Мазкур мақолада миллий иқтисодиётда макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш ҳолати, уни акс эттирувчи кўрсаткичлар, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш омиллари ва унинг истиқболлари, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлашда кичик бизнес субъектлари ўрни ва аҳамияти, макроиқтисодий фаолиятда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, мутаносиблик жараёнига таъсир этувчи омиллар ва республикамизда уни яхшилаш йўллари таҳлил этилган.
Калит сўзлар : мутаносиблик, иқтисодий ўсиш, иқтисодиёт таркиби, инновация, ўсиш омиллари, модернизация, экспорт сиёсати, инновацион фаолият, нодавлат сектори, таркибий ўзгаришлар, сифат ўзгаришлари.
В статье рассматриваются условия обеспечения макроэкономической пропорциональности, основные показатели, факторы и перспективы её достижения. Отдельно изучена роль и значение малого бизнеса в обеспечении макроэкономической пропорциональности. Проанализированы существующие проблемы и направления их разрешения, а также выявлены основные направления по устранению указанных проблем.
Ключевые слова : пропорциональность, экономический рост, экономическая среда, инновация, факторы роста, модернизация, экспортная политика, инновационная деятельность, негосударственый сектор, структурные преобразования, качественные изменения.
Кириш
Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган аниқ мақсадга йўналтирилган сиёсатнинг олиб борилиши эвазига иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга эришилди. Бунда, биринчи навбатда, ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш ва мавжуд захиралардан унумли фойдаланилганини таъкидлаш зарур. Ушбу стратегия, бошқа ривожланаётган ва ўтиш давридаги мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда ўзига хос иқтисодий сиёсатни олиб боришни таъминлади. Айнан ушбу стратегия асосида олиб борилган ижтимоий-иқтисодий сиёсат дастлаб танқидий муносабатда бўлган халқаро ташкилотлар ва чет эл экспертларини ҳам кейинги йилларда эришилган муваффақиятни тан олишга мажбур қилди.
“Иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилади. Гарвард университети тадқиқотларига кўра, мамлакатимиз 50 дан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда барча имкониятлар ва нисбий устунликларга эга. Айниқса, нефтгаз-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ҳамда “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ саноат тармоқлари иқтисодиётимиз “драйверлари”га айланиши учун барча етарли шароитлар мавжуд. Бу тармоқларда хусусий секторнинг ташаббуслари ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кооперацияни ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилиши лозим” [1, с. 5].
Ўзбекистон ўз миллий модели асосида тараққиётнинг юксак чўққиларини забт этиб, улкан бунёдкорлик ишлари, модернизациялаш жараёнлари орқали асрларга татигулик ютуқларни қўлга киритмоқда. Ҳозирги даврда юртимиз кун сайин равнақ топиб, аҳоли турмуш фаровонлиги тобора ошиб бормоқда.
Адабиётлар таҳлили
Миллий иқтисодиётнинг таркибий тузилиши бир қанча хўжалик юритувчи субъектлар мажмуидан иборат бўлиб, турли йўналишда фаолият юритишда юқори фойда олиш мақсадида кўзга кўринмас иқтисодий алоқалар, муносабатлар билан ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлади. Бундан ташқари иқтисодиётнинг циклик тебранишларсиз бир маромда барқарор, самарали ва мувозанатли ривожланишини таъминлаш унинг турли томонлари, соҳалари ва бўлимлари ўртасида муайян мосликнинг мавжуд бўлишини тақозо этади. Мана шу мослик иқтисодий мутаносиблик бўлиб, у ижтимоий-иқтисодий тизимнинг трансформацияси жараёнида ривожланади, такомиллашади ва ўзгариб боради.
Иқтисодий мутаносиблик — иқтисодиётнинг турли томонлари ва соҳалари ўртасида миқдор ва сифат жиҳатдан маълум мослик бўлишидир. Бунда тенглик бўлиши шарт эмас. Улар мос келувчи нисбатларда (масалан, 2:3, 5:3, 3:1) бўлиши мумкин [2, с. 15].
Иқтисодий жараёнлар ғоят мураккаб, ўзгарувчан ва кўп томонлама бўлганлиги учун мутаносиблик турлари ҳам кўп ва хилма-хилдир. Жумладан, рус олими А. Г. Грязнова асосан қуйидаги мутаносиблик турларини ажратиб кўрсатадилар:
1) ресурсларнинг ҳажми, таркибий тузилиши ва самарадорлигини моддий неъматлар ва хизматлар ишлаб чиқариш таркибий тузилмаси билан боғловчи омиллар (ишлаб чиқариш, меҳнат, молиявий ресурслар) мутаносиблиги;
2) жамғариш меъёрини, яъни ишлаб чиқаришнинг маълум ҳажмига эришиш учун уни кенгайтиришга йўналтирилувчи мамлакат миллий даромадидаги улушни белгиловчи жамғариш мутаносиблиги;
3) ишлаб чиқариш фаолиятидан олинган даромадларни ишлаб чиқариш омилларининг барча эгалари ўртасида тақсимланиши нисбатини белгилаб берувчи тақсимот мутаносиблиги;
4) истеъмолчи талаби ва таклифнинг ҳажми, таркибий тузилиши ва қиймати бўйича нисбатини белгилаб берувчи айирбошлаш (сотиш) мутаносиблиги;
5) товар ва пул массаси ўртасидаги нисбатни акс эттирувчи товар-пул мутаносиблиги [3, с. 32].
Ш.Шодмонов, У.Ғофуров эса бошқа олимларнинг фикрларидан келиб чиққан ҳолда умумлаштириб, иқтисодий мутаносибликларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш лозим деб кўрсатиб ўтишган.
