона» эссеси ҳам ўша йилнинг октябрида чоп этилади. Аслида булар, алоҳида яратилган икки асар бўлиб, бир мавзу атрофида фикр юритилади, шунингдек, ишонч ила таъкидлаш мумкинки, булар — абсурд мавзусининг икки хил муқобилидир.
Камюга кўра, абсурд иррационал дунё ва баъзан одамда кечадиган, «аниқ астойдил исташ» туйғуси ўртасидаги қарама-қаршилик, зиддиятдан туғилади. Альбер Камю ижодини ўрганган адабиётшунос С. И. Великовский ёзишича: «Бегона» — Камюнинг насрида биринчи, энг кўп ўқиладиган ва танқидчилар эътиборига энг кўп тушган асаридир» [2, 46]. Мазкур асар жанри хусусида ҳануз аниқ бир тўхтамга келинмаган: айримлар унинг роман эканини таъкидлашса, бошқалар фикрича, бу — қисса (повесть). Камюнинг «Бегона» устида ишлаш давридаги қайдлари ҳам бу фикрларни инкор этмайди: адиблик фалсафа билан шуғулланиш демакдир, ёзувчи томонидан ўйланган тўқима эса — «фалсафанинг муваффақиятли якуни»дир [9, 23, 167].
Шундай қилиб, Камюнинг ушбу роман ёки қиссаси, бир сўз билан айтганда, асари адибни дунёга танитиб, катта шуҳрат келтирди.
«Хатнинг нулинчи даражаси, ёки оқ хат», француз танқидчиси Ролан Барт Камю насрини ана шундай тавсифлаган [11, 2004].
Француз танқидчилари Камю услубига ойдинлик киритиш масаласида жиддий муаммога дуч келишди: «[…] ёзувчи учун тил — бу шунчаки инсоний уфқ, унда тарихга қай даражада дахлдорлик, яқинлик имконияти намоён бўлади: дейлик, Камю ва Кено бир тилда сўзлашишади, — демак, фақатгина фарқлаш операцияси воситасида улар сўзлашмайдиган, ўтмиш ва келажакдаги барча тиллар ҳақида фикр юритиш мумкин: йўқолиб кетган ва ҳали маълум бўлмаган шакллар орасидаги оралиқ мавқеда турган ёзувчи тилини тагзамин эмас, балки чет қирғоққа қиёсласа бўлар; ушбу геометрик сарҳаддан оша, ҳеч нарса йўқотмасдан бир сўз айта олмас, гўё ортига ўгирилган Орфей мисоли, ёзувчининг тил услуби, жамиятга мансублигининг бош аломати» [1, 55–56].
Пьер Вебер, асарни таҳлил қилароқ, якунида «у ғайриоддий», дея хулосалайди: «1942 йилда чоп этилган «Бегона», Камюнинг биринчи романи. Унда ҳикоя қилинишича, абсурд тимсоли бўлмиш Мерсо исмли камгап, ўзининг шахсан борлиғига ҳам ёт бўлган йигит, арабни ўлдиргани учун ўлим жазосига ҳукм қилинади, чунки у ўз онасининг дафн маросимида йиғламаганди. Биринчи шахс тилидан ёзилган мазкур ғайриоддий роман инсоний комедиянинг танқиди ҳисобланади» [13, 5].
