Мазкур мақолада ўзбек халқ мақолларини француз тилига таржима қилиш усуллари борасида фикр юритилган. Ўзбек халқ мақолларини француз тилига таржима қилишда асосан, улардаги асосий мазмун ва моҳият ўз софлигини йўқотмаслиги лозимлигига алоҳида аҳамият берилган. Унда миллийликни ифодаловчи ўзбек халқ мақолларининг ғоявий мазмун нуқтаи назаридан хилма-хил мавзуларни ифодалаши ва бундай мавзулар замирида мақоллар ўзига хос турли хил миллий лексикага эга эканлиги эътиборга олинган.
Калит сўзлар: ўзбек халқ мақоли, миллий лексика, миллий дунёқараш, қофиядошлик ва оҳангдорлик, тугал фикр, миллий қадрият.
В этой статье обсуждаются способы перевода узбекских народных пословиц на французский язык. При переводе узбекских народных пословиц на французский язык особое внимание уделяется их основному содержанию и сущности при сохранении их оригинальности.
Ключевые слова: узбекская народная пословица, национальная лексика, национальное мировоззрение, рифма и мелодия, целостная мысль, национальная ценность.
In this article it has been given ideas on some ways of translating Uzbek folk proverbs into French. It has been paid special attention especially on the translation of Uzbek folk proverbs into French that it should be kept transparency of their full meaning and content. From this point of view, it has been considered that Uzbek proverbs expressing national value from the point of their expression different themes and the usage of different national lexis.
Key words: Uzbek folk proverb, national vocabulary, national outlook, rhyme and melody, complete thought, national value.
Турли халқлар маданияти ва уларнинг миллий қадриятлар олами ушбу халққа мансуб тил шаклларида ҳам кенг тарзда ўз аксини топади. Айниқса, халқ оғзаки ижоди маҳсули ҳисобланган мақоллар бундай миллий олам тасвирини ифодалашда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, уларда миллийликнинг акс эттирилиши ўзига хос мантиқийликка асосланган қадрият, анъана ва урф-одатлар негизида пайдо бўлиб, уларнинг тилдаги ифода бирликлари ҳар қандай миллатда ўзига хос шакл ва маъно замирида шаклланади. Инсон фаолияти маълум миллий маданият, муҳит доирасида кечади. Шу сабабли ҳар қандай турдаги билиш жараёнига оид структуралар, тузилмаларда миллий колорит мавжуд бўлиши ҳам табиийдир. (4,55) Бу эса маълум бир миллий хусусиятларни ифодаловчи мақол ва маталларни хорижий тилларга таржима қилиш жараёнида ўзига хос айрим мураккабликларни келтириб чиқаради. Уларни ўзга тилга таржима қилишдаги бундай қийинчиликлар иккала тил ўртасидаги миллий фарқ ҳамда халқларнинг ўзига хос миллий қадриятлари, кишиларнинг турмуш тарзи ва ундаги урф-одатлар, қолаверса, ушбу тилларга хос турли хил нақлларнинг мавжудлиги асосида пайдо бўлади. Бундай фактик асослар таржима қилинган мақолларнинг мазмун моҳиятини тушунишда муаммолар уйғотиши мумкин. Шунга ўхшаш ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида ушбу мақолада ўзбекча миллий мақолларни француз тилига таржима қилишнинг ўзига хос айрим жиҳатлари хусусида фикр юритмоқчимиз.
Халқ мақоллари ҳар қандай тилда образлилик ва ёрқин кўтаринкиликни ифодалаб, улар халқнинг миллий хусусиятларини тасвирлайди, шунингдек, турли хилдаги экспрессив бўёқдорликни ўзида мужассам этади ҳамда улар контекст таъсири остида қўшимча маънони англатиб келади.