- Умумиқтисодий тавсифдаги мутаносибликлар. Бунга миллий даромаддаги таркибий қисмлар: истеъмол фонди ва жамғариш фонди ўртасидаги; иқтисодиётдаги товар ва хизматлар массаси билан пул массаси ўртасидаги; аҳолининг даромадлари билан харажатлар ўртасидаги мутаносибликларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
- Тармоқлар ўртасидаги мутаносибликлар. Миллий иқтисодиётнинг мувозанатини таъминлашда тармоқлар ўртасидаги мутаносибликлар алоҳида ўрин тутади. Миллий иқтисодиёт жуда кўп тармоқ ва соҳалардан иборат бўлиб, уларнинг ривожланиши бир-бирини тақозо қилади. Бир тармоқда яратилган маҳсулот бошқа тармоқда истеъмол қилинади ёки пировард маҳсулотга айлантирилиб, ўз истеъмолчисини топади. Масалан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларнинг кўпчилик қисми (пахта, ғалла, пилла, сут ва ҳ.к.) саноатнинг тегишли тармоқларида қайта ишланиб, пировард маҳсулотга айлантирилади ва истеъмолчилик товарлари бозорига чиқарилади. Ўз навбатида, саноатнинг ишлаб чиқариш воситалари яратадиган соҳаларнинг маҳсулотлари миллий иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари (қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ҳ.к.)да унумли истеъмол қилинади. Бу уларнинг бир-бирига боғлиқликда ривожланишини тақозо қилади. Тармоқлар ўртасидаги мутаносибликларга саноат билан қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ўртасидаги мутаносибликлар мисол бўлади.
- Тармоқ ичидаги мутаносибликлар. Тармоқлар ўртасидаги мутаносиблик ва миллий ишлаб чиқариш даражасидаги мувозанатлик тармоқлар ичидаги мутаносиблик орқали таъминланади. Тармоқлар ичидаги мутаносиблик алоҳида олинган тармоқ таркибидаги соҳа ва ишлаб чиқаришлар ўртасидаги боғлиқликни ифодалайди. Масалан, саноатнинг ишлаб чиқариш воситалари ва истеъмол буюмлари ишлаб чиқарадиган соҳалари, қишлоқ хўжалигининг дехқончилик ва чорвачилик соҳалари ўртасидаги мутаносибликлар ва ҳ.к. Шу билан бирга таъкидлаб ўтилган соҳаларнинг ичидаги таркибий бўлинмалар ўртасида ҳам боғлиқлик бўлиши зарур. Масалан, саноатнинг қазиб олиш ва қайта ишлаш тармоқлари, чорвачиликнинг сут ва гўшт ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ва бошқалар
- Ҳудудий (территориал) мутаносибликлар. Иқтисодий ривожланиш мамлакат айрим ҳудудлари ўртасидаги боғлиқликни ҳам тақозо қилади. Юзаки қараганда ҳудудлар ўртасидаги мутаносибликларнинг мамлакат иқтисодий ривожидаги роли тўлиқ намоён бўлмайди. Лекин алоҳида ҳудудий бўлинмалар (вилоят, туман, шаҳар ва бошқа ҳудудий бирликлар)нинг бир-бирига иқтисодий ва ташкилий жиҳатдан боғлиқлиги, ихтисослашиш, ишлаб чиқариш кооперацияси ва коммуникация нуқтаи-назаридан қаралса, бу боғлиқликнинг аҳамияти яққол кўринади.
- Давлатлараро мутаносибликлар. Бу мутаносибликни икки ҳолат тақозо қилади. Биринчидан, дунёнинг кўпчилик мамлакатлари халқаро меҳнат тақсимоти орқали бир-бири билан боғланган, иккинчидан, шу боғлиқлик орқали миллий ишлаб чиқаришнинг бир қисми чет элликлар томонидан харид қилинади ёки миллий ишлаб чиқарувчилар ўз истеъмолининг бир қисмини четдан келтирилган маҳсулотлар ҳисобига қондиради. Бу боғлиқлик қанчалик катта бўлса, соф экспорт ҳажми орқали макроиқтисодий мувозанатликка шунчалик кучли таъсир кўрсатади [2, с. 22].
Баъзи адабиётларда иқтисодий мутаносибликни мувозанатлик билан чалкаштириш ҳолатлари мавжуд. Жумладан, А.Ўлмасов «истеъмол ва жамғариш мувозанати», «товар ва пул мувозанати» каби ибораларни қўллаб, иқтисодий мутаносиблик тўғрисида тўхталмайди. Ҳолбуки, ўша жойнинг ўзида у «Истеъмол ва жамғариш мувозанати уларнинг миқдоран тенглиги эмас, балки уларнинг оптимал нисбатда бўлишини билдиради» деб таъкидлаб, ўзи томонидан «мувозанат» тушунчасининг ноўрин ишлатилганини яққол намоён этади [4, с. 331].
Иқтисодий мутаносибликнинг амал қилиши, миқдор жиҳатдан иқтисодий нисбатларда ўз аксини топади. Иқтисодий нисбатлар маълум даражада О.Ҳамроев томонидан тадқиқ этилиб, уларга қуйидагича таъриф берилган: «Иқтисодий пропорция(нисбат)лар — бу ягона яхлит тизимнинг миқдорий тавсифидир. Маълумки, ҳар қандай иқтисодий жараён маълум бир моҳият ва мазмунни, унинг ички тузилиши ва таркибини ифода этади. Иқтисодиётда рўй берадиган барча воқеа ва ҳодисалар маълум миқдорий кўрсаткичларда акс эттирилади» [5, с. 45].
