Аждодлар меросининг илм-фан ривожидаги ўрни
Автор: Тохирова Г. С.
Рубрика: Спецвыпуск
Опубликовано в Образование и воспитание №3 (18) июнь 2018 г.
Дата публикации: 20.06.2018
Статья просмотрена: 47 раз
Библиографическое описание:
Тохирова, Г. С. Аждодлар меросининг илм-фан ривожидаги ўрни / Г. С. Тохирова. — Текст : непосредственный // Образование и воспитание. — 2018. — № 3.1 (18.1). — С. 28-29. — URL: https://moluch.ru/th/4/archive/94/3374/ (дата обращения: 18.12.2024).
Ўзбекистонда таълимни ривожлантиришдга янгича ёндашув шакллантирилгани боис бугунги кунда бу соҳада анча ўзгаришлар кузатилмоқда. Таълимни сифат жиҳатдан тараққий эттириш, жаҳон талабаларига жавоб бера оладиган ҳар томонлама етук мутахассисларни тайёрлашни даврнинг ўзи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тақозо этмоқда.
М. Очилдиев таъкидлаганидек: “Кенг кўламда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари таълимнинг илғор технологияларни ўрганиш ва ўқув тарбия жараёнига жорий этишни тақозо қилади. Бу ўз навбатида педагогик ходимлардан таълим соҳасига технологик ёндашувни, педагогик технология усулини эгаллашни ва Ўзбекистоннинг миллий, маънавий-маданий хусусиятлари, тарихий илғор анъаналарини ҳисобга олган ҳолда педагогик амалиётда қўллаш ва ривожлантиришни талаб қилади”[3].
Дарҳақиқат, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда таълим жараёнини замонга мос тарзда ўзгартириш бугуннинг ажралмас талабидир. Бинобарин, давлатимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашида таълимнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти таъбири билан айтганда: “Мамлакатимизнинг истиқболи ёш авлодимиз қандай тарбия топишига, қандай маънавий фазилатлар эгаси бўлиб вояга етишига, фарзандларимизнинг ҳаётга нечоғлик фаол муносабатда бўлишига, қандай олий мақсадларга хизмат қилишига боғлиқ”[2, 19].
Таъкидлаш жоизки, ҳар томонлама етук, баркамол авлодни тарбиялашда аждодларимиз томонидан яратилган миллий-маънавий мероснинг ўрни беқиёсдир. Айниқса, Хоразм фан оламига кўплаб алломалар етказиб берган диёр бўлиб, бу ҳақда С.П.Толстов шундай ёзади: “Қадимий Хоразм фанининг Шарқ фани тарихидаги ўрни жуда муҳим. Хоразмнинг исломгача бўлган антик ва африғий даврини озгина биламиз. Аммо маданий ва моддий ёдгорликларни астойдил таҳлил қилиб айта оламизки, Хоразмда аниқ фанлар – геометрия, тиригонометрия, астрономия, топография, химия, минерология ва табий фанлар ўша даврдаёқ юксак даражада тараққий этган... Хоразм кейинчалик араб халифалиги таркибига киритилгач, хоразмлик олимлар тез орада шуҳрат қозонганлар ва “араб фани” деб аталган фаннинг яратувчилари орасида энг илғор ўринни эгаллаганлар”[4].
Ўз-ўзидан маълумки, маънавий мероснинг анчагина қисми Хоразм ҳудудида яратилган бўлиб, бу меросда Муҳаммад ал-Хоразмийнинг ўрни алоҳидалик касб этади. Унинг илм-фаннинг математика, геометрия, астрономия, тарих, география каби соҳаларида яратган бебаҳо асарлари айни даврда баркамол авлодни тарбиялашда ўзига хос аҳамиятга эга. Жумладан, математика фани тараққиётида аллома томонидан яратилган «Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» асари дастурул-амал вазифасини ўтамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Хоразм диёридан етишиб чиққан улуғ олимлар ҳақида гапирганда, математика, тригонометрия ва география фанларининг шаклланишига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад Хоразмий номини биринчилар қаторида тилга оламиз. Ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координатларини айнан шу ватандошимиз илк бор асослаб берган ва амалиётга тадбиқ этган”[1, 242].
Шунингдек, олимнинг энг йирик астрономик «Зиж» асари эътиборга моликдир. Олим бу асарини 830 йил атрофида ёзган. Хоразмийнинг «Зиж»и 37 боб, 116 жадвалдан иборат. Асарнинг аввалги беш боби хронологияга бағишланган бўлиб, «тўфон», «искандар», «сафар» ва христиан эраларидаги саналарни ҳижрий эрага кўчириш қоидалари келтирилади. Хоразмий қадимги ва илк ўрта аср ҳинд астрономик маълумотларидан, Эрон ва Юнон маълумотларидан моҳирона фойдаланган ҳолда Птолемейнинг геомарказ системасига асосланиб, планеталар ҳаракатини баён этган. 23-боб тригонометрияга бағишланган, унда Хоразмий «текис» ва «аксланган синус» тушунчаларини киритади ва бу функциялар жадвалларини келтиради. 25-27- боблар математик географияга бағишланган. Бу ерда географик жойларнинг узунлик ва кенгликларини аниқлаш қоидалари келтирилади ва бу координатларнинг ўзгариши қуёшнинг йиллик, кеча-кундузлик ҳаракатида эклиптик, экваториал координатларнинг ўзгариши билан боғлиқлиги кўрсатилади. 28-бобда Хоразмий яна тригонометрик масалаларга мурожаат қилади ва тангенс, котангенс тушунчаларини киритади ҳамда уларга мое жадвалларни келтиради. 29-бобда планеталар ҳаракатининг тезлиги аниқланади. 30-бобда қуёш ва Ой кўринмас кучларининг ўлчами келтирилади. Кўринадики, асарнинг ҳар бир бобида алоҳида бир муаммо ўртага ташланиб, муҳокама қилинади ва ечилади. Шу боис Муҳаммад ал-Хоразмийнинг бу асарига ўз замонасидаёқ юқори баҳо берилган. Жумладан, Хоразмийнинг замондошларидан Фарғоний, Ал-Ҳошимий ва бошқалар юксак баҳо беришган. Абу Райҳон Беруний бу «Зиж»ни шарҳлашга учта асарини бағишлаган. Бу Муҳаммад ал-Хоразмийнинг асарларини ўқиш ва ўрганиш, улардан маънавий озуқа олиш биз – ёшларнинг аждодлар олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Адабиётлар:
- Мирзиёев Ш. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. Т. “Ўзбекистон”.2017. 242-б
- Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: “Маънавият”, 2008. Б.19
- Очилов М. Янги педагогик технологиялар. – Қарши, “Насаф”, 2000
- Бобожонов.Д, Абдурасулов М. Абадият фарзандлари. Хоразм Маъмун Академияси.2009.