Маълумки, икки хил тилнинг умумий хусусиятлари ва фарқли жиҳатларини ўрганиш мазкур тилда сўзлашувчи халқларнинг миллий дунёқарашини тушунишга ёрдам беради. Бу борада Г. Ф. Устиннинг фикрича: “ Умумий маданий мулоқот жараёнидаги асосий тўсиқ ўзаро мулоқотга кирувчи турли маданиятларнинг ўзига хос миллий хусусиятларига боғлиқдир ”. (5,76)
Ҳар қандай халқнинг маънавий-маърифий ҳамда ижтимоий ҳаётида мақоллар кенг тарзда қўлланилади. Дастлаб, уларни ўрганишда мақоллар фразеология таркибига киритилмаган, яъни бунда фразеологиянинг ҳажмини торайтирган ҳолда фақат ибораларнинг ўзини ўрганиш лозим, деб мақол, матал ва ҳикматли сўзларни фразеологиядан ташқари ҳолда ўрганиш таклиф қилинган. Бошқа бир фикр тарафдорлари эса аксинча, яъни иборалар билан бир қаторда мақол-маталларни ҳам, афоризмларни ҳам фразеологиянинг ҳажми доирасига киритишган. Ғ.Саломов “ Фразеологизмлар(мақол, матал ва иборалар)нинг маъноси контекст ичида очилади ” деган фикрлари билан қайсидир маънода фразеология чегарасини белгилаб берган эди. (3.118)
Бинобарин, тил фразеологик системасининг ҳар томонлама энг бой ва серқирра манбаи бўлиб ҳисобланган мақол ва маталлар А. В. Кунин томонидан фразеологик бирлик сифатида талқин этилади. Шунингдек, А.В Кунин мақолларни коммуникатив хусусиятга эга бўлган фразеологик бирликлар тарзида тавсифлайди. (1)
Мақолларнинг ўзига хос миллий хусусиятлари борасида А.Носиров аниқ ва равшан таърифни келтириб ўтади: “ Мақолларнинг асосий белгилари турғунлик, кўчма маънолилик, нутқ жараёнида тайёр ҳолда қўлланилиши, семантик туташлилик, экспрессив-эмоционаллик, ифодалилик бўлиб, улар миллий лексиканинг ўзига хослигини ёрқин акс эттиради.... улар нутқ жараёнида тайёр ҳолда намоён бўладиган, тўлиқ ёки қисман кўчма маънода ишлатиладиган, структураси гапга тенг, семантик яхлит, контекст таркибида мустақил маъно англата оладиган, киноя-қочиримли, насиҳатомуз фикрни ифодаловчи мақол, матал, ҳикматли сўз, афоризм, нақл, ўгит, юмуқ иборалардан таркиб топган турғун бирикмалар ҳисобланади .” (2,14)
Ушбу таърифда ҳам мақоллардаги миллий лексикага ҳам эътибор берилиши бежиз эмас. Чунки, ҳар бир миллат мақолларига хос миллий лексика уларнинг бутун маъно ва мазмунини идрок қилишга ёрдам беради. Шу билан бирга, А.Носиров мақоллар тафаккурнинг бадиий-мантиқий шакли эканлиги, муайян миллатнинг ўзига хос белгиларини сақлаши, миллий фольклорнинг энг кичик жанри, ўзига хос грамматик шаклга эгалиги ва умумлаштирувчи, дидактик фикрнинг мавжудлиги каби категориал белгиларга эга эканлигини ҳам таъкидлаб ўтади. (2,14)
Тилимизнинг, қолаверса, нутқимизнинг зийнати ҳамда кўрки ҳисобланган мақолларнинг тилда тутган ўрни, шунингдек, уларнинг лингвистик моҳиятини очиш ва тавсифлаш орқали фразеологиянинг коммуникативлик хусусияти намоён бўлади. Зеро, фразеологиядаги коммуникативлик хусусиятини эса айнан паремиологик бирликлар, яъни мақол ва маталлар акс эттиради. Нутқимизни тилда мавжуд мақол ва маталларсиз тасаввур қилиш қийин экан, демак мақоллар кенг тарзда қўлланилган ўзбек дурдона асарларини хорижий тилларга таржима қилишда айнан ўзбек ҳалқ мақолларини бир тилдан бошқа бир тилга таржима қилиш вазифаси ҳам долзарб саналади.