Великовскийга кўра, Камюнинг услуби «ясси, ёйиқ», «бетараф», «хом», «бокира». Камю асарини бевосита французчада ўқувчилар эса унинг тили қатъий, ғамгин ва шу билан бирга имкон қадар соддалигига ишонч ҳосил қиладилар. Аслида ҳам шундайми? «Бегона» роман-қиссасининг бир сюжетига мурожаат қиламиз. Воқеалар француз Жазоирида содир бўлади. Асарнинг биринчи саҳифалари ўқувчига фожеавий саҳнани очади — бош қаҳрамон — Артур Мерсо, онаси вафот этгани ҳақида телеграмма олади: «Aujourd’hui, maman est morte. Ou peut-être hier, je ne sais pas. J’ai reçu un télégramme de l’asile: «Mère décédée. Enterrement demain. Sentiments distingués». Cela ne veut rien dire. C’était peut-être hier» [8, 9]. — «Бугун онам ўлди. Балки кечадир, билмайман. Ғарибхонадан телеграмма олдим: «Онангиз ўлди. Дафн эртага бўлади. Таъзиямизни қабул қилинг». Биринчи саҳифадаёқ ошкора мунофиқликка дуч келамиз: хизматчи Мерсо, ғарибхонада ётган онасининг вафоти ҳақидаги телеграммани олгач, хизматдан рухсат сўрайди. Хизматчисининг эгнида мотам аломати (қора бўйинбоғ, қўл боғичи)ни кўрмагач, бошлиқ хабарни жиддий қабул қилмайди, таъзия билдиришга ошиқмайди. Иккиси ҳам ўзини гўё ҳеч нарса юз бермагандек тутишади. Дафндан сўнг бошқа гап, ўлим расман тасдиқланган...
Шундай қилиб, қисса онанинг ўлими билан бошланади: наср услуби аниқ-равшан: «in medias res» (au milieu des choses), ўқувчи, балоғатга етган ёш инсон, ҳозиргина онасидан жудо бўлганини англайди.
Мерсо онасининг тобути ёнида турса-да, йиғлаши тугул, унда ғам асари сезилмас, волидаси юзига сўнгги бор боқиш ўрнига, азага келган одамларни кузатиб турарди. Бу манзара гўё спектакл саҳнасига ўхшарди, муаллиф уни ёрқин тасвирлаш ва қаҳрамон ҳолатини жонлантиришда турли бадиий тасвир воситаларидан фойдаланган: «D’avoir fermé les yeux, la pièce m’a paru encore plus éclatante de blancheur (бир вақтнинг ўзида гипербола и метафора). — Кўзимни юмсам-да, хона кўзни қамаштираётгандек. Devant moi, il n’y avait pas une ombre et chaque objet, chaque angle, toutes les courbesse dessinaient avec une pureté blessante pour les yeux.– Қаршимда соя йўқ, ҳар бир нарса, ҳар бурчак ва чизиқлар аниқ-равшан намоён бўлмоқда эди (гипербола). Ils (les amis de maman) étaient en tout une dizaine, et ils glissaient (метафора) en silence dans cette lumière aveuglante (метафора). — Улар чамаси ўн иккита ва назаримда, ёрқин нур ичра унсиз сузаётгандек эди. [...]J’ai eu un moment l’impression ridicule (контраст) qu’ils étaient là pour me juger. Mais je crois maintenant que c’était une impression fausse («алдамчи туйғу» — қаҳрамоннинг мазкур вазиятда ўзини қандай тутишни билмай шошилиб қолиши). — Ўшал дам, улар менга ҳукм ўқигани келишди, деган кулгули ҳиссиёт туғилди. Бу қандайдир ёлғон туйғу эканлигини ҳозир тушунаман (Н. Х. Турсунова таржимаси). […] Il y a eu encore l’église et les villageois sur les trottoirs, les géraniums rouges sur les tombes du cimetière…, la terre couleur de sang (қон рангли ер — ўхшатиш) qui roulait sur la bière de maman,…et ma joie quand l’autobus est entré dans le nid de lumières d’Alger et que j'ai pensé que j’allais me coucher et dormir pendant douze heures [8, 13–19]. — Черков, йўлакларни тўлдирган қишлоқ аҳли, қабрлардаги ёронгуллар […] она тобутига уйқаш алвонранг ер... Бунга қўшимча, Жазоир нурлари қаъридан чиққан автобус ва нақ ўн икки соат ухлаб ором олишим ҳақидаги ўйларим(Н. Х. Турсунова таржимаси).