Умуман иқтисодий мутаносибликлар иқтисодиётни тартибга солиш хусусиятига ега. Бунда улар иқтисодиётнинг турли томонларини ўзаро боғловчи, оқилона ҳаракатини таъминловчи меъёрий талаблар сифатида пайдо бўлади. Мазкур меъёрий талаблар ҳар бир иқтисодиётнинг таркибий тузилиши, ривожланганлик ва еркинлик даражасига кўра фарқланиши мумкин. Уларга амал қилмаслик иқтисодий номутаносибликлар, яъни унинг турли томонларининг мувофиқ келмаслиги натижасида барқарор ва изчил, бир маромда ривожланишнинг издан чиқишига олиб келади.
Тадқиқотлар методологияси
Илмий мақолада кўтарилган муаммони атрофлича таҳлил қилиш, таҳлил натижаларини тизимлаштириш асосида илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишда илмий абстракция, диалектик тадқиқот, индукция ва дедукция, мақсадли ривожлантириш, монографик кузатув, тизимли ва қиёсий таҳлил, график тасвирлаш, эксперт баҳолаш ва иқтисодий статистик каби усуллардан кенг фойдаланилди.
Таҳлил ва натижалар
Жаҳон пандемия таъсири ва у билан боғлиқ инқироз ҳамон давом этаётган бир даврда, мамлакатимизда юқори тезлик ва мутаносиб иқтисодий ўсиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялашда фаол ва аниқ йўналтирилган пухта ўйланган макроиқтисодий сиёсат юритилаётгани иқтисодиётимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминловчи асосий омил сифатида намоён бўлмоқда. Бунга бир мисол сифатида Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олганини келтириш мумкин. Бу рейтингни аниқлашда 2017–2019 йиллардаги ривожланиш якунлари ҳамда 2021–2025 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари асос қилиб олинган. Бутун жаҳонда «ўзбек модели» номи билан тан олинган ўзимизга хос ва мос ривожланиш модели йўлида дадил қадамлар билан бораётганимиз қўлга киритилаётган иқтисодий ва ижтимоий муваффақиятларнинг бош омили бўлиб қолмоқда. Пировардида, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида юртимиз кун сайин равнақ топиб, мамлакатимизнинг нафақат шаҳарларида, балки қишлоқларида ҳам саноат жадал ривожланиб бормоқда, замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари барпо этиляпти. Бунинг натижасида янгидан-янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли турмуш фаровонлиги тобора ошиб бораётир. Хусусан, ҳар 100 оиланинг 42 таси енгил автомобилларга, 47 таси шахсий компьютер, 31 таси кондиционерга эга эканлиги бунинг яққол исботидир. [6, с. 61]. Хусусан, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида жамиятда ижтимоий табақаланиш ва хавфсизлик даражасини баҳолаш мезонларидан бири сифатида тан олинган Жини индекси кўрсаткичи 2010 йилдаги 0,390 ўрнига 2018 йилда 0,280 ни ташкил этди. БМТнинг бу борадаги тавсиялари 0,35–0,37 атрофида эканлигини инобатга олсак, юқоридаги рақамлар халқаро стандартлар нуқтаи назаридан аҳолимизнинг ижтимоий фаровонлиги муттасил ўсиб бораётганини яққол тасдиқлайди.
Ўзбекистон иқтисодиёти таркиби мустақиллик йилларида ижтимоий меҳнат тақсимоти, илмий-техника тараққиёти, аҳоли эҳтиёжларининг ўсиши ва мураккаблашуви, бирламчи ишлаб чиқариш ресурслари кўлами ва миқёсининг чекланганлиги, ташқи иқтисодий фаолият каби омиллар таъсирида ўзгариб бормоқда.
Юртимизда иқтисодиётни тузулмавий ислоҳ этиш ва модернизациялаш туфайли нафақат экспорт ҳажмининг юқори суръатларда барқарор ўсишига, балки унинг таркибини сифат жиҳатдан яхшиланишига эришилмоқда. Чунончи:
— 2015–2019 йилларда ЯИМ таркибида нодавлат секторнинг улуши 82,9 фоиз бўлиб, улгуржи ва чакана савдо ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг эса қарийб 100 фоизи нодавлат сектори томонидан ишлаб чиқарилмоқда;
— кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМдаги улуши 1991 йилда 1,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 бу кўрсаткич 57,9 фоиздан ошди. Ҳатто, 2000 йилга нисбатан унинг улуши 1,8 баробар кўпайди;
— охирги йилларда ЯИМ ўсишининг ярмидан кўпи хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келмоқда. ЯИМдаги унинг улуши 1991 йилда 16,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2010 йилда 46,9 фоиз ва 2017 йилда 46,2 фоизга етди. 2019 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг умумий ўсишида 1,7 фоиз банди хизматлар, 1,6 фоиз банди саноат, 0,7 фоиз банди қишлоқ хўжалиги, 1,0 фоиз банди қурилиш ва 0,6 фоиз банди маҳсулотга соф солиқлар ҳиссасига тўғри келади;
— 1991–2017 йиллар мобайнида ЯИМда саноат улуши 3 баробар, яъни 11 фоиздан 34,1 фоизга ўсди. Ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, технологик янгилаш натижасида саноат ишлаб чиқариш 2019 йилда 6,4 фоизга ўсди. 2020 йилда пандемия таъсири сабабли ЯИМда саноатнинг улуши камайиб, 28, 5 фоизни ташкил этди ва саноатдаги ишлаб чиқариш ҳажми 2,7 фоизга пасайди. [6, стр.3]
Мустақиллик йилларида хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли товарлар улушининг ортишига қаратилган таркибий сиёсатни амалга ошириш натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулот таркибида қишлоқ хўжалиги улушининг пасайиши ва саноат, хизмат кўрсатиш соҳалари улушининг ортиши кузатилмоқда. Бу йўлда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳисобидан саноатни жадал ривожлантириш ва ялпи ички маҳсулотда унинг улушини 2019 йилдаги 34,4 фоиздан 2030 йилда 40 фоизга етказиш, қишлоқ хўжалиги улушини эса 16,6 фоиздан 8–10 фоизга камайтириш, энергияни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш эвазига ялпи ички маҳсулот учун сарфланадиган энергия ҳажмини тахминан 2 баробар қисқартиришга эришиш керак (расм. 1).