Мақоллар фразеология системасига хос коммуникативлик ҳодисасининг энг асосий намунаси, қолаверса, таянч нуқтаси экан, уларни таржима қилиш жараёнида уларга хос барча хусусиятлар мажмуини ҳамоҳангликда қамраб олиш талаб этилади. Ўзбекча миллий мақолларни ўрганиш ва уларни француз тилига таржима қилиш ушбу тилларни ўрганиш ва ўргатишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, бадиий матнларни ўқиб тушуниш жараёнида, уларни таржима қилиш давомида, шунингдек, тилни ўргатиш жараёнида ҳам катта ёрдам бериши мумкин. Шу билан биргаликда, мақолларни чуқур ўрганиш оғзаки нутқимизнинг ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Мақоллар тилда халқ донишмандлигининг нодир намуналари сифатида намоён бўлади. Улар ижтимоий ва маиший ҳаётнинг турфа соҳаларини қамраб олади. Зеро, ўзбек миллий мақолларини француз тилига таржима қилишда уларга хос халқнинг асрлар давомида тўплаган тажрибаларини, ижтимоий-сиёсий, аҳлоқий ва фалсафий қарашларини қисқа сатрларда қай йўсинда бадиий тарзда ифода этишни инобатга олиш зурур. Хусусан, мақолларни таҳлил қилиш жараёнида бир неча турфа мавзуларни ўзида мужассам этган мақолларга дуч келиш мумкин. Масалан, ватан ва ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва ишёқмаслик, ҳалоллик ва текинхўрлик, тўғрилик ва ўғрилик, яхшилик ва ёмонлик, яхши сўз ва ёмон сўз, дўстлик ва душманлик, тинчлик ва нотинчлик, ботирлик ва қўрқоқлик, донолик ва нодонлик, одоб ва одобсизлик, меҳмон ва меҳмондўстлик, сахийлик ва бахиллик, гўзаллик ва хунуклик, камтарлик ва манманлик, бахт ва бахтсизлик, эпчиллик ва ношудлик, сабр ва сабрсизлик, муҳаббат ва бевафолик, тамагирлик ва очкўзлик, умид ва ишончсизлик, тақдир ва ҳаёт, имкон ва имконсизлик, эҳтиёткорлик ва эҳтиётсизлик ва бошқалар шулар жумласидандир. (8, 510)
Маълумки, «паремиология» атамаси остида турғун бирикма шаклида таржима қилинадиган, бироқ фразеологик бирликлардан фарқли равишда, нисбий тугалликка эга бўлган мақол ва маталлар, ҳикматли сўзлар, топишмоқ ва тез айтишлар нутқнинг монологик, диалогик кўринишларида, бадиий асар таржимасида кенг фойдаланилади ва уларни таржима қилишда албатта, уларга хос тугал фикр ифодасини тасвирлаш янада муҳим ҳисобланади. Ўз-ўзидан тушунарлики, тилга оид бундай бирликларни таржимада талқин этилиши таржимондан катта маҳорат талаб этади. Чунки бундай паремиологик бирликларнинг аксариятини сўзма-сўз таржима қилиб бўлмайди. Шунингдек, бундай бирликларни таржима қилишда ҳар бир мамлакатнинг миллий урф-одатлари, маънавият ва маданияти, турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда уларга семантик томондан тўғри ёндаша билиш талаб этилади. Хусусан, юқорида таъкидланганидек, бадиий асарлардаги мақолларни таржима қилишда, сўзма-сўз таржима ижобий самара бермайди.
Мақолларни бир тилдан бошқа тилга ўгиришда унинг муқобил вариантидан, яъни таржима қилинаётган тилда маъносига кўра мувофиқ келувчи бошқа бир мақолдан фойдаланиш ҳам мумкин. Бундай муқобилли мақоллар А.Носиров таъбири билан айтганда умумбашарий провербиал фразеологизмлар, яъни, француз, ўзбек ва рус ҳамда бошқа халқлар ижодида бир-бирига маъно жиҳатидан мос бўлган интернационал мақоллар ҳисобланади. (2,29) Улар ўзларида умуминсоний, хусусан, барча миллатга хос инсоний фазилатларни ифодалаши билан ажралиб туради. Демак улар маълум бир халққа хос миллий мақоллар ҳисобланмайди, негаки, бундай мазмундаги мақолларни барча тилда учратиш мумкин. Масалан, қуйидаги мақоллар шулар жумласидандир:
Ўзбек тилида: |
Француз тилида: |
Рус тилида: |
Дўст оғир кунда синалади. |
Au besoin on connaît l’ami. |
Друзья познаются в беде. |
Бировга чоҳ қазисанг ўзинг йиқиласан. |
Qui creuse la fosse à un autre, y tombe lui même. |
Не рой другому яму — сам в нее попадёшь. |
Сўраб-сўраб Маккани топибди. |
Qui langue а, à Rome. |
Язык до Киева доведёт. |
Ўзбек миллий қадриятларини ифодаловчи халқ мақолларини ўрганиш ўзбек халқининг ҳаёти ва маданияти билан танишишга ёрдам беради. Шунингдек, улар ҳаётда турли хил ҳолатлардаги фикр ва ғояларнинг икки хил халқ маданияти мисолида бир-бирига ўхшашлиги ёки фарқли эканлигини ўргатади.