Онасини дафн этароқ, на ғам, на ҳасрат ва на афсус чекмаган одам ҳақида нима ҳам дейиш мумкин. Бир неча йил бурун онасини ғарибхонага олиб келгани ва унинг аҳволидан жуда аҳён-аҳёндагина хабар олгани нима? Айниқса, Мерсо бир томчи ёш тўкмагани ҳайратомуз. Балки бу, иккиюзламачиликдир? Муаллиф онанинг ўлими ва дафн маросимларига оид бир қанча иборалар («morte» — марҳума, «décédée» — омонатни топширган, «enterrement» — жаноза, «veiller» — навбатчилик қилмоқ, «condoléances» — таъзия изҳор қилиш, «deuil» — мотам ва ҳ.к.)ни ишлатса-да, буларнинг бирортаси Мерсонинг ички изтироб ва аламларини очиб бера олмайди.
Сўнгра Мерсонинг бир-бирига жуда ўхшаш кундалик ишлари бирин-кетин давом этади; ҳар куни ишга боради, баъзан идорасининг собиқ котибаси Мари Кардона билан учрашиб қолади. Мерсо баъзан, онаси вафотидан сўнг ҳаётида ҳеч нарса ўзгармагани тўғрисида ўйлаб кетади. Аслида ҳам шундайми? Мерсо учун барча ҳаётий синовлар онасининг вафотидан сўнг бошланди. Шу вақтда унга Парижда янги лавозим таклиф қиладилар. У рад этди: ҳаётни ўзгартириб бўлармиди. Уйланиш ҳам уни қизиқтирмасди. Иттифоқо, Раймон исмли қўшниси ва дўсти, Мерсодан кўмак сўради — маъшуқаси араб қизига хат ёзиб берса; шунда қизни хуфёна тузоққа илинтириб, хиёнати учун боплаб адабини бермоқчи экан. Бу қабиҳ ишда Мерсо дўстини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Бир куни Мерсо якшанба кунини Мари ва Раймон исмли дўстлари билан, денгиз соҳилида ўтказишни мўлжаллайди. Қумлоқ пляжда юрган икки араб уларни кузатаётгандек, шубҳали туюлади. Бошланган муштлашувда Раймон яраланади. Орадан бир қанча вақт ўтгач, Мерсо дўстлари билан соҳилда юрса, яна ўша арабларга дуч келадилар. Раймон Мерсога револьверини беради. Юз берган қотилликни изоҳлаш учун бирорта жўяли сабаб-баҳона топилмайди, ахир, жазирама об-ҳаво ёки қуёшда кўзи қамашгани сабаб бўла олмайди-ку (худди онасининг дафн маросимида «нохуш ҳиссиётлар»ни бошдан кечиргани сингари — Н. Х. Турсунова изоҳи): «La brulure du soleil gagnait mes joues et j’ai senti des gouttes de sueur s’amasser dans mes sourcils. C’était le même soleil que le jour où j’avais enterré maman et, comme alors, le front surtout me faisait mal et toutes ses veines battaient ensemble sous la peau. A cause de cette brulure que je ne pouvais plus supporter, j’ai fait un mouvement en avant [...]. — Қуёш юзимни куйдирди, қошим устида тер томчилари тўпланганини сездим. Онамнинг дафн маросимида ҳам офтоб худди шундай куйдирган, ўшанда пешонам четидаги томирлар лўқ-лўқ оғрирди. Жазирамада ўзимни идрок этмаган ҳолда ҳамлага ташландим [...] (Н. Х. Турсунова таржимаси). Қуёш жазирамасида қолган Мерсо, дўстини яралаган арабни сезиб қолди, тўппончадан ўқ узиб, арабни ўлдирди: «Je ne sentais plus que les cymbales du soleil sur mon front [...]. La mer a charrié un souffle épais et ardent (персонификация). Il m’a semblé que le ciel s’ouvrait sur toute son étendue pour laisser pleuvoir le feu (гипербола). Tout mon être s’est tendu et j’ai crispé ma main sur le révolver. La gâchette a cédé, j’ai touché le ventre poli de la crosse et, c’est là, dans le bruit à la fois sec et assourdissant que tout a commencé [...]. Alors, j’ai tiré encore quatre fois sur un corps inerte où les balles s’enfonçaient sans qu’il y parût. Et c’était comme quatre coups brefs que je frappais sur la porte du malheur» (метафора) [8, 95]. — «Қуёш тиғи пешонамга худди темир ликобчалардек урилаётганини сезардим, холос [...]. — Денгиз гўё оғир ва ўтли хўрсинаётгандек эди. Назаримда осмон ёрилиб, ўтли ёмғир бошлангандек. Аъзои баданим жунбушга келиб, револьверни қаттиқ сиқдим. Қўлим силлиқ даста узра сирпаниб тепкини босганим, қулоқни қоматга келтирувчи овоздан сўнг ҳаммаси бошланди [...]. Ҳаракатсиз танага қарата яна тўрт марта ўқ уздим, ҳаммаси унга сингиб кетгандек бўлди. Гўё мен бахтсизлик эшигини тўрт марта қоқдим…» (Н. Х. Турсунова таржимаси). Қиссанинг биринчи қисми ана шундай якунланади.