Расм. 1. Узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг прогноз кўрсаткичлари
Мамлакатдаги иқтисодий ўсиш омиллари ва манбалари таҳлили кўрсатишича, инқирозга қадар бўлган даврда иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари, асосан, экспорт салоҳиятини ривожлантиришни жадаллаштириш, иқтисодиётга йўналтирилган инвестицияларнинг миқёси, иқтисодиёт таркибини тизимли ва босқичма-босқич янгиланиши ҳисобига эришилган. Иқтисодий ўсишни иқтисодиётни эркинлашувининг чуқурлашуви ва миқёси кенгайиши, валюта бозорининг барқарорлашуви, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик секторининг жадал суръатларда ривожланиши таъминлади.
Жаҳон амалиёти ва мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг натижаларига кўра, макроиқтисодий барқарорлик даражаси билан барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ўртасида бевосита боғлиқлик мавжуд. Масалан, инфляциянинг юқори даражаси иқтисодиётни инвестициялашнинг мавжуд манбаларини сўндиради, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш суръатларига салбий таъсир кўрсатади. “Макроиқтисодий барқарорлик — иқтисодий ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шунинг учун келгуси йилда инфляциявий таргетлаш доирасида нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва Ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади. Бу борада глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу боисдан ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади”. [1, с. 43]. Кейинги йилларда инфляцияни жиловлаш, самарали бюджет-солиқ сиёсатини олиб бориш, солиқ юкини камайтириш, давлат бюджети харажатларини янада оптималлаштириш, банк тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш, банкларнинг кредитлаш салоҳиятини ошириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгаришларни амалга оширишга жалб қилинаётган инвестициялар (жумладан, хорижий инвестициялар) ҳажмини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва уни диверсификациялаш борасидаги чора-тадбирлар макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш учун хизмат қилади.
“Шу билан бирга, инвестиция сиёсатини юритишда давлат иштирокини пасайтириб, хусусий ва тўғридан-тўғри инвестициялар улушини ошириш керак. Геология соҳасида жорий йилда 21 та кон ва истиқболли майдонлар очиқ аукцион орқали инвесторларга сотилди. 2021 йилда яна 50 та кон ва истиқболли майдонлар маҳаллий ва чет эллик инвесторларга очиқ механизмлар асосида сотилади. Умуман олганда, келгуси йилда 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш зарур. Натижада 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектлари ишга туширилади” [1, с. 207].
Мамлакатдаги макроиқтисодий кўрсаткичларнинг таҳлили унинг барқарорлиги ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Макроиқтисодий сиёсатни олиб бориш дастакларидан бири бўлган солиқ сиёсати иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлатнинг бош ислоҳотчи сифатидаги ролини мустаҳкамлайди. Ўзбекистонда солиқ сиёсати ва солиққа тортиш орқали иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бозор иқтисодиётини шакллантириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш ва айниқса, кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган солиқ тизимини яратиш иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш борасида қабул қилинган стратегиянинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
2021–2025 йилларда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш вазифаларидан, шунингдек, 2021–2022 йиллар учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, солиқ юкини янада пасайтиришга, солиқ тизимини соддалаштиришга ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. “Тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, Ҳукумат томонидан Жаҳон банки билан биргаликда бошланган қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенгайтириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади” [1, с. 102]
Мамлакатимизда 2020 йил якунлари бўйича кичик бизнеснинг саноатдаги улуши — 28 фоизни, қурилишда — 72 %, аҳоли бандлигида — 74 % ва маҳсулот (хизмат)лар экспортида эса 21 фоизни ташкил этган. 2020 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари сони 475 мингта бўлиб, шундан 95 минг нафари 2020 йилда ташкил этилган янги корхоналардир. Бинобарин, 2016 йилда 33 мингта, 2017 йилда — 41 мингта, 2019 йилда эса 97 мингта янги корхоналар ташкил этилган. Иқтисодий фаолият турлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини таҳлил қилар эканмиз, жами корхоналарнинг 132 мингтаси — савдода, 83 мингтаси — саноат тармоғида, 41 минг нафари — қишлоқ хўжалигида, 41 минг — қурилиш соҳасида, 17 мингтаси — юк ташиш ва уни сақлаш соҳасида, 9,5 мингтаси — ахборот ва алоқада, 9,1 мингтаси — соғлиқни сақлаш тизимида ва 111 минг нафари эса бошқа соҳаларда фаолият юритган.
Ўзбекистон “Doing business” рейтингида 2015 йилда 141 ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йилга келиб эса 69 ўринни эгалламоқда [7, стр.11].