Мақолларнинг кўпчилиги қофиядошлик асосида тузилиши, улардаги образлилик ҳамда ритмик қаторларнинг мавжудлиги туфайли улар тезда эсда сақланади ва тилнинг барча кўринишларида акс эта олади. Шу билан бирга, мақолларнинг турли-туманлиги уларни исталган ёшдаги шахсга, исталган тоифадаги кишиларга нисбатан қўллаш мумкин. Бу қисқа фикрлардаги чуқур мазмун ўқувчиларнинг тафаккуринигина ривожлантириб қолмасдан, балки, муҳим тарбиявий аҳамият ҳам касб этади. Мақолларнинг ёдда сақланиши, албатта, уларнинг ягона умумий лексик синтактик маънони бериши ҳамда уларнинг деярли барчаси бошқа тилда ўз муқобилига эга эканлигига кўра бирмунча осон кечади.
Бизга маълумки, ҳар бир халқ ўзининг миллий олами билан бошқа бир халқдан ажралиб туради. Баъзан шундай мақол ва ҳикматли сўзларга дуч келамизки, уларнинг айнан бошқа тилга ўз асли каби таржима қилишга имкони бўлмайди. Чунки у ерда келтириб ўтилган элементлар айнан шу халқнинг ўзигагина тегишли бўлади. Масалан, ўзбек тилида мавжуд Оти-улуғ, супраси-қуруқ мақолига эътибор қилсак, ундаги супра уй-рўзғор буюми француз халқида мавжуд эмас. Шу сабабли ушбу мақолни французчага ўгиришда албатта қийинчилик туғилади. Қуйида М. Эргашев ва Ниёзов И. (10) томонидан таржима қилинган шунга ўхшаш ўзбек халқининг миллий хусусиятларини ифодаловчи бир нечта мақолларни французча таржимаси билан келтириб ўтамиз:
Ўзбек халқ мақоллари: |
Французча таржимаси ёки талқини: |
Сичқон сиғмас инига, ғалвир бойлар думига. |
La souris ne rentre pas son trou, mais elle attache à sa queue un tamis . |
Қайтиб очар қопқа нгни қаттиқ ёпма. |
Ne claque pas la porte dans la maison où tu es susceptible de revenir. |
Пичоқ ўткир бўлса ҳам, ўз– соп ини кесмайди. |
Le couteau bien aiguisé ne doit pas couper son étui . |
Палов нинг қамчиси-чой. |
Le thé, c’est la cravache du pilaf . |
Оти-улуғ, супра си-қуруқ. |
Son titre est supérieur, sa table est maigre. |
Мулла нинг айтганини қил, қилганини қилма. |
Fait ce que le mollah te dit, ne fait pas ce que le mollah fait |
Юқорида келтирилган мақоллар ўзбек халқ миллий мақоллари бўлиб уларда келтириб ўтилган элементлар ҳеч бир халқ мақолида учрамаслиги мумкин. Мисол учун мақолларда келтириб ўтилган ғалвир, қопқа, соп, палов, супра, мулла сўзлари айнан ўзбек тилига мос ва улар миллийликни билдирувчи сўзлар ҳисобланади. Уларни француз тилига таржима қилишда унга яқин ёки маънодош бўлган лексик бирликлардан фойдаланиш мумкин. Яъни:
Ўзбек тилида: |
ғалвир |
қопқа |
соп |
палов |
супра |
мулла |
Француз тилида: |
un tamis |
la porte |
étui |
pilaf |
table |
mollah |
Ўзбекча таржимаси: |
элак |
эшик |
ғилоф |
палов |
стол |
мулла |
Бундан кўриниб турибдики, миллий рамз сифатида хизмат қилувчи элементларни таржима қилиш жараёнида маъно жиҳатдан яқинроқ бўлган сўзлар масалан, ғалвир ўрнига элак , супра ўрнига стол каби маъноси ўхшаш бирликлардан фойданиш мумкин. Шунингдек, таржимада яна бир эътиборли жиҳат мавжудки, миллийликни ифодаловчи сўзларни айрим ҳолларда умуман муқобили мавжуд бўлмаса уларнинг асл шаклида ҳам берилиши мақсадга мувофиқ, масалан, палов — pilaf ёки мулла — mollah тарзида.