Мерсо ҳибсга олинади, руҳоний жиноят сабабини билиш мақсадида суҳбат йўриғини Худо мавзусига буради. Бунга жавобан Мерсо, Худога ишонмаслигини айтади. Хўш, унда Мерсонинг қилмишини қандай изоҳласа бўлади? Қотиллик қилган одамни оқлаш мумкинми? Мерсо-чи, ўзининг мудҳиш ишини қандай изоҳлайди? Ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
У қамоқда 11 ой ўтирган, вақт ҳақидаги тушунчалари аста-секин хира тортиб, хотираси панд бера бошлаган. Бошланган суд процесси давомида судья ва бошқа иштирокчилар айблов борасида сира бир тўхтамга кела олишмайди, Мерсо булардан таажжубда, негаки, бутун процесс гўё қўпол ҳазилга, ҳажв ёки майнавозчиликка ўхшаб бораётган, бунда ҳаракатдаги бош шахслар эса айнан прокурор ва адвокат эканлиги янада кулгули эди: «[...] Le procureur s’est alors retourné vers le jury et a déclaré: «Le même homme qui au lendemain de la mort de sa mère se livrait à la débauche la plus honteuse a tué pour des raisons futiles et pour liquider une affaire de mœurs inqualifiable»…Mais mon avocat …s’est écrié…: «Enfin, est-il accusé d’avoir enterré sa mère ou d’avoir tué un homme?» Le public a ri…Mais le procureur s’est redressé encore, s’est drapé dans sa robe et a déclaré qu’il fallait avoir l’ingénuité de l’honorable défenseur pour ne pas sentir qu’il y avait entre ces deux ordres de faits une relation profonde, pathétique, essentielle: «Oui, s’est-il écrié avec force, j’accuse cet homme d’avoir enterré une mère avec un cœur de criminel». — Шунда прокурор суд маслаҳатчиларига ўгирилиб шундай эълон қилади: «Онасини дафн этганидан сўнг дастлабки кунданоқ разил фаҳшга берилган, ўша кундаёқ қотиллик содир этган одам ким бўлиши мумкин? Менинг адвокатим шундай хитоб қилди: «Уни қайси айби учун: онасини дафн этгани ёки одам ўлдиргани учун ҳукм этасизми?» Тўпланганлар кулишди. Аммо прокурор қаддини рост тутиб, мантиясига яхшилаб ўрангач, шундай деди: бу икки факт ўртасидаги чуқур ва ҳайратомуз алоқани сезмаслик учун худди жаноб адвокатга ўхшаган содда одам бўлиш лозим: «Ҳа! — деди у. — У онасини дафн этишдан аввалроқ ўз юрагида жиноий туйғуларни асраб келган» (Н. Х. Турсунова таржимаси).
Прокурор ўзининг ҳақлиги ва аҳдида қатъийлигига оид сўзлари қуйидагича: «…Sous l’aveuglante clarté des faits d’abord et ensuite dans l’éclairage sombre(антитеза) que me fournira la psychologie de cette âme criminel(гипербола)». — …у (прокурор) деди: «…Бу жинояткор руҳ, аввалига ёрқин далиллар шуъласида, кейин эса гуноҳларнинг машъум ёғдусида жавоб беради» (Н. Х. Турсунова таржимаси) .