Осиё Тараққиёт Банки прогнозига кўра, электр энергияси ва табиий газ тарифлари барқарор бўлишини инобатга олган ҳолда инфляция 2021 йилда 10 % гача, 2022 йилда 9 % гача пасайиши прогноз қилинмоқда, шунингдек, Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2021 йилда 4 % ва 2022 йилда 5 % ни ташкил этади. ОТБнинг йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2021 йилда 4 % ва 2022 йилда 5 % ни ташкил этади. [8, стр.12]. Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) янги ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш жорий йилда ва 2022 йилда коронавирус (COVID-19) пандемиясидан кейин саноат, хизматлар ва инвестициялар қайта тиклангани боис жонланиши кутилмоқда, бироқ айни пайтда узоқ муддатли пандемия ва ноаниқлик хавфи сақланиб қолмоқда. ОТБ ўзининг етакчи йиллик иқтисодий нашри “Осиё ривожланиш истиқболлари 2021” (Asian Development Outlook 2021)да Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсишини 2021 йилда 4 фоизни ва 2022 йилда 5 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда. «Пандемия ва унга боғлиқ чекловлар 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсишини (2020 йилда 1,5 фоиз) қисқартиришга олиб келган бўлса-да, бу ва келгуси йилда ўсиш давом этиши кутилмоқда, бироқ ўз вақтида эмлаш ва қатъий чоралари мамлакат иқтисодиётини тикланиши учун муҳим бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон, шунингдек, молиявий хавф-хатарларни баҳолашни, айниқса, давлат ташкилотлари томонидан яхшиланиши ва тикланишни кучайтириш ва барқарор ва узоқ муддатли ўсишни таъминлаш учун хусусий сектор капиталини давлат ва хусусий шериклик учун сафарбар этиши керак» [8, с. 14]. Ҳукуматнинг саноат объектларини модернизация қилиш ва ижтимоий ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилаган саъй-ҳаракатлари туфайли инвестициялар ўсишининг асосий ҳаракатлантирувчиси бўлиб қолиши кутилмоқда, 2021 ва 2022 йилларда ҳам ўртача 9 фоизни ташкил этади. Хусусий истеъмол юқори иш ҳақи ва инфляциянинг секинлашиши натижасида 7 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Электр энергияси ва табиий газ тарифлари барқарор бўлиши кутилаётганлигини нобатга олган ҳолда инфляция 2021 йилда 10 % гача, 2022 йилда 9 % гача пасайиши кутилмоқда. Инфляциянинг пасайиши фонида Марказий банк қайта молиялаш ставкасини 14 фоиз даражасида ушлаб турибди. Пул-кредит органлари имтиёзли ставкалар бўйича кредитларни камайтириши кутилмоқда, бу эса бозор муносабатларига барча кредит ставкаларини белгилашга имкон беради. Ҳисобот, шунингдек, Ўзбекистонни ташқи қарз олишнинг шаффофлигини оширишни давом эттиришга чақиради. Давлат қарзлари даражаси ва уларнинг муддатлари ҳақида эълон қилиш ҳукумат қарзларни бошқаришда эҳтиёткорлик билан ёндашаётгани тўғрисида аҳолининг хабардорлигини оширишга ёрдам беради. Шунингдек, Жаҳон Банки Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги 23 мамлакат бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди. Унда мамлакатларнинг 2021 ва 2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича прогнозлар берилган. Хусусан, унда Ўзбекистондаги вазиятга доир таҳлиллар ҳам мавжуд. Жумладан;
Қўллаб-қувватлашларни давом эттириш зарур: қайд этилишича, 2020 йилда ўсиш суръатларининг кескин секинлашувидан сўнг, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти Covid-19 инқирози таъсиридан қисман тикланиши прогноз қилинмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг дастлабки олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,2 фоизга ўсди. Таққослаш учун шуни таъкидлаш лозимки, ўтган йилнинг шу даврида пандемия ва локдаун туфайли миллий иқтисодиётимиз атиги 1,1 % га, 2021 йилнинг дастлабки уч ойида эса 3 %га ўсди [7, с. 96].
Иқтисодиёт тўлиқ тиклангунга қадар эса, пандемиянинг даромади паст оилалар ва қаттиқ зарар кўрган корхоналарга салбий таъсирини юмшатиш учун уларни қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш керак. Мамлакатнинг ўрта муддатли иқтисодий истиқболлари ҳам ижобий бўлиши айтилмоқда. Ўзбекистон савдо ҳамкорларининг иқтисодиёти ва жаҳон иқтисодиётининг яхшиланиб бориши, шунингдек, ҳукумат давлат корхоналарининг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш бўйича ислоҳотларни ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш чораларини кўриш керак. Бу хусусий секторда ўсишни қўллаб-қувватлайди. Камбағалликни қисқартириш жараёнини жадаллаштириш учун аҳолининг расмий бандлиги, фуқароларнинг даромадлари ва иқтисодий имкониятларнинг ошишига олиб келадиган ислоҳотларга эътибор қаратиш лозим.
Ислоҳотларнинг мураккаб босқичи бошланмоқда — асосий масала шаффофликни таъминлаш: Бозорни либераллаштириш жараёнининг бошланғич босқичи тугаганидан сўнг, Ўзбекистон ердан фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқи, меҳнат бозори ва капитал бозорини ислоҳ қилиш, шунингдек давлат корхоналарини трансформация қилиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг навбатдаги, мураккаброқ босқичига ўтмоқда. Ўрта муддатли энг муҳим вазифа бу ислоҳотларнинг инклюзивлиги ва шаффофлигини таъминлашдир. Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда хусусий сектор келтириб чиқарадиган рақобатбардош ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини яратиш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги роли камаяди. Натижада, бу давлат томонидан бошқариладиган модел меросига барҳам беришга ёрдам беради. Гарчи олдинги иқтисодий ўсиш модели ЯИМ ўсишининг юқори суръатларини таъминлаган бўлса-да (2000 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда йилига ўртача 6 %), тез ўсиб бораётган аҳоли учун иш ўринлари ва фуқаролар учун иқтисодий имкониятлар ярата олмади.