Ўзбек халқ мақолларини француз тилига таржима қилишда асосан, улардаги асосий мазмун ва моҳият ўз софлигини йўқотмаслиги лозим. Мақол замирида қандай маъно ётганлиги имкон қадар аниқ ва тушунарли тарзда ифодаланиши таржиманинг ютуғи ҳисобланади. Зеро, ўзбек миллий мақолларининг ўзига хослиги ҳам бевосита ўзбек халқининг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маиший ҳаётини кўрсатиб бериш, топономика, ўсимлик ва ҳайвонлар дунёси иштирок этишда, ўзбек халқига хос характер, хислатларнинг ифодаланишида, урф-одат ва маросимларнинг мавжудлигида ҳамда адабий-бадиий тилда акс этади. (2, 28)
Бундай мақолларнинг французча таржимаси французлар томонидан ўқилганда уларда акс этган ўзбек миллий урф-одат, донишмандлик, одоб-аҳлоқ қоидалари ва ўзига хос миллий дунёқараш ҳар қандай француз китобхонида албатта, ўзгача қизиқиш уйғотади. Масалан, ўзбек халқининг меҳмонни ҳатто, отадан устун қўйиш ҳолати халқимизнинг меҳмондўстлигини, кексаларга бўлган ҳурмат орқали кексалар донишмандлигини ва улар орқали хонадонларимиз файзу-баракага тўлишини, ўзбек хонадонларида овқатланиш доим ёши катталардан бошланиши эса катталарга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни, оилада ака-укаларнинг турмуш ўртоқлари ўзаро иноқ бўлишса уларнинг ўзлари ҳам иноқликда яшаши, кекса отахонларимизнинг сўзи доноликдан дараклиги каби маънолар халқимиз маданияти ва дунёқараши нақадар бой ва серқирра эканлигини исботлайди.
Халқнинг дунёқарашини ўзида акс эттирган, маданиятнинг ажралмас қисми ва тилнинг муҳим қатламини ташкил этувчи, бебаҳо маънавий бойлик саналган мақоллар асрлар давомида ҳаётий тажрибалар асосида сайқалланиб, турли воситалар билан авлодлардан авлодларга мерос қилиб қолдирилган. Уларни бошқа халқларга таржима орқали етказишда бундай маънавий бойликнинг софлиги ўзгармаслиги лозим, акс ҳолда уларнинг қадр-қиммати пасайиб боради. Зеро, ўзбек халқининг илмий ва маданий анъаналарида қадим замонлардан бошлаб халқнинг юксак тил маданиятини намоён этувчи олтин саҳифалар мавжуд.
Мақолларнинг айримларида маъно-мазмун уларни ташкил этувчи компонентлар (сўзлар) маъносидан бевосита келиб чиқмайди, ундаги маъно бошқа образ орқали намоён бўлиши ҳам мумкин. (8, 340) Масалан, ўзбек тилидаги Қовун қовундан ранг олади мақолини олиб қарайлик. (6) Бу ерда халқ сўзлари кўчма маънода олинган. Бундай халқ мақолларини француз тилига ўгиришда стркутур ва маъно жиҳатдан уларнинг анча бир-бирларига яқинлиги сезилади. Яъни, Le melon prend sa couleur d’un autre melon. Ҳар иккала ҳолатда ҳам кўчма маъно халқ мақолларида ноодатий, ўзига хос бўлади. Улардаги маъно кундалик нутқдаги маънодан фарқ қилган ҳолда фақат мақолларгагина хос бўлади. Бу каби кўчма маъноли мақоллар таржимаси қуйидагича шаклга эга бўлади:
Ўзбек халқ мақоллари: |
Французча таржимаси ёки талқини: |
Эр сўзидан қайтмас, шер-изидан |
L’homme ne renonce pas à ses paroles, ni le lion à ses pas |
Оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг қизи куёв танлайди |
La fille de riche choisit son fiancé, bien qu’elle ait une bouche déformée |
Эгилган бошни қилич кесмас |
L’épée ne coupe pas une tête baissée |
Оқар сув ҳаром бўлмас |
L’eau qui coule est toujours propre |
Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим. |
Si je dis les choses, ma langue se brûle, si je ne les dis pas, mon coeur brûle |
Миллий руҳ сингдирилган ўзбекча халқ мақолларини французчага таржима қилишда айнан структур жиҳатдан мос келадиган, яъни худди ўзбек тилидаги сингари ихчам ва лўнда шаклдаги таржималар ҳам учрайди. Улар худди ўзбек тилидаги каби тушунарлилиги, жарангдорлиги ва баъзан қофиядошлиги каби хусусиятлари билан бошқа мақоллар таржимасидан ажралиб туради. Масалан:
Ўзбек халқ мақоллари: |
Французча таржимаси ёки талқини: |
Орзуга айб йўқ. |
Rêver n’est pas un péché. |
Оқар сув ҳаром бўлмас. |
L’eau qui coule est toujours propre. |
Меҳмон-отангдан улуғ. |
L’invité est plus respecté que ton père. |
Оталар сўзи ақлнинг кўзи. |
Les paroles des pères sont les yeux de l’esprit. |
Эгилган бошни қилич кесмас. |
L’épée ne coupe pas une tête baissée. |
Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма. |
Fait ce que le mollah te dit, ne fait pas ce que le mollah fait. |
Ушбу мақолага хулоса тариқасида шуни таъкидлаш жоизки, ғоявий мазмунга кўра хилма-хил ва ранг-баранг мавзуларни ифодаловчи ўзбек халқ мақоллари серқирра ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олган бўлиб, улар кундалик ҳаётдаги нутқимиз, қолаверса, машҳур адибларимиз томонидан яратилган дурдона асарларимизда кенг қўлланиладиган тил бирликлари бўлиб ҳисобланади. Шундай экан, уларни бошқа хорижий тилларга таржима қилиш орқали биз бошқа миллат вакилларини ўзимизнинг бой маънавий меъросимиздан маълум даражада баҳраманд қила оламиз.
Хусусан, миллийликни ифодаловчи ўзбек халқ мақолларини француз тилига таржима қилишда ўзига хос жиҳатларни инобатга олиш лозим. Авваламбор, мақоллардаги миллий лексикага эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Чунки, ҳар бир миллат мақолларига хос миллий лексика уларнинг бутун маъно ва мазмунини идрок қилишга ёрдам беради. Шунингдек, уларга хос тугал фикр ифодасини тасвирлаш ҳам янада муҳим ҳисобланади. Бундай паремиологик бирликларнинг аксариятини сўзма-сўз таржима қилиб бўлмайди.
Бундан ташқари, уларни таржима қилишда ҳар бир мамлакатнинг миллий урф-одатлари, маънавият ва маданияти, турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда уларга семантик томондан тўғри ёндаша билиш талаб этилади. Уларни француз тилига таржима қилишда унга яқин ёки маънодош бўлган лексик бирликлардан фойдаланиш усули ҳам айрим ҳолларда мақбулдир.
Ўзбек халқ мақолларини француз тилига таржима қилишда асосан, улардаги асосий мазмун ва моҳият ўз софлигини йўқотмаслиги лозим. Мақол замирида қандай маъно ётганлиги имкон қадар аниқ ва тушунарли тарзда ифодаланиши таржиманинг софлигидан далолатдир. Уларни бошқа халқларга таржима орқали етказишда бундай маънавий бойликнинг софлиги ўзгармаслиги лозим, акс ҳолда уларнинг қадр-қиммати пасайишига олиб келади. Бу ҳолатга эса ҳар бир тилшунос эътиборли бўлиши мақсадга мувофиқ.
Адабиёт:
- Кунин А. В. Курс фразеологии соврменного английского языка. — Москва: ВШ, 1986. — 336 с.
- Носиров А. Француз, ўзбек ва рус тилларидаги провербиал фразеологизмларнинг семантик-стилистик ва миллий-маданий хусусиятлари. 10.00.06. Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик. Фил.фан.док.... автореферати. –Т., 2016. –95 б.
- Саломов Ғ. Таржима назарияси асослари. — Т., Ўқитувчи, 1983. — Б. 118.
- Сафаров Ш. Когнитив тилшунослик. –Жиззах: Сангзор, 2006. -91 б.
- Устин Г. Ф. Этноколлективное бессознательное как детерминанта социально-политического развития. // Вестник ВГУ. Серия -7, 2007. –С. 76–79.
- Шомақсудов Ш, Шарахмедов Ш., Маънолар маҳзани. — Т; 2001. -477 б.
- Ўзбек тилининг изоҳли луғати. –Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. www.ziyouz.com кутубхонаси.
- Ўзбек халқ мақоллари. –Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989. -512 б.
- Ўзбекистон миллий энциклопедияси. –Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. www.ziyouz.com кутубхонаси.
- Ergashev М., Niyozov I. Proverbes et Dictons d’Ouzbékistan. –Paris: EDITIONS GEORAMA, 2006. -96 p.