Суд маслаҳатчилари сессиясининг сўнгги куни эълон қилинади: прокурор Мерсони тошбағирликда айблаб, ўлим жазосини талаб қилган ҳолда қаҳрли маъруза ирод қилади. Ўлими олдидан Мерсо ҳузурига яна руҳоний келади. Аммо худосиз даҳрий Мерсо тавба қилиш ўрнига, бутун қаҳр-ғазаби ва нафратини руҳонийга тўкиб солади: «Comme si cette grande colère m’ avait purgé du mal, vidé d’espoir, devant cette nuit chargée de signes et d’étoiles, je m’ouvrais pour la première fois à la tendre indifférence du monde…il me restait à souhaiter qu’il y ait beaucoup de spectateurs le jour de mon exécution et qu’ils m’accueillent avec des cris de haine». — Бу ғазаб хуружи туфайли мен гўё оғриқларимдан халос бўлдим, осмон тўла юлдузлар ва бошқа мавҳум аломатларга бой тунда инон-ишончимни йўқотиб, ўзимни буткул тақдир ҳукмига топширдим.… Қатл кунимга имкон қадар кўпроқ одам тўпланиши ва мени нафрат нидолари билан кутиб олишларини истар эдим» [8, 147–156].
Мерсо ўлими олдидан яқинлашаётган тубсиз чоҳнинг совуқ нафасини ҳис этар, аммо қалбида нимадандир афсус туйғуси мутлақо йўқ эди. Мерсо — абсурд одам, у ўз туйғуларини асло яширмаган, боз устига, унинг ягона истаги — дунё уни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилса бўлгани эди. Ёлғон ва иккиюзламалик бўлмаса. Афсус, оқибатда у инкор этилди, айбсиз гуноҳкор, «унсиз лоқайдлик» қурбони бўлди» [4, 464].
Америкада чоп этилган «Бегона» сўзбошисида Камю шундай ёзади: «Бир куни, анча бурун, «Бегона»нинг туб моҳиятини бир жумлада белгилагандим. Тан оламан, бу жуда парадоксал, яъни мантиққа зид: «Бизнинг жамиятимизда ким онасининг дафн маросимида йиғламаса, ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин». — «Dans notre société tout homme qui ne pleure pas à l’enterrement de sa mère risque d’être condamné à mort» [10, 214]. «Бу билан айтмоқчиманки, романим қаҳрамони мунофиқлик қила олмагани учун ҳукм қилинган» [5, 319].
Бу ҳол Кафканинг «Жараён» («Процесс») романига уйқаш: инсон жамият томонидан айбланади. Буни, ўз моҳиятига кўра, «Бутун Коинот иши бўйича жараён» дейиш мумкин.
Шундай савол туғилади: ростдан ҳам Мерсо, С. И. Великовский ёзганидек нобоп одамми? — «бадкирдор ва шаҳид, бефаҳм ҳайвон ва донишманд, разил ва қатъиятсиз, пинҳона ирқчи ва халқпарвар инсон, одамсимон махлуқ ва юксак фазилатли зот…», — деб ёзади С. И. Великовский ўз мақоласида [3, 218]. Муаллифнинг ўзи ёзишича эса, ушбу ихтиёрсиз қотил, «атрофдагиларнинг одатий тушунчаларига мос тушмагани учун судга тортилган». Шу маънода у ўзи яшаётган жамият учун бегона. У бошқалардек яшамайди, ўзини узлатга тортади, ўз дунёсида ёлғиз яшайди. У ёлғон гапиришни рад этади... У ҳақиқатни борича, ошкора сўзлайди, турли баҳона-сабаблар билан бўяб-бежамайди — оқибатда у эмас, балки жамият ўзини «хавф остида» ҳис эта бошлайди» [5, 319].
Шунга қарамасдан, Мерсони ҳеч муболағасиз «абсурд одам», деса бўлар эди. Албатта, унга хос аломатлар бисёр, аниқроғи, кундалик ҳаёт тутумига лоқайд, айниқса, реал ҳаётга рўбарў келганида вужудини қамраб олувчи чарчоқ ва ҳафсаласизликни яна қандай изоҳлаш мумкин?