Аҳолининг 9 фоизи камбағаллик чегарасидан пастда: Covid-19 пандемияси оқибатида юзага келган инқироз бозор иқтисодиётига ўтишнинг янада муҳимлигини намойиш этди. Мамлакат аҳолисининг қарийб 9 фоизи ҳали ҳам камбағаллик чегарасидан (Жаҳон банки томонидан ўртача паст даромадли мамлакатлар учун ҳисоблаб чиқилган — сотиб олиш қобилияти паритети бўйича ҳар бир кишига кунига 3,2 доллар) пастда яшамоқда. Бунданда кўпроқ фуқаролар ушбу чегарага яқин яшайдилар. Карантин чекловлари ўрнатилган вақтда бу муаммо янада кескинлашди — яна бир миллионга яқин фуқаро камбағаллик чегарасидан пастга тушиб қолган. Ушбу хатарларни камайтириш учун ҳукумат иқтисодиётнинг динамик ўсишини таъминлаш билан бир қаторда, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларини такомиллаштириши талаб этилади. Шу орқали ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, меҳнат бозоридаги шароитларни яхшилаш ва инсон капиталини ривожлантиришдаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича ислоҳотларга эътибор қаратиш керак. Хусусий секторнинг иқтисодиётда кенгроқ иштироки ва улуши ҳамда яратилган иш ўринларининг юқорироқ сифати ислоҳотлар муваффақиятининг муҳим белгиси бўлади. Пандемия таъсирининг давом этаётганлиги туфайли чекланган маъмурий имкониятлар билан ушбу муаммоларни ҳал қилиш қийинроқ бўлади.
Сўнгги тенденциялар: Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2019 йилдаги 5,8 фоиздан 2020 йилда 1,6 фоизга кескин пасайди. Бунга карантин чекловларининг жорий этилиши ва пандемия сабабли савдо операцияларининг узилиши сабаб бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида ўтган йилда иқтисодий ўсишни намойиш этган кам сонли давлатлардан бири бўлди. Бунга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарор ўсиши ва соғлиқни сақлаш ҳамда уй хўжаликлари ва корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлашга харажатларни кўпайтиришга имкон берган ҳукуматнинг инқирозга қарши чоралари ёрдам берди.
Пандемия сабабли солиқ-бюджет рағбатлантириши ва инвестициялар, экспорт ва импорт ҳажмининг қисқариши 2020 йилда ЯИМнинг таркибий қисмларида истеъмол (давлат ва хусусий) ўсишига олиб келадиган вазиятни яратди. Бу ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида биринчи марта талаб томонидан иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланди. Ишсизлик даражаси 2019 йилги 9 фоиздан 2020 йил сентабрда 11,1 фоизгача кўтарилди. Камбағаллик даражаси 9 фоизгача кўтарилиб, 2020 йилда инқирозгача 7,4 фоиз бўлган кўрсаткичдан ошиб кетди. Бу пандемия сабабли иш жойларининг йўқотилиши, аҳоли даромадлари ва меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ. Ижтимоий ёрдам дастурларининг сезиларли даражада кенгайтирилиши мамлакатдаги зарар кўрган уй хўжаликларига маълум даражада ёрдам берди.
Олтин экспорти тўлов балансидаги ҳисоб камомадини камайтирди: тўлов балансининг жорий ҳисоб дефицити 2019 йилда ЯИМнинг 5,7 фоизидан 2020 йилда ЯИМнинг 5,2 фоизигача камайди. Бу олтин экспортининг 18 фоизга ўсиши натижасида келиб чиқди. Натижада экспорт умумий ҳажмининг қисқариши 15 фоизгача чекланди. Импорт машиналар, ускуналар ва саноат моллари улушининг кескин пасайиши ҳисобига 17 фоизга камайди. Ташқи қарзларнинг кўпайиши тўлов балансининг жорий ҳисоб дефицитини қоплашга ёрдам берди.
Давлат бюджетига тушадиган тушумларнинг пасайиши ва бюджет харажатларининг ошиши оқибатида бюджет дефицити 2019 йилдаги ЯИМнинг 3,9 фоизидан 2020 йилда ЯИМнинг 4,4 фоизигача ўсди. Ялпи ички маҳсулот ўсишининг секинлашиши ҳамда ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар тўпламидаги солиқларни кечиктириш ва имтиёзлар (ЯИМнинг 2,5 фоизи атрофида) давлат бюджети даромадларининг қисқаришига олиб келди, шу билан бирга ушбу тўплам бўйича бошқа чоралар бюджетнинг харажатлар қисмини оширди. Олтинни сотишдан тушган юқори даромадлар, баъзи устуворлиги юқори бўлмаган давлат харажатларининг қисқартирилиши ва мақсадли кредитлаш дастурлари солиқ-бюджет рағбатлантиришининг давлат бюджетига таъсирини сезиларли даражада қоплаб, унинг дефицити кескин ўсишининг олдини олди.
Давлат қарзи 37,9 фоизгача ошди: давлат бюджети дефицитини қоплаш учун ташқи қарзларнинг кўпайтирилиши давлат ва ҳукумат томонидан кафолатланган ташқи қарз миқдори 2020 йилда ЯИМнинг 37,9 фоизигача оширди. ЯИМнинг 60 фоизига тенг олтин-валюта захиралари ташқи таъсирларга қарши хавфсизлик ёстиғи бўлиб хизмат қилади.Пандемия даврида ҳукумат томонидан тартибга солинадиган нархларнинг секинроқ ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг бир оз кўтарилиши билан қопланди, бу эса 2020 йил декабрида йиллик истеъмол нархлари инфляциясининг 11 фоизгача пасайишига олиб келди (2019 йилда инфляция 15,2 фоиз эди). Натижада Ўзбекистон Марказий банки асосийставкани 16 фоиздан 14 фоизгача пасайтира олди. Иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг ўсиши реал фоиз ставкаларининг юқорилиги, давлат томонидан бериладиган субсидияланган кредит дастурларининг қисқариши ва пандемия таъсири натижасида 2019 йилдаги 52 фоиздан 2020 йилда 34 фоизгача пасайган.