Масалан, кундалик юмуш ва одатларнинг бемаънилигини дафъатан англаб етиш; дунё ва одамлардан ётсираш ҳиссини туйиш; дунё ишларига нисбатан «инсонга хос бўлмаган» бефарқлик. Ниҳоят, ўлим олдидаги чорасизлик, инсоннинг ажал олдида ожизлиги, қазои қадарни чуқур англаш Мерсо тафаккурида бўй кўрсатди. Табиат ва Коинот билан боғлиқ бу туйғу, ажабки, жамият ва одамлардан пинҳон эди. Табиат билан уйғун яшаш, ўзини Коинот зарраси деб билиш… Гарчи мантиқсиздек туюлса-да, у ўзгача ҳаёт кечириши орқали жамият тутумларига қарши чиқаётгандек эди: « J’ai souvent pensé alors que si l’on m’avait fait vivre dans un tronc d’arbre sec, sans autre occupation que de regarder la fleur du ciel au-dessus de ma tête, je m’y serais peu à peu habitué» [8, 120]. — «Агар мени қуриган дарахт ковагида яшашга мажбур этсалар, бошим узра осмонни кўришдан ўзга имконим бўлмаса ҳам, аста-секин шунга кўниккан бўлардим» (Н. Х. Турсунова таржимаси).
Бу сатрларда худди юқорида келтирилган мисоллар каби, ҳикоя қилиш ёки нарратив (лат. narrare — «тил акти», яъни, вербал баён — бу постмодерн фалсафасига оид тушунча. Нарратив моҳияти — муайян воқеалар тизимини акс эттирмоқ, демак. Ҳикоя ва қисса — нарративларга энг яқин жанрлар саналади. Аммо улардан фарқли ўлароқ, нарратив — бу «тушунтирувчи» ҳикоя. Бунда муаллиф ўз фикрини объектив тарзда эмас, балки субъектив ( филос. субъективизм (ташқи, моддий дунё мавжудлигини инкор этиб, улар фақат одамларнинг онгидагина мавжуд деб қарайдиган идеалистик фалсафий оқим) баён тарзида ҳикоя қилади. Ҳикоя қилувчи, ҳикоя объектига ўз баҳосини беради, фақат маълумот етказиш билан чекланмай, ўқувчини жараёнга «жалб этиш», қизиқтириш, муайян руҳий таъсир уйғотишга эътибор қаратилади. Бу жараён биринчи шахс ва бирлик саноқда олиб борилади.
Бундан мақсад нима? Ж. Женетт (сўзма-сўз таржима) асосчиларидан бири) таърифича, бош персонаж нарса ва воқеалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади (нуқтаи-назари, ички изтироблари — focalisation interne), ўқувчини қаҳрамон ҳаёти ва воқеалар ривожига янада яқиндан ёндоштиради. Аммо шуни ҳам айтиш керак, бу ёндоштирув бир қадар паришонлик, борлиқдан узилган (focalisation externe) тарзда кечади. Қаҳрамон гўё ўзи ҳақида эмас, балки бегонанинг ҳаёти ҳақида сўзлаётгандек, бунинг устига, узлуксиз, равон ҳикоя эмас, балки лавҳалар тарзида (фрагментар — une narration intradiegétique) тақдим қилинади.
Ж. Женетт киритган терминга эътибор берайлик: « диегезис — объект ва воқеалар ҳақида батафсил ҳикоя қилиш усули». Аммо Женетт интра- (лат. intra-) — олд қўшимчасини қўшади. Маъноси — «ниманингдир ичкариси, ҳудуди, чегарасида туриш», ичкарига йўналган ҳаракат», «муайян вақт оралиғидаги жараён» каби тушунчаларга тўғри келади. Шундай қилиб, Женеттга кўра, Мерсо — ички диалог юритувчи ҳикоянавис. Шу боисдан ўқувчи уни ғалати, шубҳали, жоҳил, ёвуз фикрли одам сифатида қабул қилишга мойил бўлади. Мерсо ўз хаёлидагиларни баён этаркан, бирорта гапига изоҳ беришни хаёлига келтирмайди, бу эса ўқувчида «ўз фикр-хаёлига масъулиятсиз», «ўйламай гапирувчи одам» сифатида таассурот қолдиради. У ўзи содир этган қотилликни «оқлаш» учун қуёш ва жазирамани сабаб ( à cause du soleil ) қилиб кўрсатишини на жамият ва на дин қабул қилади. Прокурор жиноят сабаби ҳақида бирор жўялироқ мантиқ ипини тизишга уринади, аммо — беҳуда. Мерсо «бегона» ва «ғалати» кимса эканига қарамасдан, уни «анъанавий жиноятчи»га ўхшатиб суд қилиб, ҳукм чиқаришади (дейлик, худди реалистик романлардаги каби). Бундан келиб чиқадики, бу «тушунарсиз» жиноятчи, ҳар ҳолда, исталган инсон учун тушунарли бўлган севги, нафрат, ўч, атроф муҳит... сингари одатий тушунчалар доирасида ҳаракат содир этган. Қотиллик сабабини топиш истаги ўқувчини Камюнинг яна бир эссеси — «Сизиф ҳақида афсона»сига етаклайди. Унда Камю инсон ва борлиқ муносабатларини чуқур англашга ундайди. Ахир, одам ҳаётдан мудом маъно излайди: олам, инсон умри ва ҳатто сўзлаб берилган ҳикоядан ҳам. Камюнинг тушунчасига кўра, ҳеч бир асар чуқур фикр ва мулоҳазаларсиз туғилмайди. Фалсафа ва адабиёт ўртасидаги мазкур шаксиз алоқа шунчалик узвийки, улар бир-бирини тўлдириб, ўзаро чирмашиб кетади: «Образлар орқали мулоҳаза юритмоқ керак. Агар файласуф бўлмоқчи эсанг, роман ёз [7, 800]».
Жан Поль Сартр, Камюга ҳамфикр бўлган ҳолда, («Бегона» таҳлили», 1943) қуйидаги мулоҳазани айтишни лозим топган: «ҳатто абсурд назариялари билан таниш ўқувчи наздида ҳам «Бегона» қаҳрамони Мерсо — муҳмал, икки маъноли образдир» [6, 303]. Cартр шунингдек, «Бегона» ўқувчини ҳеч бир изоҳларсиз абсурд «иқлими»га олиб киради; сўнгра масалага бир қадар ойдинлик киритган эссега ўтилади. Абсурд — бу тартибсизлик, номувофиқлик, ихтилоф, нолойиқлик... демакдир. Демак, «Бегона» — бу тартибсизлик, номувофиқлик, ихтилоф ва ўзгаришлар ҳақидаги романдир» [12, 48].
Адабиёт:
- Р.Барт. Нулевая степень письма. Москва, Академический Проект, 2008. 431 с.
- Великовский С. И. Грани «несчастного сознания». Театр, проза, философская эссеистика, эстетика Альбера Камю. М., «Искусство», 1973. 240 с.
- Великовский С. И. После «смерти бога». «Новый мир», 1969, #9, с.218.
- Камю, Альбер.Избранное.Сборник: «Посторонний». «Чума». Эссе и рассказы. Москва, «Радуга», 1988.
- Камю А. Сочинения. В 5 т. Т. 1. Пер. с фр. /Вступ. ст. М. Поповича— Харьков: Фолио, 1998. — 398 с.
- Сартр Ж. -П. Ситуации. М., 1997.
- Albert Camus, «Carnets I», in Œuvres Complètes II, Bibliothèque de la Pléiade, Paris, Gallimard, 2006.
- A. Camus. L’Etranger. Paris: Les Éditions Gallimard, 1942, 172 pp. NRF. Impression:1950.
- Albert Camus, Carnets , I.
- Albert Camus «Préface à l’édition universitaire américaine» , in Œuvres Complètes I, op. cit .
- R.Barthes. Le Degré zéro de l’écriture . Paris: Seuil, 1972.OCR & Spellcheck: SK ( ae-lib.org.ua ), 2004.
- Sartre, Jean-Paul «Explication de L’Étranger », in Jacqueline Lévi-Valensi , Les critiques de notre temps et Camus , Paris, Garnier, 1970.
- Weber P. L’Etranger. Fiche de lecture . Le Petit littéraire.fr.