Муаммоли кредитлар 3 мартага кўпайган: корхоналар ва уй хўжаликлари учун ҳам йил давомида кредит тўловларини тўлаш бўйича муддатлар кечиктирилди. Банк сектори капиталининг етарлилик коэффициенти 2019 йилохиридаги 23,5 фоиздан 2020 йилноябрида 18,4 фоизгача пасайди. Пандемия натижасида муаммоли кредитлар уч баравар кўпайиб, 2020 йилноябрда умумий кредитларнинг 4,5 фоизига етди. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон молия тизими эҳтимолий кредит шокларини енгиш учун етарли капитал ҳажмига эга.
Иқтисодий ўсиш омиллари: ялпи ички маҳсулот ўсиши 2021 йилда 4,8 фоизгача тикланиши кутилмоқда. Бироқ ўсиш суръатига жаҳон иқтисодиёти тикланиши тезлиги ва аҳолини Covid-19га қарши эмлаш миллий кампанияси билан боғлиқ бўлган ноаниқлик таъсир қилиши мумкин. Савдо ва инвестиция оқими, меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми, қишлоқ хўжалигида мўл ҳосилнинг босқичма-босқич тикланиб бориши ва аҳолини эмлаш иқтисодиётнинг тикланишига кўмаклашади ҳамда ишсизлик ва қашшоқликни янада камайтиришга ёрдам беради. Аҳолини эмлашнинг тезлашиши ва жаҳон иқтисодиётидаги узилишларнинг сусайиши билан 2022 йилда ЯИМ ўсиши юқорироқ (5,5 фоизгача) бўлиши прогноз қилинмоқда.
Бюджет тақчиллиги яна ортади: йирик инвестиция лойиҳалари доирасида машиналар, ускуналар ва бошқа саноат маҳсулотлари импорти ҳажмининг тикланиб бориши билан 2021 йилда тўлов балансининг жорий ҳисоби дефицити ЯИМнинг 5,5 фоизигача ўсиши прогноз қилинмоқда. Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг 2020 йилги пасайишдан сўнг қисман тикланиши прогноз қилинганига қарамай, давлат ва хусусий қарзлар тўлов баланси жорий ҳисоб дефицитининг катта қисмини молиялаштиришда давом этиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, давлат бюджети даромадларининг қисқариши, вакциналар сотиб олиниши, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кенгайтирилиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини молиялаштириш ва корхоналарни давлат томонидан кредитлаш ҳажмининг ортиши бюджет тақчиллигини 2021 йилда ЯИМнинг 5,4 фоизигача оширади. У асосан давлат қарзларини кўпайтириш ҳисобига молиялаштирилади.
Ўзбекистон давлат қарзи 42 фоизгача етиши мумкин: 2021 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМнинг 42 фоизини ташкил этиши ва ўрта муддатли истиқболда ЯИМнинг 45 фоизи даражасида барқарорлашиши кутилмоқда. Шу билан бирга, уй хўжаликлари ва корхоналар учун шароитлар яхшиланиши билан инқирозга қарши чораларни босқичма-босқич бекор қилиш ўрта муддатли истиқболда бюджет тақчиллигини камайтиришга олиб келади.
Юқоридаги натижаларга иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартиришлар жараёнини жадаллаштирмасдан, унинг муҳим тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан янгиламасдан эришиб бўлмайди.
Мўлжалланган стратегик вазифаларни амалга ошириш ўрта муддатда қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:
— макроиқтисодий ривожланишнинг бошқариладиган модели асосида барқарор, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш;
— иқтисодиётни тўхтовсиз модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилашни амалга ошириш;
— ишлаб чиқариш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини барқарор иқтисодий ўсиш ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш талабларига мувофиқ ривожлантириш;
— банк-молия тизими барқарорлигини ошириш ва инвестиция миқёсини кенгайтиришдаги ролини кучайтириш;
— нодавлат секторининг, биринчи навбатда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва улушини янада ошириш;
— юқори агротехнология асосида замонавий самарали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни яратиш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш;
— аҳолининг, шу жумладан, ёш авлоднинг баркамол ривожланишини таъминлайдиган замонавий ижтимоий секторни шакллантириш.
Албатта, коронавирус пандемияси кейинги йиллардаги Ўзбекистон Республикасининг мақсадли кўрсаткичларига ҳам салбий таъсир кўрсатади ва шу муносабат билан унинг таъсирини камайтириш мақсадида қандай чора-тадбирларни амалга оширишни ўз вақтида аниқлаш учун иқтисодиётдаги ўзгаришларни ҳамда мақсадли прогнозни қайта кўриб чиқиш лозим. Хусусан, 2020 йилда ЯИМ хажми 580924,6 млрд.сўмни, яъни пандемиядан олдинги даврдаги 2020 йилги ЯИМ прогноз хажмидан (653546 млрд.сўм) 72621,4 млрд.сўмга кам ишлаб чиқарилиши прогноз қилинмоқда. Бунга асосий сабаб деярли 4 ой давом этган қатъий карантин чоралари ҳамда дунёдаги иқтисодий ўсиш суръатларининг салбий натижаси, халқаро товар ва хизмат айланмасининг пасайиши, солиқ тушумларининг қисқариши ва бошқалар ҳисобланади. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2030 йилгача иқтисодий ўсиш суръатларининг ўртача қиймати 4,3 фоиз прогноз қилиниши коронавирус пандемиясининг кейинги 10 йилликдаги салбий таъсирини кўрсатиб бера олади (2030 йилгача олдинги иқтисодий ўсишнинг ўртача прогноз кўрсаткичлари 6,4 %ни ташкил этган). Бундан ташқари, 2030 йилгача бўлган даврдаги ўртача иқтисодий ўсиш суръатини деярли 2,1 %гача камайиб кетиши 2020 йилдаги 1 %лик иқтисодий ўсиш суръати ва 2022 йилдан иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиш тенденцияси билан боғлиқдир. Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, 2020–2030 йилларни 2 қисмга ажратиб олиш муҳим ҳисобланади. Яъни бу даврлар қисқа муддатли давр ва узоқ муддатли даврлар (охирги 10 йилликни “2+8”) ҳисобланади. Биринчи даврда, яъни 2020–2021 йилларда Ҳукуматимиз томонидан инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қарор ва фармонларини амалга оширилиши натижасида мамлакат ЯИМ ўсиш суръати ўсиш тенденциясига эга бўлиб, 2020 йилда 101 %ни ташкил этиши кутилаётган бўлса, 2021 йилда 105,8 %ни ташкил этади.
1-жадвал маълумотларидан кўринадики, иқтисодий ўсиш суръатлари коронавирус пандемиясининг салбий таъсири натижасида 2020 йилда ЯИМ ўсиш суръати 101 %ни ташкил этса, 2021 йилда 105,8 %ни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, охирги 4 йил ичида ЯИМ суръати ўртача 5 %дан пасайиши кузатилмаслиги прогноз қилинмоқда. 2022 йилда ЯИМ суръатлари 105,4 %ни, 2025 йилда 104,6 %ни, яъни ЯИМ ўсиш суръати пасайиб бориш тенденциясига эга бўлиб, 2020 йилдан 2030 йилгача 1,6 баробарга ортиши назарда тутилган (олдинги мақсадли кўрсаткич 2030 йилгача 2 баробар эди). Дастлабки прогноз параметрларига кўра, “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминланиши шарт деб белгиланган эди. Лекин, жаҳон иқтисодий инқирози натижасида валюта курсининг ортиши, ялпи таклифни рағбатлантириш натижасида ялпи талабнинг ошиши инфляцион кутилмаларнинг ортишига сабаб бўлиб, 2026 йилга келиб инфляция суръатини таргетлаш даражасига (9,6 %) тушиши, 2030 йилда эса 8 %лик даражада бўлиши прогноз қилинмоқда [9, с. 55].
Жадвал 1
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг Коронавирус пандемиясидан кейинги прогнози
Кўрсаткичлар |
2020й. |
2022й. |
2024й. |
2026й. |
2028й. |
2030й. |
ЯИМ, млрд,сўм |
580924,6 |
807673,9 |
1090249,8 |
1434968,4 |
1848146,1 |
2336099,3 |
Ўсиш суръати, фоизда |
101,0 |
105,4 |
104,8 |
104,4 |
104,1 |
103,9 |
Реал ЯИМ, млрд.сўм |
516721,4 |
725063,8 |
987116,3 |
1309573,9 |
1699212,4 |
2162883,0 |
Ахоли жон бошига ЯИМ, минг.сўм |
17133.8 |
23031.8 |
30059.1 |
38251.6 |
47632.3 |
58212.3 |
Дефлятор |
12,4 |
11,4 |
10,4 |
9,6 |
8,8 |
8,0 |
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф ишланмаси
Бундай иқтисодий ўсиш суръатининг кескин ошишига сабаб, коронавирус пандемияси даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар бўлиб, уларасосан ахоли, солиқ тўловчилар ҳамда иқтисодиётнинг барча соҳаларини, шу жумладан, тадбиркорликни қўллаб- қувватлаш мақсадида амалга оширилди.
Хулоса ва таклифлар
Хулоса қилиб айтганда, 2030 йилга қадар юқори даражали инсон капитали, иннновацияларга асосланган реал секторнинг ривожланиши ва натижага қаратилган инвестиция сиёсатининг юритилиши орқали ижтимоий сиёсатга йўналтирилган бозор иқтисодиёти шакллантирилиши, республиканинг Жаҳон банки классификатори бўйича ўртадан юқори даромадли мамлакатлар гуруҳига киришини таъминлаш зарур. Шу билан бирга, қуйидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
Жумладан:
— макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бюджет харажатлари самарадорлигини фискал қоида ва мезонларини амалиётга тадбиқ этиш;
— мамлакат молиявий барқарорлик индикаторларига халқаро талабларни босқичма-босқич жорий этиш, капитал ва қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантиришни инобатга олиш;
— қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, фаол экспортга йўналтирилган сиёсатга ўтиш;
— ишлаб чиқаришда ноанъанавий ресурс ва энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш, илмга асосланган иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш.
Адабиёт:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси. 29.12.2020й.
- Шодмонов Ш., Ғофуров У. Иқтисодиёт назарияси. Дарслик. –Т.: ИҚТИСОД-МОЛИЯ, 2010. 426-б.
- Экономическая теория: Учебник/ Под ред. А. Г. Грязновой, Т. В. Чечелевой. — М.: Издательство «Экзамен», 2004, 415-бет.
- ЎлмасовА., Ваҳобов А. Иқтисодиёт назарияси: Дарслик. — Т.: «Шарқ» нашриёт, 2006. — Б.331–333.
- Ҳамроев О.Ҳ. Иқтисодий мувозанатликнинг назарий асослари ва уни таъминлаш механизмлари. — И.ф.д. илмий даражасини олиш учун ёзилган дисс. — Т., 2004. — Б.95.
- https://mineconomy.gov.uz/uz/node/1601
- review.uz/oz/ek2
- Asian Development Outlook 2021
- Байхонов Б. Т. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини пандемиядан кейинги ривожланиш тенденциялари//XII Халқаро иқтисодчилар форуми. Пандемия шароитида ижтимоий -иқтисодий оқибатлар ва Ўзбекистон аҳолисининг камбағаллик даражасини қисқартириш” мавзуидаги Халқаро илмий- амалий конференцияси материаллари тўплами. // Ш.Шукуровнинг умумий таҳрири остида. // Тошкент: IFMR, 2020.-383 бет.